IfW: Ғарбнинг Украинага ёрдами 87 фоизга камайди
Ғарбнинг Украинага кўрсатаётган ёрдами уруш бошланганидан бери энг паст даражага тушди. Килдаги Жаҳон иқтисодиёти институти таъкидлашича, Ғарб урушдан чарчади.
Ғарб Украинадаги урушдан чарчади, Ғарбнинг Киевга ваъда қилинган ёрдами ҳажми августдан октябргача бўлган даврда йиллик ҳисобда 87 фоизга - 16 миллиард евродан 2 миллиард еврогача камайди, деб хабар берди Redaktionsnetzwerk Deutschland (RND) нашри 7 декабр, пайшанба куни Килдаги Жаҳон иқтисодиёти институти (IfW) маълумотларига таяниб. Бу Ғарбнинг Киевни қўллаб-қувватлаши 2022 йил феврал охирида уруш бошланганидан бери энг паст даражага тушганини англатади.
IfW таъкидлашича, Украинага ёрдамни қисқартириш тенденцияси ҳисобот давридан бир неча ой олдин аниқ бўлган, ёрдамнинг қисқариши эса барча - гуманитар, молиявий ва ҳарбий соҳаларга таъсир қилган. «Ҳарбий ёрдам кўрсатишда энг кучли пасайиш кузатилмоқда», деди IfW эксперти Петро Бомпрецци.
У мавжуд вазиятни шу пайтгача Украинага бошқа барча мамлакатлардан кўра кўпроқ қурол етказиб берган АҚШдан янги ҳарбий ёрдам пакетлари йўқлиги билан изоҳлади. Қўшма Штатлардаги ички сиёсий низолар туфайли Киевга янги йирик ёрдам пакетларини ажратиш тўхтатилди. Украинани қўллаб-қувватлаётган 42 давлатдан фақат ярмидан камроғи сўнгги ойларда Киевга янги ёрдам пакетларини ваъда қилган. Европа Иттифоқи ва АҚШ янги мажбуриятларни деярли олмаган.
Зеленский: Ғарб барча керакли қуролларни етказиб бермади
Украина президенти Володимир Зеленский мамлакат Ғарбдан тезкор қарши ҳужум учун зарур бўлган қуролларни умуман олмаганини айтди. Ёзги ҳужум бошланишидан олдин Украина Қуролли кучлари бош қўмондони сўраган 300 та танк, 600 та зирҳли техника ва 500 та гаубицанинг фақат бир қисми Украинага етиб келди. Киев ҳали ҳам F-16 қирувчиларини қабул қилиб олмаган.
Снарядларнинг етишмаслиги, айниқса, фронтда кучли сезилмоқда. Украина ўз ўқ-дориларини ишлаб чиқаришни тиклади, бироқ уни зарур ҳажмда якка ўзи ишлаб чиқаришга қодир эмас. «Ҳар куни беш-саккиз мингта снаряд ишлатилади, бу ҳеч бир мамлакат ишлаб чиқара олмайдиган ҳажм», деди RND’га Европа ташқи алоқалар кенгашининг ҳарбий эксперти Густав Грессел.
Украина аскарлари хабар беришича, фронтнинг энг қайноқ нуқтаси - Авдийивкада Россия ҳар куни 20-30 баробар кўпроқ снарядлардан фойдаланмоқда. Яна бир ҳарбий эксперт Никлас Мазур Россия яқин ҳафталарда қисман бўлса ҳам муваффақиятга эриша олса, 2024 йилда урушнинг кейинги босқичида ташаббусни қўлга олиши мумкинлигини истисно этмади. Ҳар икки эксперт сулҳ бўйича чақириқларга шубҳа билан қараяпти.
Европа ёрдами
Немис сиёсатчилари юз бераётган ҳолатдан хавотирда. «Путин жанг майдонида узоқ муддатли муваффақиятга пул тикмоқда», деди «яшиллар» партияси вакили Антон Хофрайтер ва Америка ёрдами камайиб бораётган бир пайтда Европанинг роли ортиб бораётганини қўшимча қилди. У Германияни европалик ҳамкорлари билан биргаликда Европа ва Украина ўзини ҳимоя қилиш учун зарур бўлган қурол тизимларини ишлаб чиқарувчилардан зудлик билан буюртма қилишга чақирди.
Германия Бундестаги мудофаа қўмитаси раиси Марие-Агнес Штрак-Циммерман ҳам Ғарбнинг Украинага ёрдами ҳажмини оширишга чақирди. «Баъзилар давом этаётган урушдан чарчаганини тушунаман. Аммо Россия Ғарб томонидан қўллаб-қувватловнинг доимий равишда заифлашишига умид қилмоқда. Биз Украинани қўллаб-қувватлашни заифлаштиришга ҳақимиз йўқ», - дея огоҳлантирди у.
IfW маълумотларига кўра, Европа давлатлари ва Европа институтлари биргаликда уруш бошланганидан бери Украинага АҚШдан кўра кўпроқ ёрдам ваъда қилган, бироқ гап асосан молиявий ёрдамнинг узоқ муддатли кафолатлари ҳақида бўлган. Германия, Норвегия, Дания ва Буюк Британия, шу жумладан, шундай кафолатларни тақдим этди, аммо бошқа кўплаб давлатлар бунга амал қилмади.
Мавзуга оид
16:28 / 17.11.2024
Фронтдаги вазият: Украина қуролли кучлари мудофааси кўплаб участкаларда қуламоқда
14:24 / 17.11.2024
«Энг йирик ҳаво ҳужумларидан бири». РФ қўшини Украина бўйлаб ёпирилма зарбалар уюштирди
10:05 / 17.11.2024
Трампнинг қайтиши: Украина масаласида АҚШ ва Европанинг позицияси бўлинадими?
14:00 / 16.11.2024