Иқтисодиёт | 16:05 / 01.12.2023
17867
4 дақиқада ўқилади

Жаҳон банки Ўзбекистонга IT соҳасида иш ўринларини яратиш учун 50 млн доллар ажратди

Лойиҳа Ўзбекистоннинг қишлоқ ва чекка ҳудудларида яшовчи 30 ёшгача бўлган ёшларни ўқитиш ва IT-компаниялар учун офис инфратузилмасини ривожлантиришни кўзда тутади.

Фото: Жаҳон банки

Жаҳон банки Ижрочи директорлар кенгаши “Ўзбекистонда рақамли инклюзивлик” лойиҳасини амалга ошириш учун 50 миллион доллар миқдорида имтиёзли кредит ажратишни маъқуллади.

Муассаса тарқатган хабарга кўра, лойиҳа ҳукуматнинг рақамли иқтисодиётни ривожлантириш ҳамда қишлоқ ва чекка ҳудудлардаги минглаб ёшларни рақамли кўникмаларга ўқитиш ва ахборот технологияларига асосланган хизматлар (ITEC) соҳасида ишга жойлашиш имкониятларини кенгайтириш бўйича саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди.

Ўзбекистонда ITEC хизматлари экспорти 2017 йилдаги 600 минг доллардан 2022 йилга келиб 140 млн долларгача ошди, бу билан бир вақтда ахборот технологиялари (IT) соҳасида компаниялар сони ва юқори маошли иш ўринларининг ошиши кузатилди. Ушбу ижобий ўсишга қарамай, ахборот-коммуникация технологиялари савдоси секторининг мамлакат ялпи ички маҳсулотига қўшган ҳиссаси 2022 йилда 1,9 фоизни ташкил этди.

Мамлакатни 2030 йилгача ривожлантириш стратегиясида ушбу ўн йиллик якунига қадар Ўзбекистонни Марказий Осиё ахборот технологиялари марказига (IT-Hub) айлантириш, IT-хизматларнинг йиллик экспорти ҳажмини 5 миллиард долларга етказиш, IT-компанияларнинг мамлакатдаги ваколатхоналари сонини 1000 тагача ошириш ва 300 минг нафар ёшларни IT соҳасида иш билан таъминлаш кўзда тутилган.

Бу улкан мақсадларга эришиш учун Ўзбекистон рақамли технологиялар соҳасидаги зарур кўникмаларга эга мутахассисларни тайёрлаш, керакли IT ва офис инфратузилмасини ривожлантириш, IT соҳасини ривожлантириш учун қонунчилик нормаларини ва сиёсатни ишлаб чиқиш, шунингдек, хорижий ва маҳаллий инвесторларни ушбу соҳага жалб қилиш учун рағбатлар яратишга эътибор қаратиши керак бўлади, дейилади Жаҳон банки релизида.

Қайд этилишича, Ўзбекистоннинг рақамли иқтисодиётига киритилаётган сармоялар айни пайтда таълим олмаётган, профессионал тайёргарликдан ўтмаган ва меҳнат фаолиятида бўлмаган ёшлар, жумладан, аёллар сонини қисқартиришга ҳам ёрдам бериши мумкин.

“Жаҳон банки томонидан қўллаб-қувватланоётган янги лойиҳа Ўзбекистонга ITEC хизматлари соҳасидан иқтисодий ўсиш, янги иш ўринлари яратиш ва хорижий инвестицияларни жалб қилиш мақсадларида фойдаланишга ёрдам беради. Мамлакатнинг қишлоқ ва чекка ҳудудларида истиқомат қилувчи 30 ёшгача бўлган минглаб ёшларни ўқитиш мақсадини кўзлаган ушбу лойиҳа Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги IT-Park томонидан амалга оширилади. Лойиҳа доирасида ушбу тайёрлов курсларидан ўтган шахсларни ишга оладиган ITECE компаниялари учун турли хил рағбатлар тақдим этилади”, – деди Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Марко Мантованелли.

Лойиҳа натижасида 2029 йил якунига келиб Ўзбекистон ITECE хизматлари соҳасида 25 минг киши иш билан таъминланиши ва 15 минг киши турдош соҳаларда иш топиш имкониятига эга бўлиши прогноз қилинмоқда.

Лойиҳа бу мақсадларга эришиш учун турли хил чора-тадбирларни мақсад қилган, жумладан:

  • Бутун мамлакат бўйлаб замонавий офис майдонларини таклиф қилувчи 11 тагача ҳудудий ITEC марказлари ишга туширилади. Ушбу чора-тадбирлар ITEC компанияларини Ўзбекистон ҳудудларида ўз ваколатхоналарини очишга рағбатлантиради.
  • 6200 га яқин ёшлар, шу жумладан 3100 нафар аёллар ва 250 нафар ногиронлиги бўлган шахслар коммуникация, компютер ва тил кўникмаларини (ITEC компанияларида талаб қилинадиган инглиз ва бошқа чет тиллари) ўз ичига олган асосий профессионал кўникмаларни ривожлантириш дастурлари бўйича таълим олади.
  • 9000 га яқин ёшлар, шу жумладан 4500 нафар аёллар ва 360 нафар ногиронлиги бўлган шахслар ITEC компанияларида иш билан таъминланади. Компанияларга ўз навбатида лойиҳа доирасидаги иштирокчиларни ишга олиши учун моддий рағбатлар берилади.
  • Ўзбекистонда хорижий ва маҳаллий ITEC компаниялари фаолияти учун қулай шартшароитларни таъминлашда муҳим ўрин тутган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилади.

Юқорида қайд этилган лойиҳа чора-тадбирлари натижасида 240 га яқин янги ITEC компаниялари IT-Park резидентларига айланиши ва Ўзбекистонда ўз фаолиятини бошлаши мақсад қилинган.

Мавзуга оид