Жаҳон | 20:24 / 30.11.2023
18538
6 дақиқада ўқилади

Элбошининг иккинчи хотини, урушга ҳозирлик кўраётган Венесуэла, шарқдан воз кечишга тайёр украинлар — кун дайжести

Дунё бўйлаб Фаластин халқи билан бирдамлик куни нишонланган кунда Ғазода олтинчи бор асирлар алмашинуви амалга оширилди. Венесуэла қўшни давлат ҳудудини аннексия қилишга тайёрланмоқда. Нурсултон Назарбоев иккинчи хотини борлигини тан олди. Сўнгги кун воқеа ва хабарлари билан таништирамиз.

Кеча бутун дунёда Фаластин халқи билан бирдамлик куни нишонланди. Бу кун 1978 йилдан буён Бирлашган Миллатлар ташкилоти шафелиги остида нишонланиб келади. Шундоқ ҳам Исроилнинг Ғазога ҳужумидан норозилик уюштирилиб келинаётган дунё шаҳарларида бу кун алоҳида нишонланди.

Албатта, Фаластин масаласида овози энг баланд чиқаётган дунё етакчиларидан Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған бу масала ҳам бефарқ қолмади.

Мамлакат парламенти Миллий Мажлисда чиқиши чоғида Эрдўған Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу тарихга «Ғазонинг жаллоди» сифатида киражагини таъкидлади.

«Сўнгги юз йилликнинг энг буюк ёвузлигини амалга оширган Нетаняҳу тарихга «Ғазонинг жаллоди» сифатида ўз номини ёзиб қўйди. 7 октябрдан буён Ғазо аҳли инсоният тарихидаги энг манфур зарбаларга дучор бўлди», — деган Эрдўған.

Туркиянинг биринчи хоними Эмине Эрдўған ҳам Фаластиннинг озодлик учун курашини қўллаб қувватлади.

«Токи адолатсиз сабаблар билан айбсиз инсонлар ўлдирилаверар экан, дунда ҳеч ким ўзини хавфсиз ҳис қилмайди», — деган у. 

Ғазо аҳолиси йўқотишлари сони 16 мингга етди. 35 минг киши ярадор бўлган. Ураш зонасида бедарак йўқолганлар сони 6 мингдан ошган. Уларнинг 1,7 минги ёш болалар. Анклавда 56 мингдан зиёд тураржойлар тўлиқ вайрон қилинган. 240 мингдан ошиқ уйлар қисман зиён кўрган.

Халқаро Қизил Хоч қўмитаси ҲАМАС томонидан 10 нафар исроиллик, 4 нафар Таиланд фуқароси бўлган гаровдагиларнинг олтинчи гуруҳи озод қилинганини тасдиқлади. Бунга жавобан Исроил ўз қамоқхоналарида сақлаб келинган фаластинлик маҳбусларнинг 30 кишилик олтинчи гуруҳини озод қилди. 

Американинг Washington Post нашри президент Жо Байден ҲАМАС бошидан жудо қилган исроиллик 40 чақалоқ масаласида атайлаб ёлғон гапирганини ёзиб чиқди.

Шунингдек, нашр Жой Байден томонидан Исроилнинг қўлланилиши глобал даражада АҚШга ишонч йўқотилишига олиб келганини қайд этган. АҚШ расмийлари Байден администрацияси Исроилни қўллаб, ўз гарданига оғир юкни ортиб олди, деган фикрда. 

Украина хабарларига ўтамиз. Кун давомида жанг майдонларида айтарли янгилик бўлмади, эътиборга молик баёнотлар янграмади.

Аммо украинларнинг 40 фоизи оккупация остидаги ҳудудларсиз НАТОга аъзо бўлишга розилигидаги тўғрисидаги сўровнома натижалари эълон қилинди. НАТОга оккупация остидаги ҳудудларсиз қўшилиш тарафдорлари мамлакат ғарбида кўпроқ. Марказда ва шарқда бундай ғояга қаршилар кўпчиликни ташкил этган.

Украинага АҚШ томонидан ажратилаётган пулларнинг катта қисми Американинг ўзида қолмоқда деб ёзади The Washington Post газетаси.

Нашрга кўра, Конгресс томонидан маъқулланган 68 млрд долларнинг 90 фоизи америкаликларнинг ўзига сарфланмоқда. Хусусан, (АҚШнинг 31 штатидаги 71 та шаҳарда жойлашган 117 та ишлаб чиқариш линиясида) янги қурол ишлаб чиқариш ва захирадан Украинага жўнатилган қурол-яроғларнинг ўрнини қоплаш учун. 

Ҳамманинг диққати Яқин Шарқ ва Украинадаги можаролар билан банд бўлиб турганган Жанубий Америкада ҳам қайноқ нуқта ҳосил бўлиши мумкин.

Якшанба куни Венесуэлада баҳсли Гайана-Эссекибо ҳудудини аннексия қилиш бўйича референдум бўлиб ўтади. Венесуэла узоқ йиллардан буён қўшни Гайана давлатининг табиий қазилмаларга бой 5/8 қисмига даъвогарлик қилиб келади.

Агар мамлакат фуқаролари қўшни ҳудудни аннексия қилиш учун овоз берса, Венесуэла президенти Николас Мадуро ҳарбий амалиёт учун карт-бланш олади.

АҚШ ва Буюк Британия Венесуэла билан ҳудудий баҳсда Гайанани қўллаб-қувватлашини тасдиқлаган. Солиштириш учун: Венесуэла аҳолиси қарийб 30 млн, Гайанада эса 750 минг аҳоли истиқомат қилади. 

2024 йилда Россия хавфсизлигини таъминлаш учун давлат бюджетининг 40 фоизигача бўлган қисми йўналтирилиши мумкин. Бу қарйиб 121 миллиард АҚШ долларига тенг. Бу мамлакат тарихида мудофаа учун сарфланган энг катта сумма бўлади.

Владимир Путин аллақачон тегишли қонунни имзолаган ҳамда ҳарбийлар ва кучишлатар тизимларнинг ходимлари маошларини оширишни буюрган.

Бюджетдан ажратилган бу пуллар айнан нимага кетишини оддий фуқаролар била олишмайди — харажатлар бандлари махфийлаштирилган. 

Олмаотадаги уйда ёнғин оқибатида 13 киши ҳалок бўлди. Қурбонлар орасида Ўзбекистоннинг икки нафар фуқароси — 2000 йилда туғилган йигитлар ҳам бор.

Ёнғин уч қаватли тураржой биносининг ҳостелга айлантирилган яримертўла қисмида рўй берган. Маълум қилинишича, ҳостелда жами 72 киши бўлган, улардан 59 нафари воқеа жойидан мустақил равишда чиқиб кета олган. Қолганлар тутун ва ис газидан ҳалок бўлишган.

Алмати шаҳар ҳокими Ерболат Дўсаев ертўлани ҳостелга айлантириш ноқонуний амалга оширилганини айтган. 

Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев ўз мемуарларида иккинчи хотини ва ундан фарзандлари борлигини тан олган.

Назарбоев иккинчи аёли Асел Исабаева билан Толдиқўрғонга борганда танишган. Ўшанда қиз самолёт трапи олдида президентни гуллар билан кутиб олган.

1999 йилда Асел Исабаева «Қозоғистон гўзали» танловида ғолиб чиққач, унга шаръий никоҳ билан уйланган. 2005 ва 2008 йилларда исабаева Тайман ва Байкен исмли ўғилларни дунёга келтирган.

Назарбоевнинг қайд этишича, унинг биринчи аёли Сора ва уч қизи Дариға, Динара ва Алия иккинчи оиласи ҳақида билишгач, уни тўғри тушунишган ва кечиришган.

Мавзуга оид