Ўзбекистон | 10:02 / 16.11.2023
4957
4 дақиқада ўқилади

«Ўзбекистон учун қум ва чанг бўронлари муаммоси ҳар қачонгидан ҳам долзарб» - Экология вазирлиги раҳбари

Ўзбекистон учун кучайиб бораётган қум ва чанг бўронлари муаммоси ҳар қачонгидан ҳам долзарб, деди экология вазири Азиз Абдуҳакимов. Марказий Осиё ва Хитой атмосферага чанг чиқариш бўйича дунё миқёсида иккинчи ўринда турибди.

Фото: Экология вазирлиги

15 ноябрь куни Самарқандда БМТнинг Чўлланишга қарши кураш тўғрисидаги конвенцияси (CRIC-21 UNCCD) ижросини кўриб чиқиш қўмитаси 21-сессияси доирасида ялпи мажлис бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов, UNCCD ижрочи котиби Иброҳим Тиау, ИҲТ бош котиби ўринбосари Ҳусейн Авни Бижакли ва хорижий делегатлар вакиллари иштирок этди.

«Ўзбекистон учун кучайиб бораётган қум ва чанг бўронлари муаммоси ҳар қачонгидан ҳам долзарбдир. Чунки мамлакат ҳудудининг катта қисми дашт ва чўллардан иборат. Ушбу муаммоларни ҳал қилиш учун барча даражаларда комплекс чора-тадбирлар кўриш керак. Бу масалани Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев шахсан назорат қилиб бормоқда, — деди Азиз Абдуҳакимов. — Марказий Осиё мамлакатлари атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазирлари билан биз самарали платформа яратдик. Мессенжерда долзарб масалаларни муҳокама қиламиз, фикр алмашамиз. Бугун мен ушбу платформани кенгайтириш ва қўшни ҳудудлардаги сиёсатчиларнинг кенг доирасини бирлаштиришни таклиф қиламан».

Олий даражадаги тадбир доирасида турли мамлакатлар вазирлари ва атроф-муҳит соҳасидаги етакчиларнинг учрашуви ҳамда ҳукуматлар, БМТ агентликлари ва халқаро ташкилотлар вакиллари иштирокида интерактив мулоқот бўлиб ўтди. Иштирокчилар қисқа муҳокама ва маърузачиларга саволлар бериш имкониятига эга бўлдилар.

«Қум ва чангдан иборат қора булутларнинг ёпирилиб келиши, йўлидаги ҳамма нарсани ютиб юбораётгани ва куннинг тунга айланиши табиатдаги энг ҳайратланарли манзаралардан биридир. Бу Шимолий ва Марказий Осиёдан Африканинг жануби-ғарбий қисмигача бўлган ҳамма жойда тартибсизликни келтириб чиқараётган хавфли ҳодисадир, — деди БМТнинг чўлланишга қарши кураш бўйича конвенцияси ижрочи котиби Иброҳим Тиау. — Қум ва чанг бўронлари барқарор ривожланишга эришиш учун катта муаммо туғдирмоқда. Бироқ, бу хавфни янада оғирлаштириш ҳам, бартараф этиш ҳам инсонларнинг қўлида».

Ўз навбатида Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Гидрометеорология илмий-тадқиқот институти ходими Баҳриддин Нишонов ҳаво ифлосланишини мониторинг қилишнинг замонавий тизимлари муҳим эканини таъкидлади.

«Тадқиқотларга кўра, Марказий Осиё ва Хитой атмосферага чанг чиқариш бўйича дунё миқёсида (Саҳройи Кабир чўлидан кейин) иккинчи ўринда туради – бу умумий миқдорнинг тахминан 20 фоизига тенг. Ўзбекистонда шаҳар ва аҳоли пунктларининг атмосфера ҳавосидаги чанг ва майда дисперс заррачаларнинг (РМ1, РМ2,5, РМ10) кўриш диапазони ва концентрациясини реал вақт режимида кузатиш имконини берувчи автоматик метеорологик станциялар ва ҳавонинг ифлосланишини автоматик назорат қилувчи станциялар ўрнатилган. Чанг ва қум бўронларини кузатиш ва прогноз қилиш имкониятларини кучайтириш ушбу ҳодисаларнинг салбий оқибатларини камайтиришга ёрдам беради», — деди у.

UNCCD маълумотига кўра, ҳар йили атмосферага Гизадаги 350 та пирамида оғирлигига тенг бўлган икки миллиард тонна қум ва чанг тарқалади. UNCCD экспертлари фикрича, бу ҳодисанинг 25 фоиздан ортиғи инсон фаолияти билан боғлиқ. Зарар Шимолий ва Марказий Осиёдан Саҳрои Кабир, жанубий Африкагача бўлган мамлакатларда содир бўлади, уларнинг инсон саломатлигига таъсири ҳали ҳам етарлича баҳоланмаган.

Мавзуга оид