Сунъий ёмғир билан чангни бостириш – Ҳиндистон ифлос ҳавони тозалаш учун “булут экиш”дан фойдаланмоқчи
Ҳиндистон пойтахти Деҳлида ҳаво ифлослиги юқори даражага етиб, мактаблар қишки таътил учун эртароқ ёпилди, қурилиш ишлари тўхтатилди. Шаҳар маъмурияти ифлосланишни бостириш учун сунъий ёмғир ёғдириш режаси ҳақида ўйлаяпти. Лекин экспертлар буни узоққа бормайдиган ва қимматга тушадиган ечим деб ҳисоблаяпти.
Ҳиндистон пойтахти Деҳли шаҳри ифлос ҳаво билан доимий курашиб келади. Бироз муддат олдин шаҳар атроф-муҳит масъуллари ҳаво ифлосланиши даражасини пасайтириш учун сунъий ёмғир ҳосил қилиш технологиясидан фойдаланишни режа қилаётганини маълум қилди.
Бу режанинг амалга ошиши учун Ҳиндистон Олий Суди ва бошқа қатор вазирликларнинг рухсатини олиш керак бўлади. Агар розилик олинса, сунъий ёмғир шу ой охирида ёғдирилиши мумкин.
Ёмғир ёғиш техникасидан фойдаланиш таклифи Деҳли ҳавосини тозалаш учун биринчи марта берилмаяпти. Бироқ экспертлар буни мураккаб ва қимматга тушадиган усул, қолаверса, қанчалик самарали экани тўла исботланмаган, деб фикр билдиришяпти. Бундан ташқари, сунъий ёмғирнинг экологияга узоқ муддатли таъсири қандай бўлишини ҳам яхшилаб ўрганиб чиқиш зарур.
Лекин Деҳли ҳавоси одамларини "бўғиш"да давом этаётган ва халқаро нашрлар сарлавҳаларида тилга олинаётган бир пайтда сиёсий лидерлар ҳам бирор чора топиш керак бўляпти.
Деҳлида охирги ҳафталарда шаҳарнинг ҳаво сифати индексида ПМ 2.5 даражаси ҳавода белгиланган миқдордан 10 баробар ошиб кетди.
Пойтахтда ҳаво ифлосланиши автомобил ва саноат чиқиндилари ҳамда чанг туфайли йил давомидаги муаммо сифатида сақланиб туради. Айниқса, қиш ойларида Деҳлининг ҳавоси ёмонлашади. Сабаби шаҳар атрофидаги фермерлар экин қолдиқларини ёқиб юборишади, паст босимли шамол эса ҳавода ифлослантирувчи моддалар кўпайишига олиб келади.
Ифлос ҳаво сабаб Деҳли ҳукумати мактабларда қишки таътил эртароқ бошланишини эълон қилди, қурилиш ишларини тақиқлади. Бу вазиятда “булут экиш” билан ҳаво сифатини яхшилаш ва бунга тегишли ташкилотлар розилик бериши умид қилиняпти.
“Булут экиш” нима дегани?
"Булут экиш" — ёмғир ҳосил қилиш учун булутларда намлик конденсациясини тезлаштирадиган усул. Бунда кумуш йодид ёки хлорид моддаларидан иборат туз зарралари булутларга пуркалади.
Туз гранулалари булутда муз кристалларини ҳосил қилишга ёрдам беради. Булутдаги намлик муз кристалларига ёпишади ва ёмғир ҳосил бўлади.
Лекин бу усул ҳар доим ҳам натижа бермайди.
Ҳаво сифати бўйича мутахассис Полаш Мукерженинг айтишича, сунъий ёмғир самарали ёғиши учун атмосфера ҳолати бунга мос бўлиши керак. Муз кристаллари ҳосил бўлиши учун булутларда етарлича намлик бўлиши керак. Шамол тезлиги каби иккиламчи омиллар ҳам муҳим.
Бундан ташқари, туз зарралари горизонтал эмас, балки вертикал тарзда шаклланадиган булут турига сепилиши керак.
Сунъий ёмғир ёғдириш тажрибаси бир неча ўн йиллардан бери бор. Ҳиндистонда ҳам бу тажриба 1952 йилда қўллаб кўрилган.
1960 йилларда АҚШ ҳарбийлари уруш пайтида Ветнамнинг ҳарбий таъминотини тўхтатиш мақсадида ёғингарчиликни кучайтириш учун шу усулдан фойдаланган.
Хитой, БАА давлатлари ва Ҳиндистоннинг баъзи штатлари ҳам ёғингарчиликни кучайтириш, қурғоқчиликка қарши курашиш учун сунъий ёмғир ёғдиришган.
Сунъий ёмғир ҳаво ифлосланишини бостиришга ёрдам берадими?
Деҳлида ҳозирги ҳаво ифлосланишини пасайтириш учун ёмғир ёғдириш режаси Ҳиндистон технология институти томонидан тақдим этилди. Экспертларнинг айтишича, 20-21 ноябр кунлари сунъий ёмғир ёғдириш учун ҳаво шароити идеал бўлади. Булутлар Деҳлини тўла қоплаб ололмаса ҳам, бир неча юз километрда ёмғир ёғдирилишидан умид қилишяпти.
Сунъий ёмғирнинг мантиғи шундаки, у атмосферадаги маълум заррачаларни ювиб туширади ва ҳавони тозароқ ва нафас олиш мумкин бўлган даражага келтиради. Бироқ сунъий ёмғирнинг қанчалик фойдали бўлиши ҳозирча аниқ эмас.
Жаноб Мукерженинг айтишича, "булут экиш" ҳаво сифатини яхшилаш ва чангни бостириш мақсадида бошқа давлатларда ҳам ишлатилади, бироқ бу фақат эпизодик ҳолатда энг яхши вариант бўла олади.
"Сунъий ёмғирнинг ҳаво сифатига таъсири шундаки, у ёғгач, ифлосланиш даражаси бирданига тушади. Бироқ ҳавонинг доимги ёмғирдан сўнг 48-72 соатда яна барқарор ҳолатга қайтади. "Булут экиш" қиммат усул, у камёб ресурсларни натижаси аниқ ва узоқ муддатли бўлмаган мақсадга нисбатан ишлатишни англатади", дейди у.
Мавзуга оид
18:07 / 24.12.2024
Ҳиндистон 2040 йилда Ойга ўз космонавтини учиради
23:25 / 23.12.2024
Бангладеш Ҳиндистондан собиқ бош вазир Шайх Ҳасинани экстрадиция қилишга ёрдам беришни сўрамоқда
11:42 / 18.12.2024
Ўзбекистон ва Ҳиндистон заргарлик буюмлари ишлаб чиқариш имконини ўрганмоқда
20:02 / 17.12.2024