Ўзбекистон | 22:07 / 23.11.2023
9387
1 дақиқада ўқилади

Тошкентда ноқонуний қум-шағал қазиб олиш оқибатида табиатга 35 млрд сўм зарар етказилди 

Экскаватор ёрдамида қазиб олинган қум-шағал тош майдалаш ва қайта ишлаш цехига ташилган. 

Фото: Экология вазирлиги

Тошкент шаҳри, Бектемир туманидан оқиб ўтувчи Чирчиқ дарёси қирғоғида 57 минг куб.м. қум-шағал ноқонуний қазиб олинган. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги хабар берди. 

Қайд қилинишича, дарё қирғоғидаги муҳофаза минтақасида экскаватор ёрдамида қум-шағал қазиб олиниб, ушбу ҳудудда жойлашган тош майдалаш ва қайта ишлаш цехига ташилган. Хабарда ушбу корхона номи келтирилмаган. 

«Яшил лойиҳа» институти мутахассисларини жалб қилган ҳолда қум-шағал маҳсулотлари қазилган жойда ўлчов ишлари олиб борилганида 57 минг куб.м.дан ортиқ қум-шағал ноқонуний қазиб олингани, бу билан табиатга 35 миллиард сўмга яқин зарар етказилгани маълум бўлган. 

Ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш, айбдорларга нисбатан қонуний чора кўриш ва табиатга етказилган зарарни ундиришда мақсадида тўпланган ҳужжатлар Бош прокуроратурага юборилгани айтилмоқда. 

Мавзуга оид