Мардикорчиликда томдан қулагани эвазига 4 дона тухум, ётоқхонани тозалашдан "ҳимояловчи" шкаф ва муҳаббатга маҳтал қалб – “Талаба кундалиги”
Kun.uz талабалар ва талабалик даврини хотирлашни хуш кўрувчилар учун янги лойиҳа бошлади. Унда талабалик даврининг турфа ҳангомалари, аламли изтироблари-ю қизиқарли воқеалари муаллифлар тилидан бериб борилади. Лойиҳанинг илк сонидаги талабалар кечинмалари сизни бефарқ қолдирмайди деб умид қиламиз.
"Талаба кундалиги"нинг бугунги сонида мардикорчиликда томдан қулагани эвазига қўшимча 4 дона қовурилган тухум еган, ётоқхонани тозалашга чиқмаслик учун шкафга беркинган, ўқишга фақат муҳаббатини кўриш учун борадиган ва Бухорога саёҳат учун дарсдан қочган талабаларнинг ўқишдан ҳайдалишига бир бахя қолгани ҳақидаги ҳикоялари билан бўлишамиз.
1-ҳикоя: Мардикорчиликда томдан қулагани эвазига 4 дона тухум
Тошкентда ўқидим, талабалик давримда Чорсудаги "мардикор бозори"га чиқардим, тирикчилик учун. Одамларнинг кунлик ишларини қилиб бериб, ўзимни ўзим таъминлашга етгулик пул ишлаб топардим.
Кунлардан бир куни, борган хонадонимиздаги иш уйнинг том қисмига тўғри келди. Иш айни авжига чиққанда нимадир бўлди-ю, томдан ерга қуладим. Бахтимга ҳеч ерим лат емади.
Уй эгасининг инсофи бор экан, иш ҳақимдан ташқари ўз ҳисобидан 4 дона тухум қовуриб берганди ўшанда.
2-ҳикоя: Ётоқхонани тозалашдан "ҳимояловчи" шкаф
Университет ётоқхонасида турганимизда, ётоқхона коменданти якшанба куни бизни мажбурлаб олиб тушиб, ўт ўриш ва бошқа бир қанча ишларни қилдирар эди. Биз якшанба куни эшикни қулфлаб олсак ҳам комендантда хонанинг иккинчи калити бўлар ва ўша билан очиб кириб, бизни олиб чиқиб кетар эди.
Хонада 4 киши турар эдик, мен ҳар доим шкафнинг ичига яшириниб олар эдим, 2 та шкафга эса 2 та одам сиғар эди холос.
Бир куни эшик тақиллади ва мен шкаф томон югурдим, биринчи шкафни очсам сирдарёлик ўртоғим ўрнашиб олибди, кейин иккинчи шкафга югурдим, унда эса самарқандлик ўртоғим...
Шундай қилиб ўша куни қоронғи тушгунча, тушлик ҳам қилмай ўт ўрганман.
3-ҳикоя: Ошиқ талаба
Ёндафтарда қолиб кетган ҳислар...
Курсдошни севиш яхши. Ўқишга қандайдир бир мақсад билан бориш керак-ку!
Эрталаб уйғонасан, хаёлингда у. Ўқиш томон ичинг қизиб ошиқасан. Кўнглинг нотинч, кечикишдан эмас, у ўқишга келмай қолишидан. Амаллаб етиб олдинг. Кўрдинг. Ҳаяжон. Таскин. Кеча тунда ўйлаб қўйган, унга айтмоқчи бўлганинг яна ичингда қолиб кетади. Одатдагидай кўришасан. Ҳиссиз, жонсиз туйғулар. Уни севишингни у билмаса қийин.
Дарс бошланди. Хаёлларинг билан ёлғиз қоласан. Орқароқ партадан ҳар замонда унга қараб қараб қўясан. Қани бир ортга боқса-чи. Боқадиям, сен кўзингни оласан. Қандай севги бу? Жим туриб севиш азоби...
Дарслар тугагач, бир кеча нафас олиш илинжида унинг табассумини қидирасан. Узоқдан бўлса ҳам бир кулса-чи. Ана, ўша ёқимли овоз...
4-ҳикоя: 8 соатлик бедорликка тушган саёҳат
Ҳеч эсимдан чиқмайди: 3-курсмиз, апрел ёки май охири. 8 курсдош шанба ва якшанбани мўлжаллаб Бухорога саёҳатга жўнадик. Якшанба куни дарс йўғ-у, шу шанба дарсдан қочганимиз бизга қимматга тушди. Ўлганнинг устига тепган бўлиб, ўша кунлари факултетга вазирликдан текширув келиб, талабаларни тест қилса денг. Бутун факултет тест ёдлайди, биз 8 талаба эса Бухоронинг эски шаҳрини тестдан ўтказяпмиз.
Шу пайт факултетдан қўнғироқ устига қўнғироқ бўлади, кўтаришга бирортамизнинг юрагимиз бетламайди. Ва ниҳоят ўша яшил тугмани мен босдим. Телефоннинг нариги томонида эса декан ўринбосари. Узоқ узрли, тортишувли ва келишувли суҳбатдан кейин хулоса шу бўлдики, душанба куни эрталаб биринчилардан бўлиб 8 киши тест топширади. Ўқишни давом эттириш ёки эттирмаслик шу тестга қараб аниқ бўлади. Шундай қилиб саёҳатни якунлаб, якшанба тунда қайдасан азим пойтахт деб автобусда йўлга отландик ва шу 8 соатлик йўл давомида тинимсиз тест ёдлаб чиқдик.
Душанба эрталаб келишилгандек 8 киши тест учун хонага кирдик. Тест ечаётганимда кимдир орқамга қаттиқ қоқиб, "Ёш бухороликларнинг етакчиси кепти-ку" деб кулиб юборди. Бу бизнинг энг севимли ўқитувчимиз Жасур ака эди. Шу-шу ҳамманинг кайфияти кўтарилди, тестни 95-97 фоиз атрофида ишлаб чиқдик. Тест зўр бўлди, лекин кун давомида гандираклаб Бухоро саёҳатининг бадалини 8 соатлик бедорлик билан тўладик.
Ҳикояларни Зуҳра Абдуҳалимова нашрга тайёрлади.
PS: Талабалик даврингизда турли хил қизиқарли, ибратли, кулгили ёки оғриқли воқеаларни бошдан кечирганмисиз? Бу ҳақда бошқаларга ҳам айтиб беришни хоҳлайсизми? Kun.uz'нинг "Талаба кундалиги" рукни айнан сиз учун.
Ҳикояни @talabakundaligi_bot манзилига юборинг. Таҳририят сизнинг шахсингиз сир тутилишини таъминлайди.
Мавзуга оид
18:52 / 13.08.2024
“Талабаларим олдида уялиб қолмаслик учун тил ўргандим” – 67 ёшида инглиз тилидан B2 даражасини олган отахон
17:16 / 02.08.2024
Талабаларни турар жой билан таъминлашда фаол қатнашган марказлар 30 миллион сўмгача мукофотланади
10:05 / 24.03.2024
Ўхшамаган ҳисобот, пул берган талабаларни йиқитган домла ва гулли шорти кийган бола – “Талаба кундалиги”
14:36 / 17.03.2024