Иқтисодиёт | 09:10 / 28.11.2023
20435
2 дақиқада ўқилади

ЕИга экспорт қилинаётган ўзбек тўқимачилик маҳсулотларининг қарийб ярми Полша ҳиссасига тўғри келяпти

Ўзбекистон тўқимачилари Варшавада бўлиб ўтган халқаро кўргазмада 20 миллион доллардан ортиқ экспорт шартномаларини имзолади.

Фото: Getty Images

«Ўзтўқимачиликсаноати» уюшмаси ва мамлакат тўқимачилик корхоналари вакилларидан иборат Ўзбекистон делегацияси Варшава шаҳридаги Ptak Warsaw Expo марказида бўлиб ўтган Fast Textile-2023 халқаро тўқимачилик кўргазмасида иштирок этди, деб хабар бермоқда «Дунё».

Бу йилги тадбирда 45 мамлакатдан 600 дан ортиқ компания вакиллари қатнашди. Ушбу кўргазмада мамлакатда ишлаб чиқарилган тўқимачилик маҳсулотлари Made in Uzbekistan ёрлиғи остида 400 квадрат метр майдонда тақдим этилди.

Полшада ўзбек тўқимачилик маҳсулотларига талаб тез суръатларда ошиб боряпти. Бугунги кунда Европа Иттифоқи давлатларига экспорт қилинаётган ўзбек тўқимачилик маҳсулотларининг қарийб ярми Полша ҳиссасига тўғри келади.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, кўргазма давомида Ўзбекистон тўқимачилик корхоналари вакиллари хорижий шериклар билан 20 миллион доллардан ортиқ экспорт шартномаларини имзолади.

Ташриф доирасида Ўзбекистон делегацияси мамлакатнинг Варшавадаги элчихонасида ўтказилган бизнес-форумда, Лодз шаҳрида бўлиб ўтган ўзбек тўқимачилик шохобчасининг очилиш маросимида ва бошқа тадбирларда қатнашди.

Мавзуга оид