Ўзбекистон | 18:24 / 18.11.2023
13965
6 дақиқада ўқилади

Интервю: Алишер Қодиров – “байроқ куни”, тил ҳақидаги қонун, ёзув ислоҳи ва рус депутатларининг чиқишлари ҳақида

18 ноябр – Ўзбекистон давлат байроғи қабул қилинган кун. Ўзбекистонликлар бу йил давлат байроғи қабул қилинганининг 32 йиллигини нишонлашмоқда.

Фото: Kun.uz

Kun.uz мухбири “Миллий тикланиш” партияси раиси Алишер Қодиров билан телефон орқали боғланди ва Ўзбекистонда давлат байроғидан фойдаланиш борасида киритилган ўзгаришлар, “Давлат тили ҳақида”ги қонун, ёзув ислоҳи ва бошқа бир қатор мавзуларда интервю ўтказди.

— Алишер ака, бугунги байрам муборак бўлсин. “Миллий тикланиш” партияси давлат байроғидан фойдаланишда қўйилган қатор чекловларни юмшатиш бўйича ташаббусларни илгари сурган партиялардан ҳисобланади. Бу ўзгаришлар кейинчалик “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонунда ҳам акс этди. Қонундаги асосий ўзгаришларни содда қилиб тушунтириб берсангиз.

— Ҳа, давлат байроғидан фойдаланишда белгиланган қатор чекловларни олиб ташлаш масаласини узоқ вақт кўтардик, муҳокамалар бўлди. ЎзЛиДеП партияси билан биргаликда ҳаракат қилиб, чекловлар олиб ташланишига эришдик. Фуқароларнинг байроқдан фойдаланишини чекловчи меъёрлар олиб ташланди. Янги қонун лойиҳаси ишлаб чиқишда халқаро ҳамжамиятдаги байроқ билан боғлиқ қонунчиликлар мисол келтирилди. Дейлик, Туркияда байроқ осилиб туриши шараф ҳисобланади, қонунчилиги шунга йўл беради. Байрамларда кўчалар қип-қизил (байроғи ранги) бўлиб кетади. Байроққа бўлган чекловлар, муносабат жамиятдаги камчилик эканини эътироф этиб, биринчи қадам сифатида қонунга ўзгартириш киритдик. Қонунга кўра, энди фуқаролар байроқ ва ҳурмат кўрсатган ҳолда бемалол фойдаланишлари мумкин. Давлат байроғи бўлиши керак бўлган ташкилот турлари аниқ белгилаб қўйилди. Ҳали бу борада яна ишлар давом этади. Масалан, рангларни қўллаш бўйича масалалар кўриб чиқилади, турли талқинлар юзага келиши олдини олиш керак. Бу нарса қонунда белгиланиши зарур, ҳар жойда ҳар хил бўлиб қолмаслиги керак байроқ.

Биздаги энг катта муаммолардан бири – жамиятда байроққа бўлган муносабат шаклланмагани. Партиямизнинг ҳар бир аъзосига байроқ бериб, ўзи яшаётган ҳудудга осиш масаласини кўряпмиз. Жамиятга шуни намуна қилиб борсак, қисқа даврда халқимизда байроққа муносабат шаклланади.

Байроқни хонадонларга, бошқа муассасаларга бемалол илиб қўйиш мумкин энди, байрам бўлиши шарт эмас бунинг учун. Ҳар бир хонадонда байроқ бўлиши, айрилмас қисми бўлиши керак. Бизда ҳам Туркиядаги каби муносабат шаклланишига кўп вақт кетмайди. Ўзим ҳам уйимга иккита байроқ илиб қўйдим деразадан. Тарғибот ишларини ҳам олиб боряпмиз.

Эшитишимизга қараганда, депутатлар охирги вақтларда давлат тили борасидаги қандайдир қонунчилик устида ишламоқда. Бу қандай ҳаракатлар, айта оласизми?

— Давлат раҳбари томонидан “Давлат тили ҳақида”ги қонунга қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш таклифи бўлди. Энди қонунни янада такомиллаштирган ҳолда муҳокамага киритамиз. Олдинги муҳокамаларда кўп таклифларимиз ўтмай қолганди.

Ўзбек халқи бағрикенг халқ, шунинг учун бошқа тилларни камситиб қўймайлик, деган фикрлар билан эътирозлар бор эди. Лекин энди тил масаласи муҳимлиги, бошқа давлатларга юмшоқ куч сифатида таъсир ўтказиш воситаси эканини очиқ айтяпти кўпчилик. Биз катта тарихга эга, ўзига хос тил маданияти мавжуд бўлган халқмиз. Жамиятда тил масаласига сусткашлик бўлиши муаммоли масала. Лекин янги қонун орқали тилга бўлган муносабатни ўзгартиришга эришамиз деб ўйлайман.

Жараёнда жамоатчилик фаол бўлиши керак. Ҳар қанча қонун қабул қилган билан жамоатчилик фаол бўлмаса, натижа бермайди. Бизга жамият бирдамлиги, ҳамоҳанг ҳаракатлар керак.

Ёзув масаласи-чи, олимларимиз ёзувни ислоҳ қилиш бўйича таклифларини беришди. Хўш, таклиф парламентга кириб бордими, жараёнлар қайси босқичда бугун?

— Ҳанузгача бу масала бўйича бир тўхтамга келинмади. Ростдан ҳам биздаги каби иш юритиш ва таълимдаги ёзуви ҳар хил бўлган давлат йўқ, менимча. Ҳатто кирилл ёзувида қолайлик, деган таклифлар бор. Болаларимизни шунча лотин ёзувида ўқитиб, кириллда қолиш — келажакка хиёнат, буни тушуниш керак.

Ёзув масаласида жараён босқичларда кетяпти. Таклиф қилинаётган ҳарфлар ҳам бизга бегона эмас, жадидларимиз таклиф этган алифбо шундай бўлган. Тарихан мустаҳкамланиб бораётган лотин ёзувига ўтишни тўғри қабул қилишимиз керак. Бу алифбодан ўзимизнинг туркий дунё фойдаланяпти. 10 йилдан кейин дунё қандай бўлади, билмаймиз. Туркийлар бир-бирига яқинлашаверса, бизга жуда катта фойда бўлади. Давлатлар ўртасидаги интеграция замонавий дунёда жуда муҳим, бу нарсани ЕИ кўрсатиб берди. Алифбо ўзгариши келажакка хизмат қилади, деб ўйлайман.

Сўнгги вақтларда россиялик депутатларнинг Ўзбекистонда тил ва мигрантлар билан боғлиқ қўпол ва ҳурматсизликка асосланган чиқишлари кўп кузатилмоқда. Сизнингча, бунинг қандай сабаблари бор?

— Бу бор гап, шундай тенденция кучайиб боряпти. Ўйлашимча, бу тенденция Марказий Осиё минтақасининг турли соҳаларида кучайиб бораётгани билан боғлиқ. Минтақамизнинг глобал дунёда ўрни ортиб боряпти. Бир томондан Россиянинг ўзидаги муаммолар ортиши мана шундай популистик мавзуларни кўтаришларига сабаб бўляпти.

Собиқ иттифоқ тарқагач, Россия постсовет ҳудудидаги етакчи давлатлардан бири бўлиб қолди. Марказий Осиёдан борадиган ишчи кучига нисбатан муносабатни тўғри шакллантирганда, уларнинг ўзи учун яхши бўларди. Лекин улар сиёсий тус бериб, ўзидан итаришга ҳарака қиляпти. Айрим сиёсатчилар бугунги стратегик ҳолатда Россия манфаатларини тўғри баҳолай олмаяпти. Ўзбекистоннинг ҳозирги сиёсати эса ўзини оқлаб, жаҳон ҳамжамиятига ижобий кириб боряпти.

Илёс Сафаров суҳбатлашди.

Мавзуга оид