Ўзбекистон | 09:41 / 08.12.2023
4114
2 дақиқада ўқилади

Шаҳарсозлик соҳасида лицензияларни олиш учун талаблар кучайтирилмоқда

Янги лицензия талаблари 2024 йил 1 мартдан кучга киради, унга қадар тегишли лицензияга эга ташкилотлар ўз фаолиятини янги талабларга мувофиқлаштириши лозим.

Фото: Kun.uz

Вазирлар Маҳкамасининг “Шаҳарсозлик фаолиятида рухсат бериш тартиб-таомилларини такомиллаштиришга қаратилган ҳукуматнинг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ўзбекистон ҳудудида доимий муассасаси бўлган норезидент юридик шахслар ҳам баландликларда саноат альпинизми усулларида таъмирлаш, қурилиш-монтаж ишларини бажариш фаолиятини амалга ошириш учун лицензия олиши мумкин. Лицензия олиш учун мурожаат этиш муддати 15 кундан 10 кунга қисқартирилмоқда.

Шаҳарсозлик соҳасидаги айрим лицензияларни олиш учун талаблар кучайтирилмоқда.

Мисол учун, кўприклар ва туннелларни лойиҳалаштириш учун лицензияни олиш учун ташкилот штатида камида 15 нафар мутахассисга эга бўлиши лозим, шулардан асосий иш жойи сифатида ишловчи:

  • директор;
  • соҳа бўйича олий маълумотга ва лойиҳалаштириш соҳасида камида 5 йиллик иш тажрибасига эга 3 нафар лойиҳа бош муҳандиси;
  • бош архитектор;
  • 2 нафар технолог;
  • 2 нафар конструктор.

Лицензияни шу жумладан чет эл (доимий муассасаси мавжуд) юридик шахслар олиши мумкин. Кўриб чиқиш муддати 30 кундан 20 кунга қисқармоқда.

Шунингдек, қуйидаги фаолият бўйича лицензияларни олиш учун талаблар кучаймоқда:

  • кўприклар ва туннелларни қуришга;
  • хавфи юқори бўлган объектларни ва потенциал хавфли ишлаб чиқаришларни лойиҳалаштириш, қуриш ҳамда улардан фойдаланиш бўйича.

Янги лицензия талаблари 2024 йил 1 мартдан кучга киради, унга қадар тегишли лицензияга эга ташкилотлар ўз фаолиятини янги талабларга мувофиқлаштириши лозим.

2024 йил 1 апрелдан Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекциясидан рўйхатдан ўтмаган ҳолда қурилган бино ва иншоотлардан фойдаланиш учун рухсатнома берилмайди.

Мавзуга оид