Ўзбекистон | 21:43 / 29.11.2023
8273
2 дақиқада ўқилади

Аҳолига арзон нархда тарқатиш учун ажратилган кўмирни талон-торож қилган масъуллар ушланди

Андижон вилоятининг Шаҳрихон ва Асака, Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманларида аҳолига имтиёзли нархда берилиши лозим бўлган кўмир сохта ҳужжатлар билан бошқа шахсларга сотиб юборилган.

Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг хабар беришича, департаментнинг Андижон ва Қашқадарё вилояти ҳудудий бўлимлари томонидан терговга қадар текширувлар ўтказилган.

Текширувларда “Кўмир таъминот” МЧЖнинг Шаҳрихон, Асака ва Яккабоғ тумани кўмир омбори масъул шахслари аҳолига имтиёзли нархда етказиб бериш учун ажратилган жами 2 704 тонна кўмирни имтиёзли нархда сотилганлиги тўғрисида сохта ҳужжатлар расмийлаштириб, сўнг кўмирни бошқа шахсларга сотиб юбориб, ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилгани аниқланган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Аввалроқ “Кўмир таъминот” МЧЖнинг Тошкент вилоят филиали бошлиғи 50 минг доллар билан ушланганди. Бундан ташқари, Қорақалпоғистон республикаси, Хоразм, Навоий, Тошкент, Наманган, Фарғона ва Андижон вилоятларида аҳолига тарқатилиши керак бўлган кўмир талон-торож қилингани аниқланганди.

Мавзуга оид