Жаҳон | 10:30 / 07.12.2023
3928
2 дақиқада ўқилади

Тўқаев қозоқ тилини қўллаб-қувватлаш жамғармасига ўз ҳисобидан 7 млн тенге ажратди

У қозоқ тилидаги ОАВ ва босма маҳсулотларни кўпайтириш, ўқитиш услубларини такомиллаштириш, ўқиш саводхонлиги ва ёзиш маданиятини юксалтириш бўйича ҳам топшириқлар берди.

Фото: Tengrinews.kz

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев қозоқ тилини қўллаб-қувватлаш жамғармасига ўз ҳисобидан 7 млн тенге ажратди. Бу ҳақда Zakon нашри хабар бермоқда.

QAZAQ TILI Endowment Qory жамғармаси раҳбари, жамоат арбоби Рауан Кенжеханулининг айтишича, эндаумент-фонднинг анъанавий жамғармалардан фарқи шундаки, ажратилган маблағлар сарфланмайди – улар бошқарилади ва инвестиция қилинади.

Ушбу инвестициялардан тушган маблағлар бенефициар ташкилотнинг мақсадларига эришиш учун ишлатилади. Бундай мақсадли капиталга эга жамғармалар бутун дунёда ижтимоий аҳамиятга эга бўлган таълим ва давлат муассасаларининг узоқ муддатли фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун кенг қўлланади, деди Кенжеханули.

Давлат раҳбари «Қозоқ тили» ҳамжамиятига қозоқ тилидаги оммавий ахборот воситалари ва босма маҳсулотларни кўпайтириш, ўқитиш услубларини такомиллаштириш, ўқиш саводхонлиги ва ёзиш маданиятини юксалтириш, қозоқ тилини мустаҳкамлаш учун замонавий технологик ечимларни кенг жорий этиш каби қатор лойиҳа ва тадбирларни амалга ошириш ҳамда қозоқ тилида фойдаланувчилар ҳамжамиятини кенгайтириш бўйича топшириқлар берди.

Мавзуга оид