Жаҳон | 21:42 / 24.11.2023
23189
14 дақиқада ўқилади

Ислом, иммиграция ва Украинага ёрдамга қарши. «Голланд Трампи» ҳақида нималар маълум?

Мигрантларни ҳақоратлаган ва Қуръонни тақиқлашни таклиф қилган, «Некзит», яъни Нидерландияни Евроиттифоқдан олиб чиқиш тарафдори саналган Герт Вилдерснинг партияси сайловларда ғолиб чиққан. Аммо у ҳали бош вазир бўлиши аниқ эмас.

Фото: Remko de Waal / ANP / AFP / Scanpix / LETA

Нидерландиядаги парламент сайловларида Озодлик партияси (PVV) ғолиб бўлди, унинг раҳбари иммиграцияга, ислом динига ва мамлакатнинг Евроиттифоққа аъзолигига қарши бўлган, ўта ўнг сиёсатчи Герт Вилдерс ҳисобланади.

Унинг ғалабаси Европа сиёсатида ўнг ва ўта ўнг партияларнинг ўсиб бораётган машҳурлиги билан тавсифланган тенденциянинг давом этиши бўлди.

Аммо Нидерландиядаги сиёсий тизим шундай тузилганки, партиянинг бу ғалабаси Вилдерс бош вазирлик курсисини эгаллашини кафолатламайди.

«Нидерландиялик Трамп»

Вилдерс анчадан буён Нидерландиянинг ўзида ҳам, хорижда ҳам машҳур сиёсатчилардан саналади.

Вилдерс ғалабани қизғин нишонлади, аммо унинг бош вазир бўлишига ҳали анча бор. Фото: REUTERS

Унинг оташин нутқлари, муҳожирлар ва ислом динига қарши баёнотлари, шунингдек салкам 30 йилдан буён сочини оққа бўяб келиши унга «нидерланд Трампи» лақаби қўйилишига сабаб бўлган.

Аммо барча, жумладан Вилдерснинг ўзи ҳам, бутун сиёсий фаолиятини мухолифатда ўтказишига тўғри келади, деб ишонарди.

У 2010 йилда ҳукуматга киришга яқин бўлганди, ўшанда унинг партияси ҳозирда ҳокимиятдан кетаётган Марк Рютте томонидан шакллантирилган ҳукмрон коалицияни қўллаб-қувватлаганди.

Аммо Вилдерс ўша вақтдаги маъмуриятга расман қўшилмаган ва ҳатто бир ярим йил ўтиб бюджет масалаларидаги келишмовчилик туфайли ушбу маъмурият истеъфога чиқишига эришганди. Ўшанда Рютте ҳукумати бюджет тақчиллигини қисқартиришни ва пенсияга чиқиш ёшини бир йилга оширишни истаганди.

Ислом динига қарши қатъий позицияси Вилдерсни нафақат асосий (мейнстрим) партиялардан узоқлаштиради, балки уни радикал кучлар нишонига айлантиради. Шу туфайли Вилдерс қарийб 20 йилдан буён полициянинг 24 соатлик ҳимояси остида яшаб келади. Шу билан бирга у ҳеч қандай таҳдид уни жим бўлишга мажбур қила олмаслигини таъкидлайди.

Вилдерс бу сайловда Ҳаага мэриясида овоз берди, бу ерга у баҳайбат қўриқчилар қуршовида ташриф буюрди, бунгача бино синчиклаб текшириб чиқилганди.

Вилдерс сиёсатида ислом динига қарши кайфият қандай ролни бажаради?

Дания ва Швецияда Қуръон ёқилишига қарши Ҳаагада 2023 йил 26 август куни ўтказилган акция. Фото: GETTY IMAGES

Айтиш мумкинки, асосийларидан бири. 2009 йилда Британия ҳукумати «жамоа тотувлиги ва жамоат хавфсизлиги»га таҳдид солишини билдириб, унинг мамлакатга киришини тақиқлаганди.

Уни Лордлар палатаси аъзоси ва Бирлашган Қироллик Мустақиллик партиясининг собиқ етакчиси лорд Пирсон таклиф этганди. Ўшанда Вилдерс Қуръон қаттиқ танқид қилинган 17 дақиқалик «Фитна» филмини намойиш этиши режалаштирилганди.

Бу сафарги сайловлар арафасида Вилдерс ўз сайловчилари доирасини кенгайтиришга уриниб кўрди ва ҳамон «мамлакатни исломлаштириш»га қарши бўлса-да, конституцияга зид келадиган ҳеч қандай ҳаракат қилмаслигини айтди.

2014 йилда у келиб чиқиши марокашлик бўлган одамларни ҳақоратлашда айбдор деб топилганди. Ҳаагадаги митингда у йиғилганларга қарата учта савол йўллайди: улар Евроиттифоқнинг роли камайтирилишини хоҳлашадими? Улар Меҳнат партияси (PvdA)нинг сиёсатдаги роли камайтирилишини хоҳлашадими ва улар мамлакатда ва жумладан Ҳаагада марокашликлар камроқ бўлишини хоҳлашадими? Оломон бу уч саволнинг барчасига «камроқ» дея ҳайқириб жавоб қайтаришганди.

Судда Вилдерс барча марокашликларга эмас, фақат жиноят содир этувчи, ишламайдиган ва давлат тайинлаган нафақа ҳисобига кун кўрувчиларга қаршилигини айтади. 2016 йилда унга қўйилган айбловлар олиб ташланади.

2017 йилги сайлов кампаниясида у мамлакатдаги айрим марокашликларни «чиқиндилар» деб атайди.

Агар ҳеч қандай кутилмаган ҳодиса рўй бермаса, жорий йил охирида Вилдерс мамлакат парламентида энг кўп вақт ишлаган депутатга айланади.

У биринчи марта 1998 йилда ўнг марказчи Озодлик ва демократия учун халқ партиясидан сайланади ва аввалига ҳозирги бош вазир Рюттенинг сиёсий устози вазифасини бажаради.

Вилдерснинг мушуклари ва «уларнинг» твиттердаги аккаунти

Вилдерс – Исроилнинг изчил тарафдори ва Нидерландиянинг Рамаллоҳдаги (Иордан ғарбий соҳилида) дипломатик ваколатхонасини ёпиб, элчихона Қуддусга кўчирилишини ёқлайди.

У ўз фикрини лўнда ва ихчам ифодалашни қойиллатади - бу фикрлар қанчалик зиддиятли бўлмасин: «Биз муросасизларга узоқ вақт муроса қилдик. Биз муросасизларга муросасиз бўлишимиз керак», «Бадбўй муаммоларни қоронғи бурчакка яшириб қўйган билан ҳид ҳеч қаерга йўқолмайди», «Мен – ўнгчи ҳам, сўлчи ҳам эмасман. Мен – оддий одамлар ва уларни ташвишга соладиган муаммолар ҳақида қайғураман».

Айтишларича, Вилдерс сиёсатдан ташқарида – меҳрибон киши ва ҳатто сиёсий рақиблари билан яхши муносабатлар ўрнатган.

Унинг икки мушуги бор: Снуте ва Плюсе, уларнинг Х (собиқ Twitter) ижтимоий тармоғида 23 мингдан ортиқ обуначига эга ўз аккаунти бор.

Унинг партияси нимани ёқлайди?

Вилдерс партиядошлари билан сайлов натижалари эълон қилиниши вақтида
Фото: CARL COURT / STAFF

Озодлик партияси ва унинг етакчиси бир танганинг икки томонидек. Вилдерс ўзининг оташин нутқларида айтган ҳамма гаплар у ёки бу шаклда партиянинг сайловолди манифестида акс этган.

Унинг асосий нуқталарига қисқача назар ташлаш шуни кўрсатадики, Вилдерснинг сайловолди кампаниясидаги анча мўътадил баёнотларига қарамай, партия сиёсатининг умумий йўналиши ўзгаришсиз қолган: бу Европадаги ўнг популистик партияларга хосдир.

Озодлик партияси қуйидагиларнинг тарафдори:

  • «Кучлироқ ва мағрур Нидерландия», қайсики, нидерландлар яна қадр топадиган мамлакат;
  • «Омад изловчилар» учун мамлакатни ёпиш;
  • «Нидерландлар дискриминацияси»га чек қўйиш, уларга турар жой ажратишда устуворлик бериш;
  • Халқаро молиявий ёрдамни тўхтатиш: «Нидерландларнинг сариқ чақаси ҳам Брюссел, Италия, Африка ёки яна қаергадир кетмаслиги керак»;
  • ЕИдан чиқиш: «Биз чегараларимиз, пулларимиз ва қонунларимизни назорат қилишимиз керак». Бу масалада референдум ўтказиш мажбурий. Айни вақтда мамлакат аҳолисининг аксари ЕИдан чиқишни истамайди, аммо Озодлик партияси коалиция ҳукуматига кирса, ушбу бандни талаб қилади;
  • Нидерландия тарихи ва маданиятига дунёвий қадриятлари билан устуворлик берилиши керак: «Агар сизга бу ёқмаса, унда кетинг». «Бизнинг анъаналаримиздан қўлингизни тортинг: Zwarte Piet (Қора Пит, Санта Клауснинг ёрдамчиси), Рождество ва Пасха қолади»;
  • Сўл сиёсий фаолиятнинг барча турлари, жумладан, «гендер меъёрлари, иқлим жиннилиги ва хилма-хиллик тўғрисидаги бемаънилик» кабиларни давлат томонидан молиялаштириш ва субсидия беришни тўхтатиш;
  • Ҳукумат ахборотини араб ва турк тилларида беришни тўхтатиш.

Рўйхатга, шунингдек, вазирлар, мамлакат парламенти ва Европарламент депутатлари маошларини 20 фоизга қисқартириш, қироллик оиласини мажбурий солиққа тортиш ва улар учун ажратиладиган харажатларни 20 фоизга қисқартириш, ҚҚСни камайтириш, пенсия ёшини камайтириш ва пенсионерлар учун имтиёзларни кенгайтириш кабилар киради.

Шундай турли-туман ваъдалар Озодлик партияси сайлов якунларига кўра биринчи ўринни эгаллаб, Нидерландия партиясидаги 150 ўриндан 37 тасини ўзиники қилишига олиб келди.

Бу ғалаба Вилдерс бош вазир бўлишини англатадими?

Ҳали Нидерландия бош вазири бўлиши кафолатланмаган Герт Вилдерс ва ваколати тугаётган бош вазир Марк Рютте 2017 йилда

Бу факт эмас. Қолаверса, Озодлик партиясининг сайловлардаги мисли кўрилмаган ғалабаси у ва Вилдерснинг сиёсий мағлубиятига айланиб кетиши ҳам мумкин.

Ҳозирда партия 37 ўринга эга - кўп, аммо сеҳрли рақам ҳисобланадиган 76 тадан анча кам. Ҳукмрон коалиция ўз сиёсатини амалга ошириш учун камида шунча ўринга эга бўлиши керак.

Азалдан Нидерландиянинг сиёсий манзараси жуда кўп парчаларга бўлинган. Сайлов қонунчилигида партиялар парламентга кириши учун чегара йўқ, камида 60 минг киши овозини олган исталган партия унга кириши мумкин. Коалиция ҳукумати, масалан Британиядаги каби истисно эмас, балки – норма ҳисобланади.

Рютте истеъфога чиқаётганини эълон қилганидан сўнг (у НАТОнинг кейинги бош котиби бўлишни кўзлаган), унинг раҳбарлигидаги Озодлик ва демократия халқ партиясидан номзодлар рўйхатини Туркияда туғилган Дилан Йешилгёз-Зегреус бошқармоқда, у келиб чиқишига кўра муҳожирларга мансуб бўлса-да, иммиграцияни қисқартиришни ёқлайди.

Сайловолди сўровларига кўра, партия 18 фоиз овоз билан биринчи ўринда эди ва унинг ўзи ҳам Нидерландия тарихидаги илк аёл бош вазир бўлишга интилаётганди.

Амалда эса партия парламентдаги 24 депутатлик ўрни билан фақат учинчи ўринда қолди.

Дилан Йешилгёз-Зегреус бош вазир бўлиши даргумон, аммо бу ўрин кимга тегиши унга ҳам боғлиқ
Фото: REUTERS/PIROSCHKA VAN DE WOUW

Овоз бериш бошланишидан олдин Йешилгёз-Зегреус Вилдерс билан ишлашга тайёрлигини, аммо унинг қўли остида ишламаслигини айтганди. Яъни, у рақиби билан коалиция тузишга қарши эмас, фақат бош вазирлик лавозими берилиши шарти билан. Тўғри, сайловдан кейин у бир неча марта риторикани ўзгартирди ва энди коалицияга кириш масаласи барча ҳамкасблари билан биргаликда ҳал қилинишини айтмоқда.

Айни вақтда Озодлик партияси учун «Фермерлар ва фуқаролар ҳаракати» етти ва ултра ўнг «Христиан иттифоқи» уч овоз ваъда қилган.

Аммо 47 ўрин ҳам етарли бўлмаслиги аниқ.

ЕИнинг собиқ комиссари Франс Тиммерманс бошчилигидаги сўл алянс 25 депутатлик мандати билан иккинчи ўринни эгаллаган.

Вилдерс бу алянсдан ҳеч нарса умид қила олмайди, чунки сўллар сайловдан олдин ҳам у раҳбарлик қиладиган ҳукумат билан ҳеч қандай умумийлиги бўлмаслигини, нидерланд демократияси ва қонун устуворлигини ҳимоя қилишда давом этиши, мамлакатнинг барча аҳолиси келиб чиқишидан қатъи назар тенглигини таъминлаш учун курашишини эълон қилишганди.

Тўртинчи ўринни эса 20 мандат билан яқинда тузилган «Янги ижтимоий шартнома» партияси банд этган. Унинг раҳбари Питер Омзигт ҳукумат раҳбарлигига даъвогарлик қилмайди, аммо коалиция тузилишида ҳал қилувчи овоз бўлиб чиқиши мумкин.

Омзигт ҳам сайловдан олдин Вилдерс билан бирга ишламаслигини билдирганди, аммо, ўз партияси қайд этган  юқори натижадан кейин вариантларни кўриб чиқишга тайёрлигини айтди.

Коалиция тузиш бўйича музокаралар қандай кечади?

Ҳаагадаги Нидерландия парламенти биноси. Бош вазир қароргоҳи ҳам шу ерда жойлашган
Фото: ALEKSANDARGEORGIEV

Бу баъзилар учун (масалан, Нидерландия сиёсатига ихтисослашган журналистлар учун) қизиқарли бўлса-да, амалда узоқ ва мураккаб кечадиган жараён.

Ҳозирда барча манфаатдор томонлар кимда 76 ўринни тўплаш имконияти борлигини кўриб чиқиш учун арифметика машқлари билан машғул.

Барчаси парламентнинг янги депутатлари кабинетни шакллантириш учун йиғилишидан бошланади. Бу жараён парламент сайтида «мураккаб ва ҳаяжонли» деб таърифланган.

Ҳар бир сиёсий партиянинг биринчи иши «разведкачи», яъни қалин сиёсий ўрмонда сўқмоқ қидирадиган одамни тайинлаш бўлади. У музокараларнинг дастлабки босқичини ўтказади.

Кейин парламент «информатор»ни танлайди (2012 йилга қадар уни монарх тайинларди), унинг иши коалициянинг эҳтимолий таркиби ва коалиция келишуви мазмунини белгилаш бўлади.

Қоидага кўра, бу вазифа манфаатдор томонларнинг ҳеч бирига аъзо бўлмаган, узоқ муддатли ва  бенуқсон сиёсий фаолият тажрибасига эга шахсга топширилади.

Агар барча келишувга эришса, коалиция келишуви тузилади ва имзоланади, янги ҳукумат ўз режаларини парламентга баён қилади, сўнгра ишонч вотуми бўйича овоз бериш бўлиб ўтади.

Агар келишувга эришилмаса, «информатор» истеъфога чиқади ва барчаси қайтадан бошланади.

Бу жараён абадий давом этиши мумкин, чунки коалицияга кириши мумкин бўлган ҳар бир партия ўз сайлов манифестини коалиция келишувига киритиш ва вазирлик лавозимларини эгаллаш учун курашади.

Истеъфога чиқаётган Марк Рюттенинг ҳукуматини шакллантиришга 271 кун вақт кетганди.

Нидерландия парламентидаги партиялар сони инобатга олинса, коалицияни шакллантириш сайловларнинг ўзидан кўра муҳимроқ босқич бўлиши мумкин. Таҳлилчиларнинг аксари янги кабинет 2024 йил ярмидан олдин пайдо бўлишини кутмаяпти.

Унгача эса мамлакатни Марк Рютте бошқаришда давом этади.

Нидерландиянинг Украинага нисбатан сиёсати ўзгарадими?

Вилдерс ва Орбан Будапештда. Уларнинг қарашлари бир-бирига жуда яқин
Фото: GEERT WILDERS / TWITTER

Вилдерс Венгрия бош вазири Виктор Орбаннинг сиёсий йўналишини қўллаб-қувватлайди ҳамда Украина ЕИ ва НАТОга қабул қилишига қарши. Орбан биринчилардан бўлиб Вилдерсни ғалаба билан табриклади. «Ўзгаришлар шамоли эса бошлади», — дея ёзган у.

Вилдерс шунингдек Нидерландия Украинага тақдим этаётган ҳарбий ёрдамни мамлакат ичида ҳарбий салоҳиятни мустаҳкамлаш ва кенгайтириш учун ишлатиш ҳам мумкин деб ҳисоблайди.

Кенг кўламли уруш бошланганидан буён Нидерландия Украинанинг йирик ҳамкорларидан бирига айланган.

Кил халқаро иқтисодиёт институти маълумотига кўра, мамлакат Украинага қарийб 2,5 млрд евро миқдорида ҳарбий ёрдам ва 1 млрд доллар молиявий ёрдам кўрсатган.

Марк Рютте бошчилигидаги Нидерландия ҳукумати Украинага кейинги йил яна 2 млрд доллар миқдорида ҳарбий ёрдам етказишни ваъда қилган.

Янги коалиция шакллантирилиши давом этаркан, Нидерландиянинг Украинага муносабати ўзгармайди. Ундан кейин эса бу ҳукумат таркибига боғлиқ бўлади.

Агар Вилдерс бош вазирлик ўрнини эгаллашга муваффақ бўлса ҳам, унинг коалициядаги ҳамкорлари Украинага ёрдамни қисқартиришни ёқлаши факт эмас. Шундай экан, Киев сабр қилиб кутиши керак бўлади.

Мавзуга оид