Ўзбекистон | 11:24 / 06.12.2023
5678
6 дақиқада ўқилади

2023 йилда давлат ва жамият манфаатларига етказилган 2,3 трлн сўмлик зарар ундирилди – Бош прокурор

Ниғматилла Йўлдошев прокуратура органлари томонидан фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, жамият ва давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан амалга оширилаётган ишлар юзасидан маълумот берди.

Фото: Бош прокуратура

“Халқ сўзи” газетасининг навбатдаги сонида Ўзбекистон Бош прокурори Ниғматилла Йўлдошевнинг мамлакат Конституцияси қабул қилинганининг 31 йиллиги олдидан янгиланган Конституциянинг амалиётга татбиқ этилишига оид кўрилаётган чора-тадбирлар ва қонунийликни таъминлаш борасида тизимда амалга оширилаётган ишлар бўйича мақоласи эълон қилинди.

Бош прокурорнинг маълум қилишича, янгиланган Конституцияни амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирларга оид президент фармони билан тасдиқланган чора-тадбирлар дастурининг учинчи йўналиши – ҳуқуқий давлат принципи асосида инсон қадрини улуғлаш сиёсатини сифат жиҳатидан янги босқичга чиқариш, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари устуворлигини таъминлаш бўйича амалий ишлар бошланган.

“Бунда асосий эътибор Конституция нормаларининг тўғридан тўғри ва сўзсиз қўлланишига қаратилмоқда. Зотан, қайд этилган дастурда кўзда тутилган қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиб, амалга киритиш учун муайян вақт талаб этилар эди. Конституция нормалари эса, жорий йил 1 майдан кучга кирди. Бинобарин, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари устуворлигини таъминлаш бўйича янги нормаларни амалиётда бевосита ўша куннинг ўзидан бошлаб қўллашга тўғри келди”, — дейилади мақолада.

Хусусан, Конституция ҳамда дастурга мувофиқ уй-жойда тинтув ўтказиш, шахснинг телефон сўзлашувлари ва бошқа телекоммуникация қурилмалари орқали олиб бориладиган сўзлашувларини эшитиб туриш, улар орқали узатиладиган ахборотларни олиш фақат қонунга мувофиқ ва суднинг қарорига асосан амалга оширилиши белгиланди.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси томонидан ишлаб чиқилган Конституция нормаларининг мазмун-моҳиятини суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларига тушунтириш бўйича ўқув курси модули доирасида вазирлик ва идораларнинг қарийб 2 500 нафардан ортиқ ходимлари ўқитилиши ташкил этилди. Бу борадаги тадбирларнинг мунтазам равишда ўтказилиши йўлга қўйилди.

Конституция нормаларини тўғридан тўғри, сўзсиз ва самарали қўллашда Олий Суд Пленумининг жорий йил 23 июн куни қабул қилинган “Одил судловни амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси нормаларини тўғридан тўғри қўллашнинг айрим масалалари ҳақида”ги қарори ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда. Бош прокуратура ҳамда бошқа тузилмалар таклифлари асосида ишлаб чиқилган мазкур қарордаги тушунтиришлар нафақат судлар, балки ҳуқуқ-тартибот, назорат органлари, вазирлик ва идоралар, умуман олганда, барча ҳуқуқни қўлловчилар томонидан Конституция нормаларини қўллаш жараёнида инсон ҳуқуқлари, эркинликлари, давлат ҳамда жамият манфаатларини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Бундан ташқари, Конституция қоидаларидан келиб чиқиб, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини сўзсиз таъминлашга хизмат қилувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш, уларни бюрократик тўсиқларсиз, тезкор равишда муҳокамалардан ўтказишга эътибор қаратилмоқда. Жумладан, айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси парламент муҳокамасига киритиш учун тайёр ҳолга келтирилди. Ушбу лойиҳа 5 та қонун ва 2 та кодексни такомиллаштиришни назарда тутади.

Бош прокурор ўз мақоласида соҳада амалга оширилган ишлар юзасидан ҳам маълумот берган.

“Прокуратура органлари томонидан жорий йилнинг 10 ойида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, жамият ва давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида қарийб 28 мингта текшириш ўтказилиб, натижаси бўйича жами 134 мингтага яқин прокурор назорати ҳужжати қўлланди. Энг муҳими, 321 минг нафар фуқаронинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.

Прокурор текширишлари ва дастлабки тергов давомида фуқаролар, давлат ва жамият манфаатларига етказилган 2,3 трлн сўмлик зарарнинг ундирилиши таъминланди. Вояга етмаганларнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш ва маънавий-ахлоқий тарбиясини кучайтириш ишлари ҳам янги босқичга кўтарилди. Шу мақсадда 9 мингга яқин тарғибот тадбирлари ўтказилди, қайд этилган йўналишда қонунбузарликларга йўл қўйган 13,2 минг нафардан зиёд шахс жавобгарликка тортилди, 5,2 млрд сўм зарар ихтиёрий ундирилди.

Жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга қарши кураш, тезкор-қидирув ва тергов фаолиятини мувофиқлаштириш соҳасидаги фаолият ҳам такомиллашиб бормоқда. Бу борадаги долзарб муаммоларни ўз вақтида ҳал этиш мақсадида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг 380 дан зиёд мувофиқлаштирувчи кенгашлари ўтказилди”.

Хусусан, судларда қарийб 80 мингта ишнинг кўрилишида прокурор иштироки таъминланди. Жорий йилнинг 10 ойида келиб тушган жами 388 мингдан зиёд мурожаатнинг 215 мингтаси бевосита прокуратура органларида кўриб чиқилиб, 287 минг нафар фуқаро қабул қилинди. Натижада 41 минг нафар фуқаронинг бузилган ҳуқуқлари тикланди. Бундан ташқари, Бош прокуратуранинг “Ишонч телефони”га келиб тушган 91 мингга яқин мурожаатда кўтарилган масалаларни ҳам ҳал этиш чоралари кўрилди.

Хусусан, куз-қиш мавсумида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларини энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш мақсадида қисқа муддатда прокуратура органлари аралашуви натижасида 300 га яқин жиддий муаммолар бартараф этилишига эришилди.

Хусусан, жорий йилги давлат дастурларига киритилган лойиҳаларда қиммат ва асоссиз ҳисобланган 2 трлн 566,6 млрд сўмлик қиймат мақбуллаштирилиб, бюджет маблағларининг асоссиз сарфланиши олди олинди, 22,2 млрд сўмлик сифатсиз ишлар ва 15,3 млрд сўмлик қўшиб ёзиш ҳолатлари жойида бартараф этилган.

Мавзуга оид