Жаҳон | 14:35 / 24.11.2023
6913
3 дақиқада ўқилади

Полша юк ташувчилари Украина чегарасида норозилик намойишларини кенгайтирди

Украиналик ҳамкасблари учун имтиёзларга қарши норозилик билдираётган Полша ташувчилари чегарадаги сўнгги юк ўтказиш пунктини тўсиб қўйди.

Фото: Omar Marques/AA/picture alliance

23 ноябр, пайшанба куни AFP хабарига кўра, Полша юк машиналари ҳайдовчилари яна бир назорат-ўтказиш пунктини тўсиб қўйиш орқали Украина билан чегарадаги норозилик намойишларини кенгайтирди.

«Бугун биз Медик чегарасида турибмиз, қишлоқ хўжалиги ва транспортдаги вазиятга қарши уч кунлик огоҳлантирувчи норозилик намойишини бошлаймиз», деди агентликка фермерлар норозилиги раҳбари Роман Кондроу.

Полша фермер хўжаликлари ҳам ҳайдовчилар намойишига қўшилди, деб ёзади AFP. «Биз Полшадаги миллий транспорт секторимизни ва биз бир-биримизни қўллаб-қувватлаймиз - улар бизни қўллаб-қувватлаяпти, биз уларни қўллаб-қувватлаймиз», деди Кондроу намойишнинг кенгайиши ҳақида.

Украина ва Полша ўртасида юк ташиш деярли тўхтади

Медикдаги назорат-ўтказиш пункти тўсиб қўйилгандан сўнг, Украина ва Полша ўртасида деярли барча назорат пунктлари юк ташиш учун ёпилди. Ўтиш жойларида узунлиги 18 кмгача бўлган юзлаб юк машиналарининг навбати юзага келди. Баъзи нуқталарда ўтиш учун кутиш муддати беш кунни ташкил этяпти.

Юк машиналари бошқа назорат пунктларидан бурилиб келаётган Медикдаги блокада 34 км узунликдаги тирбандликка олиб келди. Намойиш ташкилотчиларининг айтишича, улар йўловчилар бўлган автомобиллар, шунингдек, гуманитар ва ҳарбий ёрдам юклари ўтишига рухсат бермоқда.

Украина юк машиналари ҳайдовчилари учун имтиёзлар

Полшалик юк ташувчилар Украина юк машиналарининг Европа Иттифоқига киришига мажбурий рухсатномалар тикланишига эришмоқчи. Россия Украинага кирганидан кейин Европа Иттифоқи Украина иқтисодиётини қўллаб-қувватлаш мақсадида ушбу рухсатномаларни бекор қилди. Ушбу чора дастлаб бир йилга амал қилган, бироқ ўтган ёзда у 2024 йилнинг июнигача узайтирилган эди.

Украина билан чегарадош мамлакатларнинг транспорт компаниялари Украинанинг арзонроқ ташувчилари билан рақобатлаша олмайди, уларнинг сони рухсат бериш талаблари йўқлиги сабабли кескин ошди. Полша ҳайдовчиларининг норозилигига Словакиядан юк машиналари ҳайдовчилари ҳам қўшилди.

Украина Халқаро автомобил ташувчилар уюшмаси (ХАТУ) вице-президенти Владимир Балиннинг айтишича, иш ташлаган компанияларга қарши даъволар тайёрланмоқда.

Мавзуга оид