Жамият | 15:36 / 23.11.2023
13928
1 дақиқада ўқилади

Тошкентда қоидабузар пиёдаларга қарши рейдлар ўтказилмоқда

Пойтахт чорраҳаларида Йўл ҳаракати қоидаларини бузаётган пиёдаларга чора кўрилмоқда. ЙҲХХ ходимлари профилактик тадбир доирасида пиёдалар билан тушунтириш ишлари олиб бормоқда.

Тошкент шаҳрининг Чилонзор, Учтепа туманлари чорраҳаларида пиёдалар томонидан Йўл ҳаракати қоидаларининг 19-банди бузилиши кўп учрамоқда, деб Kun.uz’га хабар беради ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти ЙҲХХ.

Қоидабузарликларни камайтириш, йўл транспорт ҳодисаларининг олдини олиш мақсадида мазкур ҳудудларда ЙҲХХ томонидан «Диққат пиёда!» тадбири ўтказилмоқда.

Йўл ҳаракати қоидаларининг 19-бандига биноан, пиёдалар ўтиш жойидан ўтаётганда телефондан, теле ва аудио маҳсулотлардан фойдаланиш, диққатни чалғитувчи ҳар қандай электрон воситалардан фойдаланиш мумкин эмас.

Мазкур қоидаларга риоя этмаслик пиёдаларга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 138-моддасига биноан, 110 000 сўмдан 330 000 сўмгача жарима олиб келишига сабаб бўлади.

Тадбир давомида қоидаларни бузган фуқароларга нисбатан чоралар кўрилиб, тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид