Фронтдаги вазият: Россия ташаббусни қўлга олди ва бутун фронт бўйлаб ҳужумни кучайтирди
Ёз ва кузда украин армияси ҳужум қилган участкаларда ҳам энди руслар қарши ҳужумга ўтган.
2023 йил декабрига келиб фронтдаги ташаббус тўлиғича РФ қуролли кучлари қўлига ўтди. Россия қўмондонлиги Украина қуролли кучларининг Авдийивкадаги мустаҳкамланган ҳудудларини бир уринишда қуршовга олишга эриша олмагач (бу амалиётга катта кучлар жалб этилганди), бутун фронт бўйлаб локал зарбалар бериш стратегисини қўлламоқда, бу ўтган қишда синовда ўтганди. Бундай ҳужумлар Украина қуролли кучларини фаол ҳаракатланишга мажбур қилмоқда: қўмондонлик олдинроқ Запорижжя области ва Бахмут атрофидаги ҳужумкор гуруҳларни заифлаштириш ҳисобига Авдийивкага қўшимча кучлар олиб ўтишига тўғри келганди, энди эса локал инқирозларни бартараф этиш учун ушбу захираларни турли йўналишларга қайта йўналтириш талаб этилмоқда.
Шу билан бирга, Авдийивка Россия кучларининг асосий ҳужум йўналиши бўлиб қолмоқда. Бу шаҳар атрофидаги юриш секинлик билан бўлса-да, давом эттирилмоқда. Ва РФ қуролли кучлари эгаллаб олган ҳар бир юз метр таъминоти атиги бир неча километр кенгликдаги йўлак бўйлаб амалга ошириладиган Авдийивка ҳимоячиларининг ҳолатини оғирлаштирмоқда.
Авдийивка
- Россия қўшини декабрда Орихив ва Бахмут атрофидан олиб келиниб, шаҳардан шимолдаги Авдийивка — Покровск темирйўли бўйлаб жойлаштирилган захира кучлари мудофаасини ёриб ўтишга муваффақ бўлди. Ушбу йўлдан ғарбда, Степове (Петровск) қишлоғи ҳудудида ва Авдийивканинг шимолий чеккасида жойлашган коксхимия заводида ҳам жанглар олиб борилмоқда. РФ қуролли кучлари темирйўлнинг ғарбий томонига оғир техникаларини олиб ўта олган. Украина қуролли кучлари мунтазам равишда қарши ҳужум уюштирмоқда ва икки томон ҳам йўқотишларга учрамоқда.
- Россия қўшинлари Степоведан шимолда ҳужум фронтини кенгайтириб, Бердичи ва Новокалинове қишлоқларига етиб боришга ҳаракат қилмоқда. Умумий режа яққол кўриниб турибди — РФ қуролли кучлари фронт бўйлаб Украина қуролли кучларининг Орливка ва Ласточкине қишлоқлари орқали ўтувчи асосий таъминот чизиғига етиб бормоқчи
- Дастлабки режага кўра, жанубдан — Донецк аэропорти атрофидаги Водяне ва Опитне қишлоқлари томондан — йирик кучлар Россия қўшинларининг шимолий гуруҳи билан бирлашиш учун ҳужум қилиши ва доира Ласточкинеда ёпилиши мўлжалланганди. Аммо жанубдан қилинган юришлар октябр ойидаёқ Тоненке ва Северне қишлоқлари яқинида тўхтатилди. РФ қуролли кучларининг ушбу қишлоқларга кириш учун кўп сонли уринишлари муваффақиятсиз чиқди.
- Россия қўмондонлиги Авдийивка гарнизонини қуршаб олиш иллюзиясига берилмаган: катта эҳтимол билан, гап фақат уларни қуршов хавфи остида ва таъминот ёмонлашиши шароитида чекинишга мажбур қилиш ҳақида кетган (худди баҳорда Бахмутда бўлгани каби). «Сиқиб чиқариш»га Авдийивкага тўғридан тўғри жануби-шарқдан ҳужум қилган гуруҳ масъул бўлган. Ноябр ойи охири ва декабр ойи бошида бу гуруҳ Авдийивкадан жанубдаги саноат зонасини деярли тўлиқ эгаллаб олишга муваффақ бўлди. Аммо декабрда бу юриш секинлашиб қолди. Украина қуролли кучлари вазиятни барқарорлаштира олди; украин қўшини ҳамон саноат зонаси атрофидаги — сув тозалаш станциялари, дала ҳовлилар ва «Царская охота» дам олиш базасидаги позицияларни эгаллаб турибди. Бу объектларнинг барчаси Россия армиясининг 2022 йил февралида бошланган босқинидан олдинроқ мустаҳкам истеҳкомларга айлантирилганди.
Бахмут
- Май ойидан буён Бахмут атрофида мудофааланган Россия қўшини қиш бошланишига Украина қуролли кучлари гуруҳи кучсизланганидан фойдаланиб (бу йўналишдаги бўлинмаларнинг бир қисми Авдийивка мудофаасига ўтказилган), шаҳардан шимол ва жанубда юриш бошлади.
- РФ ҚК шимолий қанотда ютуқларга эришди — улар Бахмут чеккасидаги Хромовени эгаллади (баҳорда Вагнер ХҲК ёлланма жангчилари Бахмутни қуршовга олишга уринганида бу ҳудудни эгаллашни уддалай олмаганди), шунингдек шаҳар чеккасидаги Богдановка шарқига етиб келишди. Агар РФ ҚК Богдановка атрофидаги ва Хромоведан ғарбдаги тепаликларни эгаллай олса, бу Украина қуролли кучлари учун мазкур ҳудудда инқирозли ҳолатни юзага келтиради. Воқеаларнинг бундай ривожида украин қўшини Часив Яр шаҳри атрофидаги тепаликларга чекинишига ва Бахмут шаҳрини озод этиш умидларидан воз кечишига тўғри келади.
- Шаҳардан жанубда Россия қўшини кузда ташлаб чиқилган Клешчиевка ва Андрийивкага ҳужум қилмоқда. Ҳозирча Украина ҚК ҳужумларни тўхтатмоқда, аммо улар ҳозир Бахмутнинг жанубий чеккаларига ва Бахмут — Ҳорливка йўлига чиқиш ҳақида ўйлай олмайди.
- Жануброқда Украина ҚК ноябр ойи охирида Ҳорливка чеккасида эгалланган ҳудуд — Гагарин номидаги кон терриконини ушлаб туришга ҳаракат қилмоқда. Россия қўшини синовдан ўтган тактикани қўлламоқда — террикондаги позицияларни артиллерия ва авиациядан ўққа тутиш орқали рақибни кетишга мажбур қилмоқчи.
Креминна ва Купянск
- Хабар қилишларича (шу жумладан, украин манбаларида), Россия қўшини Серебрянский ўрмон хўжалиги (халқ тилидаги номи — Креминна ўрмони) шимолида муваффақиятли локал ҳужумлар амалга оширган. Улар Торске қишлоғи ҳудудидаги бўртиқни кенгайтиришга муваффақ бўлган, Россия қўмондонлиги анчадан буён бу ердан украин гуруҳининг Жеребец дарёси орқали амалга оширилган таъминотини тўхтатиб қўйиш учун фойдаланишга ҳаракат қилиб келади. Агар бу юришда муваффақиятга эришилса (эҳтимоли кам) ва РФ ҚК Торскени эгалласа, украин қўшини Креминна ўрмонини тарк этишга мажбур бўлади.
- Шу билан бир вақтда, РФ ҚК яна Купянскка юришни фаоллаштирди. Агар ноябр ойида улар Оскол дарёси бўйидаги мазкур муҳим шаҳарга шарқдан кириб келишга уринган бўлса, энди ҳужумлар яна (ёзда бўлгани каби) шимолдан уюштирилмоқда. Улар Купянскнинг шимолий чеккаларини тўсиб турувчи Синкивка қишлоғи чеккасига етиб келган. Ёзда Синкивкага қилинган барча ҳужумлар қайтарилганди, аммо энди бу йўналишдаги ва умуман бутун фронтдаги вазият Украина ҚК учун анча ёмонлашган.
Украина жануби
- РФ ҚК эндиликда Днипро бўйларидан Донецк области билан чегарага қадар чўзилган кучли мустаҳкамланган ҳудудларда мудофаани ушлаб туриш билан чекинмасдан, украинларнинг ёз ва куздаги қарши ҳужумлари натижасида бой берилган позицияларини қайтариб олишга ҳаракат қилмоқда.
- Россия қўшинлари Украина ҚК денгиз пиёда кучлари Велика Новосилка ҳудудидан (Донецк ва Запорижжя областлари чегарасида) Херсонга олиб ўтилишидан фойдаланган ҳолда Старомайорскега юриш бошлади — бу қишлоқ июл ойида ташлаб чиқилганди.
- Орихив фронтида ҳам Россия ҳужумлари бошланган: РФ ҚК украин қўшинини Работине, Новопрокопивка ва Вербоведан, шунингдек Нестерянки ҳудудидан сиқиб чиқаришга ҳаракат қилмоқда. Украинларнинг заифлашган гуруҳи (бу ердаги бўлинмаларнинг ҳам бир қисми ноябрда Авдийивка атрофига олиб кетилганди) ҳозирча бу ҳужумларни тўхтатиб турибди. Россия қўмондонлиги Орихив атрофидаги кучларини оширишга ва шаҳарнинг ўзига ҳужум қилишга уринмоқда.
- Украина ҚКнинг Днипро дарёси (ва Конка дарёси) чап соҳилидаги Кринки қишлоғи ҳудудидаги плацдармида вазият турғун ҳолатда: Россия қўшини катта захира кучлар жалб этмасдан плацдармни йўқ қила олмайди, — Украина қуролли кучлари эса уни кучайтира олмайди. Олдинроқ Велика Новосилка ҳудудидан олиб ўтилган украин денгиз пиёдалари плацдармдаги позицияларни (жумладан Кринкининг ўзидаги вайрон бўлган уйларда) ушлаб туришда давом этмоқда. Улар дарёниинг ўнг соҳилидаги Украина қуролли кучлари артиллерияси томондан қўллаб-қувватлаб турилибди. Денгиз пиёдалари ўз артиллерияси қамраб оладиган радиусдан узоқроққа юра олмайди. Улар Россия артиллерияси ва РФ авиацияси зарбаларидан йўқотишларга учрашда давом этмоқда.
Мавзуга оид
08:43
Украина МВ демобилизация тўғрисидаги қонунни тайёрлашни кечиктиришни сўради
22:34 / 24.12.2024
Россия–Украина уруши тугайдими? Путин нимани хоҳлайди?
20:22 / 24.12.2024
Фронтдаги вазият: Россия ва КХДР қўшинлари Курск областида юришнинг янги тўлқинини амалга оширмоқда
21:42 / 23.12.2024