Жаҳон | 00:32 / 17.11.2023
10815
1 дақиқада ўқилади

Исроил Ғазода ҳарбий операциянинг янги босқичи бошланганини эълон қилди

Ғазо шаҳри ғарби ҲАМАС аъзоларидан тозалангани таъкидланмоқда.

Фото: Исроил мудофаа кучлари

Исроил мудофаа вазири Йоав Галлант 16 ноябр куни Исроил мудофаа кучлари (ЦАҲАЛ) бўлинмалари Ғазо шаҳрининг ғарбий кварталларини эгаллаб олганини маълум қилди.

«ЦАҲАЛ Ғазо шаҳри ғарбини эгаллади, ҳудудни ХАМАС аъзолари ва воситаларидан тозалади», деб унинг сўзларини келтирди The Times of Israel.

Вазирнинг таъкидлашича, ҳарбийлар ҳозир қуруқликдаги операциянинг янги босқичини бошламоқда.

Галлант, шунингдек, ҳарбийлар Ғазо секторидаги Аш-Шифо шифохонасини тинтув қилиш чоғида «муҳим нарсаларни» топганини айтди, бироқ уларнинг моҳияти нимадан иборатлигига аниқлик киритмади.

Исроилнинг шифохонадаги хатти-ҳаракатлари минтақа давлатлари томонидан танқид қилинди ва БМТ томонидан хавотир билдирилди. Бироқ, АҚШ Хавфсизлик кенгаши матбуот котиби Жон Кирбининг айтишича, ҲАМАС Аш-Шифо шифохонасидан оператив бошқарув маркази сифатида фойдаланган.

Мавзуга оид