Bloomberg: ЕИ Киевга узоқ муддатли ҳарбий ёрдам кўрсатишни режалаштиряпти
Украина хавфсизлигини таъминлаш мажбуриятлари бўлган Европа Иттифоқи режаси мамлакатни ҳарбий техника билан таъминлаш ва Украина Қуролли кучларини тайёрлаш бўйича узоқ муддатли механизмни ўз ичига олади, деб ёзади агентлик.
Европа Иттифоқининг Украина учун хавфсизлик бўйича мажбуриятлари режаси узоқ муддатли ҳарбий ёрдам механизмини, украиналик ҳарбийларни тайёрлаш ва мамлакат мудофаа саноатини ривожлантиришга кўмаклашишни ўз ичига олади. Бу ҳақда 21 ноябр, сешанба куни журналистлари ҳужжат лойиҳаси билан танишишга муваффақ бўлган Bloomberg агентлиги хабар берди.
2023 йил бошида Вилнюсда бўлиб ўтган НАТО саммити чоғида G7 давлатлари Россиянинг келажакдаги эҳтимолий тажовузини олдини олишга қаратилган Украина учун бир қатор икки томонлама хавфсизлик кафолатларини ишлаб чиқишга келишиб олди.
Ўз навбатида, Украина ҳуқуқ-тартибот ва суд-ҳуқуқ соҳаларида, шунингдек, хавфсизлик ва мудофаа соҳасида қатор ислоҳотларни давом эттиришга ваъда берди. Киевнинг айрим асосий иттифоқчилари жорий йилдаёқ у билан хавфсизлик кафолатлари бўйича икки томонлама битимлар тузишга интилмоқда, деб эслатади Bloomberg.
ЕИнинг Украинага нисбатан мажбуриятлари режаси асосий бандлари
Агентлик маълумотларига кўра, ЕИ режаси икки томонлама мажбуриятларга асосланади ва бошқа нарсалар қаторида қуйидагиларни ўз ичига олади: «Украинани ҳарбий техника билан таъминлашнинг тахмин қилинадиган, самарали, барқарор ва узоқ муддатли механизми», Европа мудофаа саноатини сафарбар қилиш, Украина ҳарбийларини тайёрлаш, имкониятларни ошириш ва стандартларни тенглаштириш мақсадида Украина мудофаа саноати билан ҳамкорликни чуқурлаштириш.
Режада, шунингдек, Украинанинг кибер ва гибрид таҳдидлар ва дезинформацияга қарши курашиш имкониятларини яхшилаш; Киевнинг миналарни тозалаш ва портловчи ўқ-дорилар қолдиқлари натижасида юзага келган ифлосланишни бартараф этиш бўйича саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш; Украинага Европа Иттифоқига кириш жараёни билан боғлиқ ислоҳотларни амалга оширишда ёрдам бериш, шунингдек, ўқотар қуроллар, енгил қуроллар ва ўқ-дорилар захираларини назорат қилиш ва уларнинг ноқонуний айланишига қарши курашиш қобилиятини ошириш; Украинани янги энергия манбаларига ўтишда қўллаб-қувватлаш ва ядро хавфсизлигини таъминлаш; сунъий йўлдош ва разведка маълумотларини алмашиш бор.
Ҳужжатда қайд этилишича, қурол-яроғ етказиб бериш бўйича ёрдам аъзо давлатларга Украинага қурол етказиб бериш харажатларини қоплайдиган Европа тинчлик жамғармаси (European Peace Facility) механизми орқали давом эттирилади.
Украинага 4 йил давомида 20 млрд евро ажратилиши борасидаги ноаниқлик
Айни пайтда, Европа Иттифоқининг Киевга тўрт йил давомида қурол-яроғ учун 20 миллиард евро ажратиш бўйича дастлабки режаси ЕИга аъзо қатор давлатлар ушбу режа шартлари бўйича келишиб олмагани учун издан чиқиб кетиши хавфи бор, деб ёзади Bloomberg Европа Иттифоқининг исми ошкор этилмаган дипломатига таяниб.
Шу фонда Европа Иттифоқи келгуси йилда Украинага ёрдам кўрсатишни давом эттириш мажбурияти билан «камида» 5 миллиард евро ажратиш бўйича келишиб олишга умид қилмоқда, дея қўшимча қилди агентлик манбаси.
Европа Иттифоқига аъзо давлатлар элчилари ушбу режани шу ҳафтада, давлат раҳбарлари эса декабрда муҳокама қилиши кутилмоқда. Бундан ташқари, у Украина ва G7 давлатлари ўртасидаги маслаҳатлашувлар асосини ташкил қилиши керак, дея таъкидлайди нашр.
Мавзуга оид
11:37 / 15.11.2024
ЕИ биринчи марта қуролни биргаликда сотиб олишни молиялаштиради
08:08 / 14.11.2024
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
12:17 / 13.11.2024
Киев ЕПни Россиядан болаларни қайтаришда ёрдам беришга чақирди
10:13 / 11.11.2024