Жаҳон | 13:01 / 29.11.2023
3679
2 дақиқада ўқилади

Туркия йил охиригача Швециянинг НАТОга қабул қилинишига розилик бериши мумкин

Туркия ташқи ишлар вазири Хоқон Фидан НАТО мамлакатлари ташқи ишлар вазирликлари раҳбарлари билан маслаҳатлашиб, Швеция аризасини ратификация қилишнинг тахминий муддатини маълум қилди, деб ёзади Reuters.

Фото: AP

Туркия парламенти Швециянинг НАТОга аъзо бўлиш ҳақидаги аризасини 2023 йил охиригача маъқуллаши мумкин. Бу ҳақда Туркия ташқи ишлар вазири Хоқон Фидан Брюсселда Шимолий Атлантика алянси Ташқи ишлар вазирликлари раҳбарлари билан маслаҳатлашувлар чоғида айтиб ўтди, деди 29 ноябр, чоршанба куни Reuters агентлигига исмини ошкор қилмаслик шарти билан АҚШ Давлат департаменти вакили

«Мен шундай дейишим мумкин: учрашув натижаси бу йил охиригача бўлиши (Туркия парламенти томонидан Швеция аризасини ратификация қилиш) ҳақидаги баёнот бўлди», - дея унинг сўзларини келтирган журналистлар.

Аввалроқ, 16 ноябр куни Reuters агентлиги Туркия парламентининг Ташқи ишлар қўмитаси Швециянинг НАТОга аъзо бўлиш ҳақидаги аризаси муҳокамасини бўлажак жараёнлар зарурлигини билдириб, кейинга сургани ҳақида хабар берган эди. Швециянинг НАТОга киришини ратификация қилиш Туркия парламентида овозга қўйилиши учун комиссия розилиги зарур. 

Швециянинг НАТОга аъзо бўлиш ҳақидаги аризаси ратификацияси

Швеция Украина уруши бошланиши муносабати билан Финландия билан бирга 2022 йилда НАТОга аъзо бўлиш учун ариза берди. Туркия ҳозирча Швецияни «террорчиларни қўллаб-қувватлаш»да айблаб, таклифини маъқуллашдан бош тортиб келяпти. Анқара, хусусан, Швецияда яшовчи курд фаолларини «террорчи» деб билади ва Стокҳолмдан уларга нисбатан қатъийроқ позицияда бўлишни талаб қилмоқда.

Туркиядан ташқари, Швециянинг НАТОга аъзо бўлиш ҳақидаги аризаси Венгрия томонидан ҳам ҳали қўллаб-қувватланмади, мамлакат бош вазири Виктор Орбан сентябр ойи охирида Будапешт бу масалани ҳал қилишга шошилмаслигини айтди. 

Октябр ойи охирида Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Швеция аризасини Буюк миллат мажлисига (Туркия парламенти) кўриб чиқиш учун тақдим этиб, ушбу ҳужжатни имзолади. 

Мавзуга оид