Жаҳон | 11:06 / 28.11.2023
4501
2 дақиқада ўқилади

Спикер Жонсон: АҚШ Украина ва Исроилга ёрдам беришни маъқуллайди

АҚШ Конгресси яқин вақт ичида Украина ва Исроил учун қўшимча маблағ ажратишни маъқуллаши мумкин, деди Вакиллар палатаси спикери Майк Жонсон. 

Фото: Francis Chung/POLITICO

АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикери Майк Жонсон Конгресс рождество олдидан Исроил ва Украинага қўшимча ёрдам пакетини маъқуллашига ишонч билдирди. «Менимча, буларнинг барчаси яқин кунларда бирлашади. Ишончим комилки, биз буни уддалай оламиз», - деди у Флорида штатининг Сарасота шаҳрида 27 ноябр, душанба куни бўлиб ўтган тадбирда. 

Жонсон Исроилга ёрдам кўрсатишни Қўшма Штатлар учун асосий устувор вазифа деб атади, унинг сўзларига кўра, яна бир устувор вазифа Украинани қўллаб-қувватлашдир. «Албатта, биз Россиянинг Европа бўйлаб юришига йўл қўя олмаймиз ва биз Украинага ёрдам кераклигини тушунамиз», деб таъкидлади Вакиллар палатаси спикери. Ҳар икки давлатга ёрдам бериш учун «шошилинчлик ҳисси» бор, деди у ва Конгресс аъзолари бу борада фаол музокаралар олиб бораётганини қўшимча қилди. 

Шу билан бирга, Жонсон қўллаб-қувватлаш шартини илгари сурди - унинг сўзларига кўра, бу қонун чиқарувчиларнинг АҚШ чегараларида хавфсизлик сиёсатидаги ўзгаришлар бўйича келишиб олишига боғлиқ бўлади. Politico таъкидлаганидек, республикачилар ҳар қандай қўшимча харажатлар тўғрисидаги қонун лойиҳасининг бир қисми сифатида ушбу ўзгаришларни илгари суришга ҳаракат қилмоқда. 

Аввалроқ АҚШ Сенатидаги демократик кўпчилик етакчиси Чак Шумер 4 декабр куни Украина ва Исроилни молиялаштириш масаласини овозга қўйиш ниятида эканлигини маълум қилганди. 

Октябр ойида АҚШ президенти Жо Байден Конгрессдан Украина учун 61,4 миллиард доллар ва Исроил учун 14,3 миллиард долларлик ёрдам пакетини сўраган эди. Украина уруши бошланганидан бери Вашингтон Киевга 113 миллиард доллар ажратди. 

Мавзуга оид