Жаҳон | 08:51 / 07.12.2023
3319
2 дақиқада ўқилади

Швеция ва АҚШ мудофаа соҳасида ҳамкорлик шартномаси тузди

«Келишув Швецияга уруш ёки инқироз юз берганда Америка ёрдамини олиши учун янада қулай шарт-шароитлар яратади», деди Швеция Мудофаа вазирлиги раҳбари Пол Йонсон.

Фото: Yves Herman/REUTERS

Швеция ва Америка Қўшма Штатлари мудофаа соҳасида ҳамкорлик шартномасини тузди. Ҳужжатни 5 декабр куни икки давлат мудофаа вазирлари Пол Йонсон ва Ллойд Остин имзолади, дейилади Пентагон 6 декабр, чоршанба куни чоп этган баёнотда. Унга кўра, келишув АҚШ қўшинларининг Швециядаги фаолияти учун асос яратади, жумладан, «Америка ҳарбий хизматчиларининг ҳуқуқий мақоми, уларни ҳарбий объектларга киритиш ва қурол ва жиҳозлар билан таъминлашда». 

«Келишув уруш ёки инқироз юзага келган тақдирда Швецияга Америка ёрдамини олиши учун янада қулай шарт-шароитлар яратади», деди Пол Йонсон ўз навбатида. Унинг сўзларига кўра, америкаликлар Швециядаги барча ҳарбий базалар, объектлар ва ўқув полигонларидан фойдаланиш имкониятига эга бўлади, бироқ гап америкаликлар мамлакатда ўз ҳарбий базаларини яратиши ҳақида кетмаяпти. «Бу 17 та ҳарбий объектнинг барчасидан фойдаланиш шарт эмас. Ҳарбий нуқтайи назардан, америкаликлар учун муҳимроқ нарса шундаки, улар, масалан, у ерда ҳарбий техникани сақлаши мумкин», - деди Йонсон. 

Ўтган йили Норвегия ва Қўшма Штатлар ҳам худди шундай келишувга эришган эди. Финландия ва Дания бу мавзуда Вашингтон билан музокаралар олиб бормоқда. Украинада кенг кўламли ҳарбий ҳаракатлар бошланганидан кейин Швеция НАТОга аъзо бўлиш учун ариза берди. Бу алянснинг Венгрия ва Туркиядан ташқари барча аъзолари томонидан ратификация қилинган. Йонсоннинг сўзларига кўра, амалдаги келишув Қўшма Штатларга Швеция билан НАТОга аъзо бўлмасдан биргаликда ишлаш имконини беради. 

Мавзуга оид