Ўзбекистон | 13:20 / 30.11.2023
5382
3 дақиқада ўқилади

Дронлардан ноқонуний фойдаланганлик учун жавобгарлик енгиллаштирилмоқда

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан қабул қилинган қонун лойиҳасига кўра, республика ҳудудига учувчисиз учадиган аппаратларни қонунга хилоф равишда олиб кириш, ўтказиш, олиш, сақлаш ёки улардан фойдаланишни биринчи марта содир этган шахсларга нисбатан жиноий жавобгарлик ўрнига маъмурий жавобгарликни белгилаш назарда тутилади.

Фото: Полина Ермакова

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида депутатлар «Айрим тоифадаги жиноий қилмишлар учун жавобгарлик либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқишди.

Мамлакатимизда туризм соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар туристик инфратузилманинг ривожланиши ва яхшиланишига, туристлар учун қўшимча қулайликлар яратилишига, кўрсатилаётган хизматларнинг сифати ошишига кўмак бераётгани таъкидлаб ўтилди. Шу билан бирга, барқарор туризм ривожини тобора жадаллаштириш мамлакатнинг туристик жозибадорлигига салбий таъсир кўрсатадиган омиллар бартараф этилишини талаб қилади.

Учувчисиз учадиган аппаратлар Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилиши чекланган товарлар қаторига киради. Уларни республика ҳудудига қонунга хилоф равишда олиб кириш, шунингдек ўтказиш, олиш, сақлаш ёки улардан фойдаланиш учун жиноий жавобгарлик белгиланган бўлиб, бунда уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.

Янги таҳрирдаги Конституциянинг 20-моддасига мувофиқ давлат органлари томонидан инсонга нисбатан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чоралари мутаносиблик принципига асосланиши ва қонунларда назарда тутилган мақсадларга эришиш учун етарли бўлиши керак.

Қонун лойиҳаси билан Жиноят кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга республика ҳудудига учувчисиз учадиган аппаратларни қонунга хилоф равишда олиб кириш, ўтказиш, олиш, сақлаш ёки улардан фойдаланишни биринчи марта содир этган шахсларга нисбатан жиноий жавобгарлик ўрнига маъмурий жавобгарликни белгиловчи, шунингдек ушбу ҳуқуқбузарликларни такрор содир этганлик учун жиноий жавобгарлик жазо чораларини енгиллаштирувчи тегишли ўзгартириш ва қўшимчаларни киритиш назарда тутилмоқда.

Киритилаётган нормалар фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, мамлакатимизга чет эллик туристларнинг кенг жалб этилиши учун қулай шароитларни таъминлаш, шунингдек республикамизнинг халқаро майдондаги нуфузини мустаҳкамлашга хизмат қилади, дейилади Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ахборот хизмати хабарида.

Хабар қилинишича, мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинган. 

Мавзуга оид