Жаҳон | 20:29 / 07.12.2023
23721
2 дақиқада ўқилади

БМТ бош котиби Ғазодаги қурбонлар туфайли биринчи марта 99-моддага мурожаат қилди 

Антониу Гутерриш ўз фаолиятида илк маротаба шундай ҳуқуқдан фойдаланди. 

Фото: Adam Gray / Getty Images

БМТ бош котиби Антониу Гутерриш Ғазо ва Исроилдаги қурбонлар сонини ҳисобга олиб, 6 декабр куни Хавфсизлик Кенгашига мактуб йўллаб, БМТ Низомининг 99-моддасига биринчи марта мурожаат қилди. 

Ташкилот Бош котиби ўз мурожаатида БМТ Хавфсизлик Кенгаши аъзоларини инсонпарварлик фалокатининг олдини олиш ва гуманитар оташкесимга эришиш учун саъй-ҳаракатларни амалга оширишга чақирди. 

«Исроил ҳарбий амалиётлари туфайли Ғазодаги тинч аҳоли жиддий хавф остида, тинч аҳолини ҳимоя қилиш учун хавфсиз жой йўқ, соғлиқни сақлаш тизими қулади. Ғазодаги вазият Исроил кучларининг доимий бомбардимонлари туфайли муҳим гуманитар операцияларни амалга оширишни имконсиз қилади», дейилади мактубда. 

99-моддада шундай дейилган: «Бош котиб ўз ихтиёрига кўра, халқаро тинчлик ва хавфсизликни сақлашга таҳдид солиши мумкин бўлган ҳар қандай масалани Хавфсизлик Кенгаши эътиборига ҳавола қилиши мумкин». 

Гутерриш ғазоликларнинг уйларини йўқотгани, асосий эҳтиёжларини қондира олмаётгани, минтақага инсонпарварлик ёрдами етказиш имконсиз бўлиб қолганини ва шу сабабли жамоат тартибининг тез орада бутунлай бузилиши кутилаётганини таъкидлади. 

«Вазият эпидемияларнинг тарқалиши ва қўшни мамлакатларга оммавий миграция билан ёмонлашиши мумкин», деди у. 

Бош котиб халқаро ҳамжамият ўз таъсиридан фойдаланиб, Ғазода зўравонликларнинг янада кучайишига йўл қўймаслик ва инқирозга барҳам беришга мажбур эканини таъкидлади.

«Хавфсизлик Кенгаши аъзоларини гуманитар фалокатнинг олдини олиш учун босим ўтказишга ва томонларни зудлик билан сулҳ тузишга чақираман», деди у.

99-модда БМТ бош котиби арсеналидаги воситалардан биридир. Ташкилот тарихида у кўп ишлатилмаган.

Мавзуга оид