Жаҳон | 08:23 / 24.11.2023
13797
3 дақиқада ўқилади

Дублинда болаларга ҳужумдан кейин тартибсизликлар бошланди

Пайшанба куни пичоқ билан қуролланган шахс ўткинчиларга ҳужум қилиб, беш кишига, жумладан болаларга тан жароҳати етказганидан кейин Дублинда кўча намойишлари бошланди. Ҳужум қилган шахс қўлга олинган, у жазоирлик муҳожир экани айтилмоқда.

Фото: Brian Lawless/PA Images via Getty Images

23 ноябр, пайшанба куни кечқурун Дублиннинг бир қанча ҳудудларида тартибсизликлар бошланди. Полицияга кўра, уларнинг ортида ўнг экстремистлар турибди. Британиянинг Sky News агентлигига кўра, намойишчилар ва полиция ўртасидаги тўқнашувларга сабаб бўлган тартибсизликлар иштирокчилари сони бир неча юз кишини ташкил қилган. Намойишчилар ҳуқуқ-тартибот ходимларига шиша ва петардалар улоқтириб, бир неча автобус ва полиция машинасини ёқиб юборган. Ижтимоий тармоқларда дўконга ҳужум қилингани акс этган видео тарқалмоқда.

Кўчага чиққанлар муҳожирларга қарши шиорлар айтди. Тартибни тиклаш учун полиция қўшимча кучларни талаб қилди, деди полиция вакили RTE телеканалига берган интервюсида.

Тўполонга болалар боғчаси яқинидаги ҳужум сабаб бўлган

Ирландия пойтахтидаги тартибсизликлар шаҳар марказида пичоқ билан қуролланган эркак ўткинчиларга ҳужум қилганидан бир неча соат ўтиб бошланган. Интернетда ҳужумчи асли Жазоирдан эканлиги ҳақида маълумотлар тарқалмоқда, бироқ бунинг расмий тасдиғи йўқ. Полиция жиноятчининг миллати ҳақида изоҳ беришдан бош тортди.

Ҳужум куннинг иккинчи ярмида Парнелл-сквер-Истдаги болалар боғчаси яқинида содир бўлган. Жиноятчи деб тахмин қилинган шахс уч бола ва уларни ҳимоя қилмоқчи бўлган тарбиячини жароҳатлаган. Икки киши — беш ёшли қиз ва 30 ёшли аёл оғир жароҳат олган. Ҳужумчи полиция етиб келгунига қадар ўткинчилар томонидан қўлга олинган. Ушлаш вақтида у ҳам яраланган.

Жиноят сабаблари номаълум, бироқ полиция дастлаб воқеани теракт деб ҳисобламаслигини айтди. Хусусан, полиция вакили Лиам Жерати содир бўлган воқеа юзасидан жамоатчиликнинг хавотирини тушунишини, бироқ буни шаҳар ёки мамлакатдаги муаммолар билан боғлиқ бўлмаган якка тартибдаги ҳодиса деб ҳисоблашини айтди. Полиция тартибсизликлар қатнашчиларини «ўта ўнг мафкура томонидан бошқариладиган ақлдан озган безорилар гуруҳи» деб таърифлаган. Кейинроқ расмийлар атайлаб террористик ҳужум уюштириш версияси ҳам кўриб чиқилаётганини маълум қилди.

Мавзуга оид