Ўзбекистон | 11:20 / 08.12.2023
7848
2 дақиқада ўқилади

Мол-мулкни учинчи шахсга ўтказишга ўрнатилган тақиқни бекор қилиш жараёни соддалаштириляпти

Нотариус нотариал архив сақловида бўлган ҳужжатлар билан боғлиқ тақиқни (хатловни) бекор қилиши мумкин.

Фото: AP

Вазирлар Маҳкамасининг «Мол-мулкни бошқа шахсга ўтказиш учун қўйилган тақиқларни (хатловларни) бекор қилиш жараёнларининг соддалаштирилиши муносабати билан бошқа шахсга ўтказиш тақиқлаб ёки хатлаб қўйилган мол-мулклар электрон маълумотлар банкини шакллантириш, юритиш ва ундан фойдаланиш тўғрисидаги низомга ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Нотариус нотариал архив сақловида бўлган ҳужжатлар билан боғлиқ тақиқни (хатловни) бекор қилиши мумкин.

Нотариал тасдиқланган гаров (ипотека) шартномаси бўйича мажбуриятлар тўлиқ бажарилган тақдирда мол-мулкни бошқа шахсга ўтказишга тақиқ бекор қилинганлиги ҳақидаги маълумотлар:

  • 2019 йил 1 январга қадар қўйилган бўлса – нотариус ёки тегишли нотариал архив мудири томонидан;
  • 2019 йил 1 январь ва ундан кейин қўйилган бўлса – тегишли банк ёки кредит ташкилоти томонидан электрон маълумотлар банкига киритилади.

Банк ва кредит ташкилотларининг тақиқни бекор қилиш ҳақидаги хабарномаси электрон маълумотлар банкига электрон шаклда юборилиши мумкин. Бунда хабарномада:

  • мол-мулкни бошқа шахсга ўтказишга тақиқ қўйилишига асос бўлган нотариал тасдиқланган битимнинг реестр рақами ва санаси;
  • тақиқ бекор қилиниши лозим бўлган мол-мулк ҳақидаги маълумотлар (идентификатор);
  • банк ёки бошқа ташкилотнинг СТИРи кўрсатилиши зарур.

Мол-мулкни бошқа шахсга ўтказишни тақиқлаб ёки хатлаб қўйиш, шунингдек, уни бекор қилишда тўлов ундирилмайди, нотариус томонидан тақиқ (хатлов) бекор қилинадиган ҳоллар бундан мустасно.

Мавзуга оид