Жаҳон | 15:16 / 20.11.2023
6004
3 дақиқада ўқилади

CPJ: Ғазо секторидаги урушда 48 журналист ҳалок бўлди

Исроил ва ҲАМАС жангчилари ўртасидаги урушни ёритишда ўнлаб оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳалок бўлди, уч нафари бедарак йўқолган, дея хабар беради Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси. 

Фото: REUTERS

ҲАМАС гуруҳининг Исроилга ҳужуми ва Исроил армиясининг жавоб ҳаракатлари натижасида камида 48 журналист ҳалок бўлди. Бу ҳақда 19 ноябр, якшанба куни чоп этилган Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси (CPJ) ҳисоботида айтилади

CPJ маълумотларига кўра, ҳалок бўлганлар орасида 43 фаластинлик, тўрт исроиллик ва бир ливанлик бор. Яна тўққиз нафар ОАВ ходими жароҳатланган, 13 нафари ҳибсга олинган, уч нафари бедарак йўқолган. Бундан ташқари, қўмита «қотилликлар, ғойиб бўлишлар, ҳибсга олишлар, бошқа журналистларнинг жароҳатланиши ёки уларга нисбатан таҳдидлар ҳақидаги кўплаб тасдиқланмаган хабарларни текширмоқда», — дейилади ҳужжатда.

«Журналистлар инқироз даврида муҳим ишларни бажарадиган тинч аҳолидир ва уришаётган томонлар уларни нишонга олмаслиги керак» деди CPJ’нинг Яқин Шарқ ва Шимолий Африка бўйича дастурлари координатори Шариф Мансур.

Хабарларга кўра, энг кўп журналист 7 октябр куни ҳалок бўлган, ўшанда олти оммавий ахборот воситалари ходими вафот этган. Ғазо секторидаги журналистлар Исроилнинг қуруқликдаги амалиёти чоғида можарони ёритишга уринишда, жумладан, «Исроилнинг ҳалокатли ҳаво ҳужумлари, алоқа узилиши, таъминот тақчиллиги ва кенг тарқалган электр таъминотидаги узилишлар» каби хавфларга дуч келмоқда. 

Исроил-Фаластин можароси

7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.

ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган.

Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди. 

Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 13 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.

Мавзуга оид