Украинанинг ёзги қарши ҳужуми: Дастлабки режалар барбод бўлгач, Залужний тактикани ўзгартирган
Америкаликлар ва украинларнинг фикри вақти-вақти билан стратегия ва тактика борасида кескин фарқланган.
Украина, Америка ва Британия ҳарбийлари Киевнинг қарши ҳужумини тайёрлаш чоғида стол устидаги хариталар устига фигуралар қўйиб, компютердаги «ҳарбий ўйинлар»дан фойдаланишган, деб ёзади Washington Post нашри.
«Бироқ, Вашингтон қисқа муддат ичида Украина қуролли кучлари ғарб намунасидаги жанговар кучга айланиши, айниқса, Киевнинг ҳарбий ҳаво кучларисиз замонавий қуролли кучларнинг ажралмас қисмига айлантириш борасида қаттиқ адашган», деб ёзади нашр.
Америкаликлар ва украинларнинг фикри вақти-вақти билан стратегия ва тактика борасида кескин фарқланган. Пентагон қарши ҳужум ўз позицияларини мустаҳкамлашда давом этаётган РФ қуролли кучларига халақит бериш учун апрел ойи ўрталарида бошланишини истаган. Украиналиклар эса қўшимча қурол-яроғлар ва тайёргарликсиз бунга тайёр эмасликларини айтиб, иккиланишган.
Ўша вақтда Украинада мавжуд имкониятлар билан Россия позицияларига механизациялашган юзма-юз ҳужумни амалга ошириш имконли эканига АҚШ ҳарбийларининг ишончи комил бўлган.
Моделлаштириш шуни кўрсатганки, Украина қуролли кучлари Азов денгизига чиқиш ва жанубда рус қўшинларини қирқиб қўйишни 60-90 кун ичида эплаши мумкин бўлган. АҚШ разведкаси муваффақиятга 50 фоиз имконият берган, деб қайд этади Washington Post.
АҚШ жанубий йўналиш бўйлаб мақсадли қарши ҳужумни ёқлаган, Украина раҳбарияти эса учта йўналиш: Мелитопол, Бердянск ва Бахмут бўйлаб ҳужум қилишни истаган. Украина қатъий қарши ҳужумда кўплаб йўқотишларга дучор бўлишидан чўчиган, АҚШ эса вақт ўтиши билан барибир йўқотишлар бундан-да кўпроқ бўлади, деб ҳисоблаган.
15 июнда, қарши ҳужум бошланганидан 2 ҳафта ўтиб АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остин украиналик ҳамкасби Резниковдан нега Украина ҚК тутун пардаси ортида ҳаракат қилиши мумкин бўлган, янада қамровли механизациялашган ғарб техникасидан миналардан тозалашда фойдаланмаяпти, деб сўраган.
Украина мудофаа вазирлигининг собиқ раҳбари бу қарорни Украина ҳарбий қўмондонлари қабул қилганини айтиб, Украинанинг зирҳли техникаларини Россия вертолётлари, пилотсиз парвоз қурилмалари ва артиллерияси олдинга силжишга ҳар бир уринишда йўқ қилаётгани, ҳаводан қўллов бўлмаган ҳолатда ягона вариант яёв ҳужумга ўтиш бўлиб қолаётганини айтган.
Washington Post нашри ёзишича, Украинанинг 47-бригадасидаги ҳарбийларнинг 70 фоизи жанговар тажрибага эга бўлмасдан жангга киришган. Мина майдонлари зичлиги ва отишмалар интенсивлиги барча кутилмалардан ҳам зиёд бўлган, шахсий таркиб ва техникалар йўқотилиши жуда катта бўлган, кўплаб жангчилар «жангдан илк марта шокка тушиб қолишган», шундан сўнг улар қайта гуруҳланиш учун чекиниб, яна қонли жангларга тайёргарлик кўра бошлашган.
Ғарбдан етказилган техникалар ёниб кетганини кўрган Украина ҚК бош қўмондони генерал Валерий Залужний тўртинчи куни қўшинга ҳужумга ўтишни бас қилишни буюрган. У Россия мудофаа чизиғини америкалик ҳамкасблари тавсия қилганидек, артиллерия қўллови остида ёпирилма ҳужум билан ёриб ўтиш ўрнига Украина аскарлари ўн кишилик кичик гуруҳларга бўлиниб, пиёда ҳужумга ўтишини маъқул деб билади.
Америка қўшинларининг Европадаги қўмондони фронтдаги кескинлик ортиб бораётгани фонида ва жанг майдонидаги ечимларга турлича назар туфайли Залужний билан бир неча ҳафта мобайнида боғлана олмайди. Ҳар бир томон иккинчи томонни хатолар ва нотўғри ҳисоб-китобларда айблай бошлайди. АҚШ ҳарбийлари украинлар базавий ҳарбий тактикани тўғри маромига етказа олмади, деган хулосага келган бўлса, Украина расмий шахслари америкаликлар дронлар ва бошқа технологиялар жанг майдонидаги вазиятни бутунлай ўзгартириб юборганини тушунмаяпти, деган фикрни илгари суришган.
The Washington Post нашри, шунингдек, Залужнийнинг ўтган йил кузида АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остин билан суҳбати тафсилотларини ҳам келтирган. Нашрга кўра, Залужний Украинанинг бўлажак қарши ҳужуми учун мингта зирҳли техника сўраган.
Шунингдек у, Украинага Германияда ўқитилган ва жангларга тайёргарлик кўрган тўққизта бригада керак бўлишини айтган. «Мен қаттиқ ютиниб қўйдим. Чунки бу амалда имконсиз эди», — дея Остиннинг ўз ҳамкасбларига айтган гапларини келтирган нашр.
Мавзуга оид
21:53
Украина Россия билан иқтисодий урушда ғалаба қозонмоқда — The Economist
21:15
Украина бўйлаб байрам кечаси ёпирилма зарбалар йўлланди
16:21
Россиядаги КХДР ҳарбийлари: улар қандай жанг қилади ва дезертирлик қилиши мумкинми?
11:00