Ўзбекистон | 11:26 / 19.11.2023
8269
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда бодринг ва узум нархи ошганига изоҳ берилди

Фото: Kun.uz

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ноябр ойида бодринг ва узум нархи кўтарилиши бўйича маълумот берди.

Хабарга кўра, бугунги кунда очиқ далаларда етиштирилган бодринг ҳосили йиғиштириб олиниб, истеъмолчиларга етказиб берилди. Очиқ далаларда етиштирган маҳсулотларнинг нархи мавсумда 1 кг учун ўртача 1,5–2 минг сўмни ташкил қилди. Олдинги йилларда ҳам ноябр ойи ўрталарига келиб бодринг нархи ўсиши кузатилган. Жумладан, 2021 йилда олдинги ойларга нисбатан ноябрда 1,3 баробарга, 2022 йилда 1,9 баробарга ошган. 

Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 27 октябрдаги 567-сонли қарори қабул қилиниб, иссиқхоналарга кафолатланган табиий газ етказиб бериш белгилангандан сўнг иссиқхоналарда экин экиш ишлари бошланди. Иссиқхонада етиштирилаётган маҳсулотлар ноябр ойи 3-декадаси ва декабр ойи бошидан терими бошланиши билан ички бозорда нархлар барқарорлашиши прогноз қилинмоқда. 

Кўп йиллик мониторинг кузатишларга кўра, ноябр–декабр ойларида узум маҳсулотлари сақлаш учун жойлаштирилиши унга бўлган нархлар ошишига олиб келди. Хусусан, 2022 йил ноябр ойи нархи октябрга нисбатан 111,5 фоизга ошган бўлса, жорий йилда мос равишда бу кўрсаткич 119 фоизга ўсган.

Жумладан, маҳсулот нави бўйича ҳусайни 15–25 минг сўм, тойфи 15–20 минг сўмни ташкил этган бўлса, ички ва ташқи бозорда харидоргир бўлган ризамат ота, мерседес каби навларига талаб ошган (1 кг 90 минг сўм атрофида).

«Шу ўринда ижтимоий тармоқларда тарқалаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг нархлари ошиши билан боғлиқ вазият табиий ҳолат бўлиб, бу қиш мавсуми учун иссиқхоналарда бир муддат тайёргарлик ишлари натижасида юзага келган», дейилади хабарда.

Мавзуга оид