Ўзбекистон | 13:42 / 28.11.2023
22120
2 дақиқада ўқилади

8-синф ўқувчиси мактабда электр токи уриши натижасида вафот этган — Бош прокуратура

Суд тиббий экспертизасининг дастлабки хулосаси 8-синф ўқувчисининг ўлимига электр токи уриши сабаб бўлганини кўрсатган. Тошкент шаҳар Мактабгача ва мактаб таълими бош бошқармаси аввалроқ ўқувчи ток уриши туфайли вафот этмаганини, мактаб стадиони ва унинг атрофида электр энергия узаткичлари борлиги аниқланмаганини билдириб, баёнот берганди. 

Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманидаги 99-мактабнинг 8-синф ўқувчиси ўлими юзасидан дастлабки экспертиза хулосалари очиқланди. 

Бош прокуратуранинг Kun.uzʼга тақдим қилган маълумотномасига кўра, 15 ёшли боланинг ўлими электр жароҳати, электр токи ёйидан захарланиш, ўткир нафас юрак қон томир етишмовчилиги, бош мия ва ўпка шиши, чап қўл кафт соҳаси электр тамғаси натижасида юз берган. 

Ҳозирда ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда, «натижасига кўра қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади», – дейилади маълумотномада.

Эслатиб ўтамиз, ўқувчи билан рўй берган бу воқеа ҳақидаги хабарлар 28 ноябр куни тарқалди, ҳолат бундан бир кун олдин тахминан соат 18:15ларда бўлгани айтилганди. 

Кейинроқ ММТБ вакиллари бу бўйича расмий муносабат билдириб, бола муассаса ҳовлисидаги спорт майдонидан чиқиб кетаётганида аҳволи ёмонлашиб, ҳушидан кетганини, Республика ихтисослаштирилган кардиология марказига олиб кетилгани ва у ерда ҳам ўзига келмай вафот этганини қайд этганди.

Қолаверса, бошқарма ўқувчини ток урмагани ва мазкур ҳудудда ҳеч қандай электр токи кабели узилган ҳолат кузатилмагани ҳамда мактаб стадиони ва унинг атрофида электр энергия узаткичлари борлиги аниқланмаганини ёзиб ўтган. Бироқ ҳозирда хабардан мазкур жумлалар олиб ташлаб, таҳрирлаб қўйилган.

 

Мавзуга оид