Ўзбекистон | 20:53 / 23.11.2023
9878
3 дақиқада ўқилади

Энерготизим бу йилги қишга қанчалик тайёр? Энергетика вазири жавоби

Жўрабек Мирзамаҳмудовга кўра, совуқ кунлар учун мазут захираси ўтган йилги 47 минг тоннадан 340 минг тоннагача оширилган. Сақлаш омборларидан олиш мумкин бўлган кунлик газ миқдори 18 млн кубдан 40 млн кубга етказилган. Пойтахтнинг муаммоли ҳудудлардаги юклама миқдори камайтирилган, газ босими тушиб кетадиган иссиқлик марказларига эса алоҳида линия тортиб келинган.

Фото: Қонунчилик палатаси матбуот хизмати

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Умида Раҳмонова энергетика тизими бу йилги қиш мавсумига қай даражада тайёр экани юзасидан вазир Жўрабек Мирзамаҳмудовдан изоҳ сўради.

“Ўтган йили аномал совуқ нималарга тайёрмиз-у, қандай муаммоларимиз борлигини борича кўрсатиб берди. Бу йилги қиш мавсумига қай даражада тайёрмиз? Кўп қаватли бинолардаги муаммоларнинг бартараф этилиши бўйича қандай тайёргарликлар амалга оширилмоқда?” дея сўради депутат 22 ноябр кунги ҳукумат соатида.

Вазирнинг маълум қилишича, муаммоли ҳудудлардаги юклама миқдори камайтирилган, газ босими тушиб кетадиган иссиқлик марказларига эса алоҳида линия тортиб келинган.

“Таҳлил олиб боряпмиз. Тўғри, ноябр ойи бироз иссиқ келди дейиш мумкин ва истеъмол ҳам пастроқ. Лекин генерация қувватини инобатга олган ҳолда ўтган йили ноябр ойида электр энергияга кунлик чеклов киритилганди.

Тошкентдаги муаммолар нима сабабдан юзага келганди? Табиий газнинг босими тушиб кетиши натижасида электр энергияга талаб ошиб кетди. Юкламани кўтара олмаслик натижасида симлар ва трансформаторлар ёниб кетди, авария ҳолатлари юзага келди. Нима қилинди? Энг аввало, Тошкентдаги энг муаммоли ҳудудлар, жумладан Юнусобод ва Олмазор туманларидаги йирик подстанцияларда алоҳида кабелларни бошқа подстанцияларга тақсимлаган ҳолда янги линиялар тортилди ва юклама пасайтирилди. Иккинчидан, иситиш марказларида газ босими тушиб кетган, чунки аҳоли ўша тармоққа уланган бўлган. Шунинг учун учинчи ва бешинчи иситиш марказларига алоҳида саноат тармоғидан газ тортиб келинди. Учинчидан, ушбу қозонхоналарда газ босими тушиб кетганда бошқаларидан фарқли равишда, мазут ёқиб, иссиқликни ушлаб туриш имконияти бўлмаган. Бу қозонхоналар тўлиқ таъминланиб, мазут ёқишга ихтисослаштирилди, мазут ёқилғисини сақлаш тизимлари яратилди ва ушбу икки иситиш марказларининг ҳар бирида 2 минг тоннадан мазут захираси яратилди. Яъни кафолатланган иссиқлик тизими бўлади. Шуни инобатга олиб, ҳозирда 8 та ҳолати оғир ҳудудларда худди шундай қурилмалар қуриш бўйича келишувга эришдик. Ушбу шартномалар ДХШ асосида амалга оширилади.

Шунингдек, аномал совуқ келса ёки авариявий ҳолатлар бўлганида қандай ишлаш бўйича алгоритм ишлаб чиққанмиз. Агар ўтган йилнинг 22 ноябр ҳолатига захирамизда 47 минг тонна мазут бўлган бўлса, ҳозирги кунда 340 минг тонна захира бор. Яъни мазут захираси қилинди, кафолатланган табиий газ захираси яратилди. Ўтган йили сақлаш омборларида кунига 18 млн куб газ олганмиз, ҳозир у ерда қурилган янги станциялар ҳисобига кунлик олиш миқдори 40 млн кубга етказилди”, деди Жўрабек Мирзамаҳмудов.

Энергетика вазирининг қўшимча қилишича, ҳозирги кунда энергетика тармоғини янгилаш учун сарфланган маблағ миқдори республика бўйича 14 триллион сўмга етган. Бу ишлар давлат бюджети, маҳаллий ҳокимликлар маблағлари ва кредит ресурслари ҳисобидан амалга оширилган.

Мавзуга оид