Ўзбекистон | 13:38 / 06.12.2023
23795
1 дақиқада ўқилади

Навбат Хоразмга: қурол, гиёҳвандлик ва психотроп моддалар топилди, 3 киши қамоққа олинди

Хоразм вилоятида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ўтказган тезкор-профилактик тадбирларда тергов ва суд органларидан яшириниб юрган 12 нафар шахс ушланган.

Фото: Хоразм вилоят ИИБ

Хоразм вилоятида ҳам ички ишлар органлари томонидан ДХХ вилоят бошқармаси билан ҳамкорликда тезкор-профилактик тадбирлар ўтказилмоқда. Бу ҳақда вилоят ИИБ хабар берди.

Маълум қилинишича, тадбирлар давомида вилоят ҳудудида турли жиноятларга алоқадор фуқаролар аниқланиб, гумондорларнинг яшаш уйларида тинтувлар ўтказилган. Жараёнда 4 кг 800 граммдан ортиқ оғирликдаги гиёҳвандлик моддалари, 97 дона психотроп моддалар, 1 та пневматик қурол, 2 та совуқ қурол (бита ва кастет) ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган.

“Юқоридаги ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми, 276-моддаси 2-қисми, 277-моддаси 2-қисмига асосан жиноят ишлари қўзғатилиб, 3 нафар шахс эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда”, дейилади ИИБ хабарида.

Қўшимча қилинишича, тезкор-профилактик тадбир давомида тергов ва суд органларидан яшириниб юрган 12 нафар шахс ушланган.

Олдинроқ Наманганда тергов ва суд органларидан яшириниб юрган 35 нафар шахс ушланганди.

Мавзуга оид