Ўзбекистон | 19:58 / 20.11.2023
16690
2 дақиқада ўқилади

Президент банк соҳаси бўйича таклифлар билан танишди

Давлат улушига эга банкларни хусусийлаштиришга тайёрлаш, уларнинг қимматли қоғозларини “IPO”га чиқариш, соҳага тажрибали хорижий мутахассисларни жалб қилиш, ходимларни ўқитиш ва IT ютуқларини жорий қилиш бўйича таклифлар билдирилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев 20 ноябр куни банк тизимида трансформация ва хусусийлаштириш жараёнлари муҳокамаси бўйича йиғилиш ўтказди.

Расмий релизга кўра, сўнгги уч йилда банклар капитали 1,8 бараварга, йиллик кредит ажратиш ҳажми 2 бараварга кўпайган. 4 та банк илк бор “евробонд” чиқариб, халқаро капитал бозорларидан 1 миллиард доллар ресурс олиб келган.

Шунингдек, Ипотекабанкка стратегик хорижий инвестор жалб қилингани, 13 та янги хусусий банк ташкил этилгани, Ўзбекистонда Венгрия, Қозоғистон ва Грузия банклари фаолият бошлагани қайд этилган. Таъкидланишича, онлайн банк хизматлари ҳажми 2,7 баробарга ошган.

“Шу билан бирга, банк секторида рақобат кучаймоқда, банк хизматларига аҳоли ва тадбиркорлар томонидан талаб ошмоқда. Бу соҳада трансформация жараёнларини жадаллаштириш, келгуси йиллар учун устувор вазифаларни белгилаб олишни тақозо этаётир.

Хусусан, давлат улушига эга банкларни хусусийлаштиришга тайёрлаш, уларнинг қимматли қоғозларини “IPO”га чиқариш, соҳага тажрибали хорижий мутахассисларни жалб қилиш бўйича таклифлар билдирилди”, – дейилади хабарда.

Халқаро рейтинг компаниялари билан ҳамкорликни кучайтириб, банкларнинг рейтингини ошириш бўйича ўрта муддатли чора-тадбирлар ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди. Шунингдек, соҳада кадрлар тайёрлаш тизимини замон талабларига мослаштириш кераклиги кўрсатиб ўтилди.

Йиғилишда банк раҳбарлари трансформация ва хусусийлаштиришга тайёргарлик кўриш, ходимларни ўқитиш, соҳада илғор IT ютуқларни жорий қилиш бўйича режаларини айтди.

Ҳар бир банк ўзи сармоя киритган лойиҳаларни чуқур таҳлил қилиб, ишга тушишини кузатиб бориши, ҳудудлар ва соҳаларда самардорлиги юқори бўлган лойиҳаларни амалга ошириши зарурлиги таъкидланди, дейилади президент матбуот хизмати ахборотида.

Мавзуга оид