“Док-1 Макс” дориси бўйича суд жараёни 1 ойга тўхтатилди
65 нафар боланинг ўлимига сабаб бўлган ишга алоқадор янги шахслар тергов органи томонидан айбланди. Уларни айбланувчи тариқасида жалб этиш учун жиноят иши тергов органига қайтарилди ҳамда ишни кўриш 1 ойлик муддатга тўхтатилди.
Тошкент шаҳар судида биринчи инстанцияда кўрилаётган “Док-1 Макс” дори воситасига оид жиноят ишига алоқадор янги шахслар тергов органи томонидан айблангани ва бошқа асосларга кўра, суд томонидан 2023 йил 1 декабр куни тегишли ажрим чиқарилди.
Олий суд матбуот хизматига кўра, ажрим Жиноят-процессуал кодексининг 416 (судланувчини янги айблов бўйича жиноий жавобгарликка тортиш учун асослар аниқланганда суднинг ҳаракатлари) ва 417 (жиноий жавобгарликка тортилмаган шахс томонидан жиноят содир этилганлигини кўрсатувчи ҳолатлар аниқланганда суднинг ҳаракатлари) моддалари тартибида чиқарилган.
Унга кўра, жиноят ишига тегишли айрим ҳужжатлар айбловни тўлдириш ва бошқа шахсларни айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиш билан боғлиқ қўшимча процессуал ҳаракатларни амалга ошириш учун тергов органига юборилди.
Шу тариқа жиноят ишини кўриш 1 ойлик муддатга тўхтатилди.
Аввалроқ судланувчилардан бири – Фармацевтика агентлиги собиқ раҳбари Сардор Кариевнинг адвокати иш бўйича судга гувоҳликка чақирилган уч киши, жумладан агентликда Кариевнинг ўринбосари, у кетганидан кейин агентлик директори лавозимида ишлаган Улуғбек Эгамов устидан жиноят иши очишни сўраган эди.
Ўзбекистонда 2022 йил кузидан бошлаб “ўлим сиропи” – “Док-1 Макс” дори воситасини истеъмол қилиш оқибатида 65 нафар бола ҳалок бўлган эди. 11 август куни мазкур дори билан боғлиқ жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича Тошкент шаҳар судида очиқ суд жараёни бошланди.
Иш доирасида жами 21 киши, жумладан, Фармацевтика агентлиги собиқ раҳбари, “Quramax Medikal” МЧЖ директори (Ҳиндистон фуқароси) ва бошқаларга айблов эълон қилинган. Айбланувчиларнинг 16 нафари эркак ва 5 нафари аёл бўлиб, уларнинг 7 тасига қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чоралари қўлланган.
Мавзуга оид
16:19 / 24.12.2024
Танқиддан сўнг: 2 боланинг ўлимига сабабчи бўлган ҳайдовчи 3 йилга озодликдан маҳрум қилинди
21:28 / 18.12.2024
Гулистон ИИБ ТБ фуқаролик низосидан жиноят иши “ясади”. Терговчи янги йилни иссиқ уйида, 50 ёшли аёл эса Россия ҳибсхонасида кутиб оладими?
21:02 / 12.12.2024
Янгийўлда 5 болани босиб кетиб, икки нафарининг ўлимига сабабчи бўлган ҳайдовчи ахлоқ тузатиш жазосини олди
15:29 / 11.12.2024