“Эталон лойиҳа” — Шавкат Мирзиёев Сирдарёда ишга тушган йирик ИЭС ҳақида
Президент 1,5 GW қувватли замонавий ва энергия самарадор станция рекорд муддатларда, давлат кафолатисиз, тўғридан тўғри инвестициялар ҳисобига қурилганини эътироф этди.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 27 ноябр куни Саудия Арабистони делегацияси билан биргаликда бу мамлакатнинг ACWA Power компанияси иштирокидаги иккита лойиҳага старт берди.
Тантанали тадбирда Сирдарё вилоятида барпо этилаётган замонавий буғ-газ электр станциясининг 1-блоки ишга туширилди. Шунингдек, Чирчиқ шаҳрида яшил водород ишлаб чиқариб, уни яшил ўғитларга қайта ишловчи корхона қурилиши бошланди.
Шавкат Мирзиёев маросимдаги нутқида Саудия Арабистонининг инвестициялар вазири Холид Ал-Фалиҳ ва икки мамлакат ишбилармонлар кенгаши ҳамраиси, ACWA Power компанияси бошқаруви раиси Муҳаммад Абу-Наян раҳбарлигидаги делегацияни янги лойиҳалар билан қутлади.
“Биз сўнгги йилларда Саудия Арабистони подшоҳи Салмон Ол Сауд ва Валиаҳд Муҳаммад Ол Сауд ҳазрати олийлари билан биргаликда икки томонлама ҳамкорлигимизни юксак босқичга кўтариш учун қатъий ҳаракат қилмоқдамиз.
Подшоҳликка амалга оширган олий даражадаги ташрифларимиз ва кўплаб аниқ келишувларимиз ўзаро алоқаларимизга қудратли шиддат ва янгича руҳ бағишлади.
Савдо айланмаси ҳажми сўнгги 3 йилда 5 баробарга ўсди, қўшма корхоналар, авиақатновлар ва сайёҳлар сони мунтазам ортиб бормоқда. Ҳозирги вақтда қўшма инвестиция лойиҳалари портфели 20 миллиард долларга етди”, – деди президент.
Саудия делегациясининг Тошкентга бу галги ташрифи доирасида кимё, энергетика, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, IT ва инфратузилмани ривожлантириш соҳаларида 12 миллиард долларлик лойиҳалар бўйича келишувлар имзоланди.
Шавкат Мирзиёев, шунингдек, бунга қўшимча яна 11 млрд долларлик янги истиқболли лойиҳалар бўйича келишиб олинганини қайд этди.
Давлат раҳбари бевосита “Сирдарё” ИЭСга тўхталар экан, 1,1 гигаваттли бу станцияни эталон лойиҳа деб таърифлади.
“Саудия Арабистонининг дунёга машҳур ACWA Power компанияси бугун ҳамкорлигимизнинг том маънодаги локомотивига айланди, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.
Мана шундай ҳаяжонли дақиқаларда ишга туширилаётган янги “Сирдарё” иссиқлик электр станцияси Ўзбекистон энергетика тармоғида ўзига хос эталон лойиҳа бўлиб, мамлакатимиз иқтисодиёти тараққиётига беқиёс ҳисса қўшади.
Рекорд муддатларда, давлат кафолатисиз, тўғридан-тўғри инвестициялар ҳисобига энг замонавий ва энергия самарадор бўлган ана шундай йирик станция юқори сифатда қуриб битказилди.
Қиймати 1,1 миллиард доллар бўлган ва қуввати 1,5 гигаваттли ушбу станция 3 миллион хонадонни ва юзлаб саноат корхоналарининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини кафолатли таъминлайди.
Лойиҳа доирасида Хитойнинг жаҳондаги энг йирик компанияларидан бири – Energy China бош пудратчи сифатида танланган бўлса, Япониянинг Mitsubishi компанияси энг илғор технологияларни мураккаб шароитларга қарамасдан, жадал етказиб берди”, – деди Шавкат Мирзиёев.
Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, айни пайтда ACWA Power компанияси иштирокида Ўзбекистон энергетика соҳасида 8 млрд долларлик йирик лойиҳалар амалга оширилмоқда. Улар мамлакатнинг 2030 йилгача 25 гигаватт қайта тикланувчи энергия қувватларини яратишга қаратилган мақсад ва режаларини тўлиқ амалга оширишга жуда катта ҳисса қўшади.
“Бу муҳим лойиҳалар энергетика тармоғини модернизация қилиб, 4,5 миллиард куб метр табиий газни тежашга, атмосферага салкам 3 миллион тонна зарарли газлар чиқишининг олдини олишга хизмат қилади”, – деди президент.
Шавкат Мирзиёев Чирчиқда қурилиши бошланган яшил водород ишлаб чиқарувчи корхонани “минтақада ўхшаши йўқ келажак лойиҳаси” деб атади.
“Бугун саудиялик ҳамкорларимиз билан минтақамизда ўхшаши йўқ яна бир келажак лойиҳасига – Тошкент вилоятида “яшил водород” ишлаб чиқариш корхонасининг қурилишига старт берамиз.
Мазкур “пилот” лойиҳа доирасида республикамизда йилига 3 минг тонна водород ишлаб чиқарилади ва 52 мегаватт шамол станцияси фаолият бошлайди.
Бунда Хитойнинг етакчи LONGi компаниясининг замонавий технологиялари асосида дунёда биринчилардан бўлиб, “яшил водород”дан минерал ўғитлар ишлаб чиқаришга эришамиз.
Ушбу лойиҳа мамлакатимизнинг инвестиция ва экспорт салоҳиятини янада ошириш учун қўшимча захира яратади”, – дея таъкидлади Ўзбекистон раҳбари.
Мавзуга оид
18:55 / 14.09.2024
АҚШда водородда ҳаракатланадиган ноёб самолёт тақдим этилди
07:53 / 30.08.2024
ЕТТБ Ўзбекистонда қайта тикланадиган водород ишлаб чиқариш учун маблағ ажратади
18:28 / 21.08.2024
ФНҚЗни 100 млн долларга хусусийлаштириб олган Saneg унинг бир қисмини 140 млн долларга сотди
10:46 / 09.07.2024