Ўзбекистон | 22:11 / 20.11.2023
9943
3 дақиқада ўқилади

Халқаро молия институтлари 7 йилда Ўзбекистонга 16 млрд доллар ажратгани маълум қилинди

Бу маблағлар ҳисобидан 103 та лойиҳа ишга туширилиб, 5 миллионга яқин аҳолининг кундалик ҳаёти яхшиланган. Президент ичимлик суви, қишлоқ хўжалиги ва соғлиқни сақлаш соҳаларида халқаро маблағлар ҳисобидан амалга ошириладиган бир қатор лойиҳалар кечикаётганига эътибор қаратди.

Фото: Президент матбуот хизмати

20 ноябр куни президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида ичимлик суви, қишлоқ хўжалиги ва соғлиқни сақлаш соҳаларида халқаро молия институтлари иштирокида амалга оширилаётган лойиҳалар ижроси кўриб чиқилди.

Сўнгги йилларда халқаро молия институтлари кўмагида амалга оширилаётган лойиҳаларнинг сони ҳам, кўлами ҳам кенгайиб бормоқда. Хусусан, охирги 7 йилда шундай институтлар маблағлари ҳисобидан 16 миллиард доллар ўзлаштирилди. 103 та лойиҳа ишга туширилди.

Буларнинг натижасида 5 миллионга яқин аҳолининг кундалик ҳаёти яхшиланишига таъсир қилган 9 мингта ижтимоий ва инфратузилма иншоотлари қурилди ва таъмирланди. 38 та янги йирик саноат қуввати ишга туширилиб, 6,5 мингта юқори даромадли иш ўрни яратилди.

Шу билан бирга, хорижий инвестициялар ҳисобига, соҳаларга янги технологиялар, замонавий ёндашувлар ҳам кириб келяпти.

Лекин, ҳамма тармоқда ҳам натижадорлик бирдек эмас. Масалан, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимида жорий йилда 238 миллион доллар халқаро молия институтлари маблағлари ўзлаштирилиши кутилмоқда. Бу мўлжалдан анча кам.

Умуман, сўнгги йилларда соҳага 2,4 миллиард доллар жалб қилиниб, шундан 1,3 миллиард доллари ўзлаштирилган. Лекин кечиккан лойиҳалар ҳам бор. Мисол учун, Андижон, Самарқанд ва Тошкент вилоятларида агрологистика марказлари ташкил этиш кечикмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлигида 877 миллион долларлик 11 та лойиҳа мавжуд. Уларнинг аксарияти амалга оширилмоқда. Лекин нефрология ва урология муассасаларини жиҳозлаш, пойтахтимизнинг Яшнобод туманида катталар учун кўп тармоқли тиббиёт маркази қуриш, миллий референс лабораторияси ташкил қилиш лойиҳалари бўйича инвестиция ўзлаштириш бошланмаган.

“Ўзсувтаъминот” тармоғида қиймати 2,1 миллиард долларлик 22 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Шундан 8 та лойиҳанинг ўз вақтида ишга тушмаслиги эҳтимоли бор.

Бу кўп ҳолларда лойиҳа гуруҳлари фаолияти билан боғлиқ экани кўрсатиб ўтилди.

Давлат раҳбари лойиҳалар бажарилишида вазирларнинг масъулиятини ошириш, ҳар бирини халқаро экспертлар иштирокида муҳокама қилиб бориш ҳамда маблағларни самарали ишлатиш бўйича кўрсатмалар берди.

Мутасаддилар йил якунигача ва 2024 йилда ишларни жадаллаштириб, кечикишларни бартараф этиш, лойиҳаларни сифатли бажариб, натижасини таъминлаш бўйича ахборот берди.

Мавзуга оид