Ўзбекистон | 17:47 / 25.11.2023
16155
8 дақиқада ўқилади

«Док-1 Макс» иши: Суддан Фармагентликнинг яна бир собиқ раҳбарига нисбатан жиноят иши қўзғатиш сўралди

Навбатдаги суд мажлисида Фармагентликнинг собиқ раҳбари С.Кариевни ҳимоя қилаётган адвокатлардан бири иш бўйича гувоҳликка чақирилган уч кишига нисбатан жиноят иши очишни сўради. Шунингдек, аввалги суд мажлисида кўрсатма берган экспертлар хулосасига адвокатлар томонидан шубҳа билдирилди.

Суд мажлисида дастлаб судланувчи Мусаев ва Азимовларнинг сурункали касаллиги бўйича ўтказилган тиббий экспертиза натижалари эълон қилинди. Экспертиза хулосаларига кўра, ҳар иккала судланувчи ҳам тавсия этилган дори-дармонларни қабул қилиб туриши мақсадга мувофиқ. Аммо уларнинг айни пайтдаги ҳолати озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўташга монелик қилмайди.

Шундан сўнг, судланувчи Фармацевтика агентлигининг собиқ раҳбари С.Кариевнинг адвокати Темур Раҳматов масалага дахлдор 3 нафар шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатиш бўйича судга илтимоснома киритди. Улардан бири Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигида юқори лавозимларда, хусусан С.Кариев лавозимидан олинганидан сўнг унинг ўрнини эгаллаган Улуғбек Эгамов.

Жиноят процессуал кодексининг 417-моддасига асосан учта илтимоснома киритмоқчиман. Биринчиси, судда сўроқ қилинган Улуғбек Эгамовга (Фармацевтика агентлигининг собиқ раҳбарининг биринчи ўринбосари сифатида, кейинчалик Фармацевтика агентлиги директори сифатида ишлаган) нисбатан жиноят иши очиш ҳақида прокуратурага хабарнома бериш тўғрисидаги илтимоснома. Судда сўроқ қилинган гувоҳнинг ҳаракатларида жиноят аломатлари аниқланса, суднинг бу ҳақида хабарнома бериб, ажрим чиқариши кўзда тутилган. Улуғбек Эгамовнинг дастлабки терговдаги кўрсатмалари, шунингдек, судланувчи A.A.нинг унга нисбатан берган кўрсатмасидан хулоса қиладиган бўлсак, Улуғбек Эгамов A.A.ga хизмат ваколатига кирмаган иш бўйича топшириқ (“Кураракс” дорисини инспекцион текширувдан олиш бўйича) бергани, Телеграм'даги ёзишмаларидан ҳам аниқланган. Бу ҳақда скриншотлар бор. Нимагадир дастлабки тергов Эгамовга нисбатан жиноят иши қисмини бекор ҳам қилмаган. Бу жиноят процессуал қонунчилигининг қўпол бузилиши деб ҳисоблаймиз. Шу сабаб бу ҳақда прокурорга хабар бериш керак деб ўйлаймиз”, дейди адвокат Раҳматов

Ҳимоячи жиноят процессуал кодексининг 417-моддасига асосан, Улуғбек Эгамовни мансаб-мавқеини суиистеъмол қилганини таъкидлади. Адвокат Темур Раҳматов кейинги илтимосномасида яна бир гувоҳ - Фармацевтика агентлиги собиқ раҳбарининг ёрдамчиси вазифасида ишлаган Умид Темировга нисбатан ҳам жиноят иши очилишини сўради. Адвокат уни ёлғон кўрсатма бергани ва бир қанча ҳужжатларни қалбакилаштирганини билдирди.

Жиноят иши материаллари билан танишганимизда 1 та дори воситаси бўйича эмас, 2-3 та дори воситаси бўйича протокол аниқлаштирилган. Яъни бу ерда биринчи қисммас, такрорий ҳолатлар мавжуд. Бундан ташқари, суд мажлисида келиб, Темиров тергов ҳаракатларни буткул ўзгартирди. Бошида кўрсатмаларда баённомани кўргандан кейин ўзгартирдим деган гапларни суд мажлисида бошқача талқин қилганини кўриш мумкин. Бу бўйича, бизнинг фикримизча, умуман бошқа ҳолат бўлиб чиқяпти. Бу нарсани текшириш керак”, - дея таъкидлади ҳимоячи.

Адвокат Раҳматов учинчи илтимосномасида судга гувоҳ сифатида чақирилган Фаррух Толипов ҳалиям соҳада ишлаб келаётганига эътибор қаратиш лозимлигини айтди.

Дастлабки терговда С.Р.П. (ҳиндистонлик судланувчи) тўғридан тўғри кўрсатма бериб, бошқа давлат томонидан берилган гувоҳномани қалбакилаштириш учун 1000 доллар берганман деди. Судда ”Толиповга С.R.P.ни танийсанми?” деб савол берганимизда ”йўқ” деб жавоб берган. Лекин бизнинг адвокатлик суриштирувларимиз давомида ҳиндистонлик С.Р.П. билан 25 маротаба телефонлашгани маълум бўлди”, дейди адвокат Раҳматов.

Давлат айбловчиси адвокатнинг илтимосномасини қаноатлантиришни рад этишни сўради. Фармацевтика агентлигининг собиқ раҳбари С.Кариев бошқа адвокатлар томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланган бўлса, қолган адвокатлар эса ҳимояси остидаги судланувчининг манфаатларидан келиб чиққан ҳолда илтимосномани қаноатлантириш ёхуд рад этишни билдиришди.

Судлов ҳайъати мазкур илтимоснома бўйича аниқлаштириладиган ҳолатлар борлигини, сўров юборилиб, аниқлаштирилган ҳолатларга кўра, бу бўйича якуний қарор кейинги суд мажлисларида эълон қилинишини айтди.

Кейин судланувчи Кариевнинг яна бир адвокати ўтган суд мажлисида кўрсатмаси эшитилган икки нафар экспертни нотўғри хулоса берганлигини қайд этди.

Экспертлар хулосасидан келиб чиқиб, экспертиза ўтказилган сана ва жой кўрсатилмаган, асос маълум қилинмаган ва қарор ёки буйруқ чиқарилмаган. Бундан ташқари, экспертиза тайинлаган орган тўғрисида маълумот берилмаган”, дейди адвокат Худойберганов.

Адвокат экспертларнинг ”Кураракс” дори воситасининг савдо номи ўзгартирилган деб берилган хулосасига эътироз билдирди. Қўшимча қилишича, 213-модда билан тасдиқланган низомда бу нарса белгилаб қўйилган. Ариза қандай шаклда берилиши кўрсатилмаган.

Адвокат, шунингдек, GMP сертификати масаласига тўхталди:

Мазкур ҳужжатнинг муддати ўтмаган, муддати тугагандан кейин электрон шаклда давлат хизматлари марказига мурожаат қилинган. Ўша вақтда марказда электрон тарзда тақдим қилинган ҳужжатлар билан ишлаш амалиёти ривожланган, қоғоз ҳужжатларга эътибор 2-даражада бўлган. Ўтган суд мажлисида сўроқ қилинган Рустам Тўлаганов эса фақат қоғоз шаклидаги ҳужжатлар билан танишганини айтган эди. Шунингдек, Вазирлар маҳкамасининг 213-сонли қарори билан экспертлар таништирилмаган. Экспертларнинг кўрсатмалари бир-бирига мос келмаяпти. Ҳужжатни номақбул деб далиллар сафидан чиқаришингизни сўрайман”, дейди адвокат Худойберганов.

Адвокатнинг таъкидлашича, мазкур хулоса процессуал тартибда эмас, балки ДХХ томонидан юборилган биргина алоқа хатига асосан тузилган.

Адвокат сўзи якунида Соғлиқни сақлаш вазирлигининг экспертлари томонидан “Dok-1 maks” иши бўйича тузилган хулосани номақбул далил деб топиш ва далиллар рўйхатидан чиқаришни сўраб, илтимоснома тақдим этди. Мазкур илтимосномани ҳам деярли барча адвокатлар қаноатлантирилишини сўрашди.

"Док-1 макс" иши бўйича навбатдаги суд мажлиси 27-ноябр куни давом этади.

Аввалги суд мажлисларининг айрим тафсилотлари

“Док-1 Макс” иши бўйича суднинг аввалги мажлисларида ҳиндистонлик тадбиркор ўзига тегишли корхонага инспекцион текширув тушишининг олдини олиш, шунингдек, Ўзбекистон ҳудудига “Док-1 Макс” сиропи каби яна бир талабга жавоб бермайдиган ”Кураракс” дорисига рухсат олишга уринганини айтиб, агентликнинг собиқ ходимига 33 минг доллар берганини тан олганди.

Тошкент шаҳар судида 15 ноябр куни бўлиб ўтган суд мажлисида гувоҳ ҳозир ишсиз бўлган Улуғбек Эгамов кўрсатмаси тингланганди. У жиноят ишига сабаб бўлган ҳодисалар юз берган пайтда Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори ўринбосари, кейинчалик эса агентлик раҳбари лавозимида ишлаган.

Судда судланувчи С.Кариев очиқдаги ҳамкасбига жиноят иши очилишини сўради. Судланувчининг айтишича, тергов пайтида Ҳиндистоннинг ”Кураракс” дорисини (яъни 33 минг доллар пора эвазига инспекцион текширувдан олиб ташланган дори воситаси) инспекцион текширувдан олиб ташлаш бўйича агентликдан топшириқ бўлган. Бу иш эса Фармагентликнинг собиқ раҳбари С.Кариев номидан унинг ўринбосари Улуғбек Эгамов топшириғига кўра қилинган.

Судланувчи С.Кариев судга гувоҳ сифатида чақирилган Улуғбек Эгамовга юзланиб, “Кураракс” дорисини инспекцион текширувдан олиб ташлаш бўйича менга мурожаат қилганмидинг”, деди. Гувоҳ Улуғбек Эгамов саволга жавобан бу бўйича унга мурожаат қилмаганини билдирган. Шундан сўнг, судланувчи гувоҳдан дорини инспекцион текширувдан олиб ташлаш учун олинган 33 минг долларнинг қанча қисми унга текканини сўраган. Гувоҳ бу пулларни кўрмаганини маълум қилган.

Мавзуга оид