Жаҳон | 17:37 / 05.12.2023
7757
2 дақиқада ўқилади

АҚШдаги оммавий қотилликлар: 2023 йил энг қонли йил бўлди

2023 йил бошидан бери АҚШда ўқотар қурол билан содир этилган оммавий қотилликлар сони 38 тани ташкил этмоқда. Бу – статистика юритила бошланган 2006 йилдан кейинги даврдаги энг ёмон кўрсаткич. 2006-2023 йилларда жами 453 та оммавий қотиллик рўй бериб, уларда 2423 киши қурбон бўлган.

SPENCER PLATT / GETTY IMAGES

Америка Қўшма Штатларида ўқотар қурол ёрдамида содир этилган оммавий қотилликлар сони йил бошидан буён 38 тага етди. Бу – статистика юритила бошланган 2006 йилдан кейинги даврдаги энг юқори кўрсаткичдир.

Бу антирекорд 2022 йилда ҳам янгиланиб, энг юқори кўрсаткич 36 тага чиққан эди.

Тўқ кулрангда 5 декабр ҳолатига, оч кулрангда эса тўлиқ йил давомида рўй берган оммавий қотилликлар сони кўрсатилган.
Манба: Washington Post via AP, USA Today, Northeastern University

AP, USA Today ва Northeastern University томонидан юритиладиган статистикада “оммавий қотиллик” деганда қотилдан ташқари тўрт ёки ундан кўпроқ инсонлар отиб ўлдирилган ҳолатлар назарда тутилади.

Унга кўра, 2006 йилдан кейинги даврда АҚШда жами 453 та ёки йилига ўртача 24 та оммавий қотиллик содир этилган. Уларда жами 2423 киши ҳалок бўлган.

Washington Post'нинг ёзишича, қурбонларнинг 59 фоизи қотилнинг оила аъзолари ёки танишлари бўлган бўлса, ҳалок бўлганларнинг 28 фоизи жиноятчига бегона бўлгани тасдиқланган. Шунга қарамай, айнан бегоналарнинг ўлдирилиши билан боғлиқ ҳолатлар энг кўп шов-шув бўлади.

Таъкидланишича, 2006 йилдан буён содир этилган оммавий қотилликларда 18 ёшга тўлмаган 592 нафар бола ва ўсмир ҳалок бўлган. Улардан 12 фоизи мактабларда рўй берган фожиалар қурбони бўлган, 56 фоизи эса ўз оила аъзолари томонидан ўлдирилган.

Нашр бу билан аҳоли хонадонларида рўй бераётган, ўз қариндошлари ёки танишлари томонидан оммавий ўлдирилаётган америкаликлар сони юқорилиги жамоатчилик эътиборидан четда қолаётгани, кўпчилик асосан жамоат жойларида содир этилаётган оммавий ўққа тутиш ҳолатларини эслаб қолишини қайд этади.

Мавзуга оид