Жаҳон | 23:38 / 21.11.2023
21679
15 дақиқада ўқилади

Мигрантларни «қувиш» ва демократларни қамаш. Трамп сайловни ютиш учун қандай режа ишлаб чиқди?

Роппа-роса бир йилдан кейин АҚШда президентлик сайловлари ўтказилади. Республикачилар партиясидан катта эҳтимол билан Доналд Трамп номзод сифатида кўрсатилади. У партиядош рақобатчилари билан ҳатто баҳслашмаяпти, дебатларда ҳам иштирок этгани йўқ. Собиқ президент келаси сайловда ютиб чиққанидан кейинги қилажак ишлари ҳақида гапирмоқда.

Фото: AP

У машҳур демократларни қамашни, миллионлаб ноқонуний мигрантларни депорт қилиш ҳақида гапириб, сўлчиларни «қумурсқа»лар деб атади. Унинг тарафдорлари ўн минглаб мулозимлар ўрнига ўз тарафдорларини қўйишмоқчи. Конгресс ва судлар эса бу режани амалга оширишга тайёр. «Медуза» Трампнинг президент бўлиш эҳтимоли қанчалик эканини таҳлил қилди.

Трамп айнан нима деди?

«Ветеранлар кунида (11 ноябр – тарж.) буюк ветеранларимиз номи билан онт ичамизки, мамлакатимизда қумурсқадай яшаб ҳаммани алдаётган, ўмараётган Америка ва Америка орзусини йўқ қилиш учун қонуний-ноқонуний барча ишларни қилаётган коммунистлар, марксистлар, фашистлар ва сўлчи-бандитларни йўқ қиламиз», деди Трамп.

Собиқ президент бу гапларни аввалига ўзига тешишли Truth Social ижтимоий тармоғида ёзди, кейин Ню-Ҳэмпшир штатидаги митингда фикрини такрорлаб, қўшимча қилди: «Ҳақиқий хавфни радикал ўнгчилар эмас, радикал сўлчилар келтириб чиқариб, бу хавф кун сайин ортиб бормоқда. Ташқи хатарлар ичкаридан бўладиган хатар каби жиддий эмас», деди у.

Ўзи шундоғам кескин баёнотлар билан чиқиш қилишни ёқтирадиган Трамп охирги вақтларда айниқса агрессив монологларга зўр берди. Оқибатда журналистлар уни очиқчасига фашистлар Германияси етакчиси Ҳитлерга қиёслашмоқда. Собиқ президент испан тилидаги Univision нашрига берган интервюсида сайловда ғолиб бўлса, рақибларини қамаши ҳақида гапирди. Ню-Ҳэмпширдаги митингда эса буни қай тарзда амалга оширишини айтиб берди.

«АҚШ тарихида биринчи марта амалдаги маъмурият ўз рақибига қарши жиноий иш очди. Бу эса мен ҳам шундай қилиш ҳуқуқига эгалигимни англатади. Мен Оқ уйда ўтираман-да, олдимга кириб шундай дейишади: «Сэр, бир демократнинг рейтинги ошиб бормоқда», дейишади. Мен эса: «Улар менга қилган ишларини қилишга ҳаққим бор – унга қарши йўлни белгиланмаган жойдан кесиб ўтгани учун иш қўзғатинг», деб буюраман», деганди Трамп.

Ню-Ҳемпширдаги митингда у Байденнинг ғалабасини тан олмаганидан ғурурланиши, шунингдек, наркотик сотувчиларни қатл қилиш кераклигини айтди. Айоведаги учрашувда АҚШ тарихидаги энг йирик мигрантларни депортация қилиш операциясини ўтказишга сўз бериб, бошқа бир митингда «мигрантлар мамлакатимизнинг қонини бузяпти» деди.

АҚШнинг етакчи сиёсий нашри The Washinton Post Трампнинг сўзчиси Стивен Ченгга алоқага чиқиб, нега собиқ президентнинг чиқишлари борган сари фашистлар Германияси етакчиси Адолф Ҳитлер ва италян диктатор Бенито Муссолини эслатиб юбораётгани ҳақида сўради. Трампнинг вакили эса бу ўхшатишга шунчаки кулиб қўйган. Кейин «бундай ўйлайдиганлар Трамп Оқ уйга қайтганида даф бўлишини» қўшимча қилган.

Фото: Getty images

Нега бу гапларни жиддий қабул қилиш керак?

Трамп 2017 йилдан 2021 йилгача АҚШ президенти бўлганди. У ўз режасида асосий учта таҳдидни белгилаб олган: судлар, конгресс ва бюрократия. Шундан буён Трамп ва тарафдорлари бу муаммога ечим излаб келишади. Собиқ президент Оқ уйни бошқарган вақтда у томонидан тайинланган мулозимлар 246 та суд ишидан 192 тасида ютқазади.

Масалан, 2017 йилда суд Трампга мусулмон давлат фуқароларига АҚШга киришни тақиқловчи режасини тезкор амалга оширишга рухсат бермаганди. Кейин Трамп бу муаммони ҳал қилишнинг «йўлини топди»: у 4 йил ичида Барак Обама 8 йилда тайинлаганига тенг миқдорда судялар тайинлади.

Республикачи номзод учун мамлакат Олий судидаги ўзгариш айни муддао бўлди. Либерал судя Рут-Бедер Гинзбург вафот этгач, Трамп сайловга икки ой қолганида учта судни ўтказиб, консерваторлар кўпчилигини сақлаб қолишга эришди. Бу республикачиларга барча суд ишларида ғолиб бўлиш имконини бермайди, лекин федерал аборт ҳуқуқини бекор қилиш каби ислоҳотларни ўтказиб олишда асқотади.

Трамп бошқарувидаги икки йилда республикачилар конгресснинг иккита палатасини ҳам назорат қилишди, лекин бу устунлик уларга фақат солиқ ислоҳотини ўтказишга имкон берди холос. Чунки республикачилар ичида ўз партиядоши бўлган президент ғояларини қўлламайдиган обрўли сиёсатчилар қолганди. Масалан, сенатор Маккейн Оқ уйга Обама давридаги тиббий суғурта ислоҳотини ўзгартиришга имкон бермайди.

Аммо ҳозир вазият бошқача. Трамп республикачилар партиясини ўзининг қарорларини қўлламайдиганлардан «тозалашга» эришди. 2021 йил январдаги Капитолийга босқинни очиқчасига қўллаганлар овоз бериш ҳуқуқидан маҳрум қилинди. Қолган «норозилар» эса праймериз вақтида сафдан чиқарилди. Республикачилар ичидаги фракциялар ўртасидаги курашда ҳам радикал трампчилар ўртача трампчилар устидан ғалабага эришди.

Агар ноябр ойидаги сайловларда республикачилар конгресснинг ҳар икки палатаси устидан тўлиқ назоратни қайтара олса, парламент катта эҳтимол билан Оқ уй таклиф қиладиган ҳар қандай ислоҳотни муаммосиз тасдиқлайди.

Ниҳоят, Трампнинг тарафдорлари улар «чуқур давлат» деб атайдиган эски сиёсатчилар билан курашиш ҳақида ва режалари хусусида очиқ гапиришмоқда. Уларнинг асосий нишони – АҚШ адлия вазирлиги. У мамлакатдаги энг қудратли ташкилотлардан бири бўлиб, прокуратура вазифасини бажаради, ФҚБни назорат қилади ва энг асосийси, доим президентга бўйсунмайдиган тузилма бўлиб келган.

Ҳозир Оқ уй Адлия вазирлигига фақат нимага эътибор қаратиши кераклигини белгилаб бера олади холос, алоҳида ишлар бўйича буйруқ бериш ҳуқуқига эга эмас. Бундай тартиб президент Никсоннинг истеъфоси билан тугаган Уоттергейт можаросидан кейин белгиланган бўлиб, ўшанда конгресс президентнинг сиёсий тизимга таъсирини камайтириш бўйича қонунлар тўпламини қабул қилган.

Трамп президентлик вақтида Адлия вазирлигига ўз таъсирини ўтказишга уринган, ҳатто унинг раҳбарини собиқ президент ва Россия ўртасидаги алоқалар борасидаги суриштирувни тўхтатишдан воз кечгани учун ишдан бўшатган. Трамп ҳукуматга келган дастлабки вақтларда унинг маъмуриятини бошқарган Жон Келлининг айтишича, собиқ президент ўз рақобатчиларини таъқиб қилишни кўп марта таклиф қилган. Аммо мулозимлар бу таклифларни жиддий қабул қилмаган. 2020 йил Жо Байден президентлик сайловларида ғолиб бўлгач, Адлия вазирлиги Трамп тарафдорларининг фитнасида иштирок этишни истамайди.

Ҳозир Трампга қарши иккита ишни амалдаги Адлия вазири Меррик Гарланд томонидан тайинланган махсус мустақил прокурор Жек Смит олиб бормоқда. Трампнинг штабига кўра, бу ишларнинг тепасида Адлия вазирлигини ўз сиёсий қуролига айлантиришга уринаётган президент Байден турибди.

Трамп режасининг муаллифларидан бири 2020 йилдаги фитнада қатнашган ва Жоржияда собиқ президентга қарши очилган ишдаги айбланувчилардан бири бўлган ҳуқуқшунос Жеффри Кларк. У Трамп сайлов кампанияси ҳомийлари билан учрашувда собиқ президент бўлиб ўтган ишлардан «дарс олгани» ва бош прокурор лавозимига унинг режасини тўлиқ қўллайдиган одамнигина қўйишини айтган. Уларнинг режасига кўра, шу тариқа Адлия вазирлиги мустақиллик принципидан чекиниши, вазирлик ва ФҚБдаги аксар лавозимларни Трампга содиқ одамлар эгаллаши керак. Ўзаро суҳбатларда Трамп нафақат демократларни, балки ўз вақтида унинг маъмуриятида ишлаб, режаларини қўлламаган республикачиларни ҳам таъқиб қилиш кераклигини айтган.

Трампчилар фақат Адлия вазирлигини ўзгартириш билан чекланмоқчи эмас: одатда янги президент 4 мингта лавозимга янги раҳбар тайинлайди, лекин республикачилар федерал даражадаги 54 минг ўринга ўзларига содиқ номзодларни қўйишни мақсад қилган. Коснерваторлар бошқарадиган think-think Herritage Foundation ва 80 та ҳамкор ташкилотлар аллақачон номзодларни саралашни бошлаган. Хусусан, номзодларнинг ижтимоий тармоқдаги постлари ҳам таҳлил қилинмоқда.

Номзоднинг анкетасида «амалдаги сиёсатчилар орасида илҳомлантира оладиган ягона вакил»ни танлаш сўралмоқда. Шунингдек, Трампчиларнинг режасида у президентлик сайловларида ғолиб бўлса, ўша куннинг ўзида ҳарбий ҳолат эълон қилишни ҳам кўзда тутган. Шунда президент армиядан норозилик намойишларини тинчитиш учун фойдалана олади.

АҚШдаги консерватив ғоя тарафдорлари президент федерал бюрократияни бошқариш бўйича ҳозиргидан кенгроқ ваколатга эга бўлиши керак деб ҳисоблайди. Жеффри Кларк каби максималистлар ҳеч бир давлат ташкилоти ёки регулятор мустақил бўлиши керак эмас деб ҳисоблашади. Трампнинг режаларига кўра, у сайловда ғолиб бўлса, Монополияга қарши кураш ташкилоти, Коммуникациялар бўйича федерал комиссия ва мигрантлар сиёсатига масъул бўлган Ички хавфсизлик вазирлиги мустақил бўла олмайди. Трампнинг тарафдорлари унинг антимиграцион сиёсати ҳақида журналистларга батафсил гапириб беришмоқда.

Республикачи номзод сайловда ғолиб бўлса, унинг маъмурияти нафақат ноқонуний, балки қонуний миграцияга қарши курашни бошлайди. Бу жараённи Трампга энг агрессив режа таклиф қила олган одам ёки ташкилот бошқаради. Мусулмон давлат фуқароларининг АҚШга киришини тақиқловчи чеклов тикланади, бутун дунёдаги АҚШ элчихоналари виза беришдан аввал даъвогарларни «ғоявий текширув»дан ўтказади. Кўплаб давлатларга виза бериш эса «туберкулезга қарши кураш» дастури доирасида бекор қилинади.

АҚШдан миллионлаб ноқонуний мигрантлар чиқариб юборилади. Қонунчиликни уларни чиқариб юбориш учун суд қарори ҳам керак бўлмайдиган тарзда ўзгартиришади. Агар конгресс бу дастур учун пул ажратишни рад этса, пул Пентагоннинг бюджетидан олинади.

Фото: AP

Трамп ғолиб бўлиши ва режасини амалга ошириши мумкинми?

АҚШ президентлиги учун сайловлар 2024 йил 5 ноярбрда ўтказилади. Социологлар ҳозирда Трампнинг кичик устунлигини қайд этишмоқда, ҳатто ҳал қилувчи штатларда ҳам. Лекин сайловга ҳали бир йил бўлган бир вақтда ўтказилган сўровлар алдамчи бўлиши эҳтимоли юқори. Аммо собиқ президент Оқ уйга қайтишига ёрдам берадиган ва халақит берадиган жиҳатлар ҳозирдан аниқ.

Трампни партиядошлари тўхтатиши деярли имконсиз нарса, у 60 фоиз рейтинг билан республикачиларнинг яққол номзоди бўлиб турибди. Охирги ҳафталарда унинг бир нечта асосий рақиблари пойгадан чиқди. Узоғи билан келаси йил март ойида у праймериздаги ғалабасини таъминлаши мумкин.

Шундан кейин республикачи учун ҳақиқий синов бошланади: келаси йил баҳорда унинг устидан очилган учта жиноий ишни кўриб чиқиш бошланади. Хусусан, 2020 йилдаги сайловлардан кейинги фитна бўйича иш 2024 йил 4 март куни бошланади. Трампнинг адвокатлари бу муддатни кечиктиришга интилмоқда. Иш ҳужжатлари 11 миллион саҳифага етган, Трампга қарши ўз вақтида унинг маъмуриятига раҳбарлик қилган Марк Медоуз ҳам гувоҳлик бериши кутилмоқда. Агар айби исботланса, собиқ президент 10 йилга қамалиши мумкин.

Март ойи охирида унга қарши иккинчи айблов – Ню-Йоркдаги бизнес ҳисоботларни сохталаштириш иши кўриб чиқилади. Катта эҳтимол бу иш бўйича собиқ президентга қамоқ хавф солмайди. Май ойи охирида эса Флоридада махфий ҳужжатларни ноқонуний сақлаш бўйича жиноий ишни кўриш бошланади. Бу ишни кўрадиган судя Кэннонни Трампнинг ўзи тайинлагани эътиборга молик. Консерватив қарашдаги бу судя ҳимояга ишни чўзиш имконини яратиши эҳтимоли юқори.

Ва ниҳоят охиргиси – Жоржиядаги сайлов натижаларини ўзгартиришга уриниш бўйича жиноий ишни кўриш 2024 йил август ойида бошланади.

Трамп бу ишлардан «эсон-омон» қутилиб, қамалмаган тақдирида ҳам, суд жараёнлари унга мамлакат бўйлаб юриб фаол сайлов кампанияси ўтказишга халақит беради. Бундан ташқари, барча суд ишлари телевизор орқали трансляция қилинади ва бу сайловчилар қарорларига таъсир қилиши мумкин.

Трампни қамашса ҳам, у сайловда ўз номзодини кўрсатиш ҳуқуқини сақлаб қолади. Агар уни оқлашса, бу Трампнинг сиёсий таъқиб ҳақида иддаоларини тасдиқлаши мумкин.

Трампга ёрдам берадиган яна бир фактор сайловда машҳур «учинчи номзод»ларнинг иштирокидир. Ҳозиргача, собиқ президент Жон Кеннедининг жияни Роберт Кеннеди мустақил номзод сифатида сайловда иштирок этиши эҳтимоли юқори. No Labels партияси ҳам центрист номзод илгари суришини айтган. «Насроний социалистлар» вакили Корнелл Уээст ҳам мустақил номзод сифатида сайловда қатнашмоқчи. Шунингдек, либертарианцлар ва Яшиллар партияси ҳам ўз номзодини илгари сурмоқчи. Сиёсатчиларнинг фикрича, бу номзодлар Трампнинг эмас, Байденнинг «овозини олиб қўйиш» эҳтимоли баланд.

Ноябрдаги сайловлар кўп факторларга кўра кутилмаган натижалар билан якунланиши мумкин. Масалан, Исроилни қўллаётгани араб миллатига мансуб ва мусулмон америкаликлар орасида Байденнинг рейтинги рекорд даражада тушиб кетди. Унинг афроамерикаликлар ва ёш сайловчилар ўртасидаги рейтинги нархлар ошиши сабаб тушиб кетди. Бошқа томондан, Байденни унга 2020 йил ғалаба келтирган мегаполислар аҳолиси ҳамон қўлламоқда. Демократларнинг аборт ҳуқуқини қўллаши бу борада ҳал қилувчи омиллардан бири бўлиши мумкин.

Консерваторлар кўпчилик бўлган Олий суд ҳомиладорликни тўхтатиш ҳуқуқини бекор қилганидан кейин республикачи номзодлар барча ҳудудий сайловларда паст овоз олмоқда. Масалан, консерваторлар аборт ҳуқуқи референдумда муҳокама қилинган олти штатнинг барчасида мағлуб бўлган.

Икки қария

Номзодларнинг ёши ҳам сайловдаги асосий омиллардан бири бўлиб турибди. Сайлов вақтида Трамп 77 га, Байден 81 га кирган бўлади. Сўровлардан бирига кўра, 73 фоиз америкаликлар Байден жисмоний ва руҳий жиҳатдан президент вазифасини бажара олмайдиган ҳолатда деб ҳисоблаган. Аммо бу нарса натижаларга таъсир қилиши ҳам аниқ эмас. Масалан, Байден Трампдан кам бўлмаган матбуот анжуманлари ўтказди, ундан кўпроқ хорижий сафарларни амалга оширди. Вашингтондаги журналистларнинг ёзишича, Байденнинг штабидагилар у Оқ уйдаги иши ва фаол сайлов кампанияси ўтказишни уддалай олмаслигидан хавотирда. Журналистларга кўра, демократлар ҳам тузукроқ номзод топиш ҳақида ўйламоқда.

Бундай ҳолатда, Байденни фақат иқтисодиётнинг яхши ҳолатда экани қутқариб қолиши мумкин. Сўровларга кўра, сайловчилар Байденнинг иқтисодиёт бўйича ишларини унчалик юқори баҳоламайди, лекин АҚШ ялпи ички маҳсулотининг кескин ошиши ва ишсизлик кўрсаткичларининг аста-секин камайиб бораётгани сайлов кунидаги вазиятни ўзгартириши мумкин.

Яна бир жиҳат сайлов кампанияси учун йиғилган пул билан боғлиқ. Ҳозир Трамп штаби юристларга тўланаётган пул ҳисобига топаётганидан кўпроқ пул сарфламоқда. Байден штаби эса рекорд миқдорда пул йиғиб бўлди.

Мавзуга оид