Жаҳон | 11:07 / 11.12.2023
12579
3 дақиқада ўқилади

Нетаняҳу Путин билан суҳбатда Россиянинг позициясини танқид қилди

Исроил бош вазири Москванинг БМТ ва бошқа халқаро майдонлардаги позициясидан норозилигини билдирди, дея хабар беради унинг идораси. У Россиянинг Эрон билан алоқаларини ҳам танқид қилди.

Фото: SCANPIX

Исроил бош вазири Бенямин Нетаняҳу 10 декабр, якшанба куни Россия президенти Владимир Путин билан Яқин Шарқдаги вазият юзасидан телефон орқали мулоқот қилди. Исроил ҳукумат идораси маълумотларига кўра, суҳбатда Нетаняҳу Россия вакилларининг БМТ ва бошқа халқаро майдонлардаги «антиисроил позициясидан» норозилигини билдирган. Бундан ташқари, Исроил бош вазири Россия ва Эрон ўртасидаги «хавфли ҳамкорликни» кескин танқид қилди.

Нетаняҳу ҲАМАСга қарши уруш ҳақида гапирар экан, ҳужумга учраган ҳар қандай давлат Исроилдан кам бўлмаган куч билан жавоб қайтаришини таъкидлади. Шу билан бирга, бош вазир Россия паспортига эга Исроил фуқаросини Ғазо секторидаги асирликдан озод қилиш бўйича олиб бораётган саъй-ҳаракатлари учун Москвага миннатдорчилик билдирди, шунингдек, гаровга олинганлар билан алоқа ўрнатиш ва дори-дармонларни етказиб бериш учун Қизил Хочга босим ўтказишни сўради.

Кремл «терроризмни рад этиши ва қоралаши» ҳақида маълум қилган

Кремлнинг Путин ва Нетаняҳу музокаралари якунлари бўйича баёнотида айтилишича, Россия томони тинч аҳолининг азоб-уқубатларини енгиллаштириш ва Фаластин-Исроил можаросини юмшатиш учун ҳар томонлама ёрдам беришга тайёр.

«Путин терроризмни барча кўринишларида қабул қилмаслик ва қоралаш ҳақидаги принципиал позициясини тасдиқлади. Шу билан бирга, террорчилик таҳдидларига қарши туриш тинч аҳоли учун бундай оғир оқибатларга олиб келмаслиги ўта муҳим», — дея таъкидлади Россия президенти матбуот хизмати. 

Исроил-Фаластин можароси

7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.

ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган.

Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди.

Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 16 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.

1 декабргача давом этган вақтинчалик оташкесим доирасида 100 дан ортиқ гаровга олинган шахс қўйиб юборилди, Исроил 240 га яқин фаластинликни қамоқдан озод қилди. Исроил расмийларига кўра, 7 октябр куни асирга олинган яна 138 киши ҲАМАС қўлида қолмоқда.

Мавзуга оид