Ўзбекистон | 14:34 / 11.12.2023
41729
2 дақиқада ўқилади

Тошкент–Самарқанд пулли автомагистрали лойиҳаси ишлаб чиқилди

Йўл автомагистрал талаблари асосида қурилиб, 6 тасмали, 305 км узунликда бўлиши, барча туташма ва иншоотлар устидан янги йўл ўтказгичлар қурилиши кўзда тутилмоқда.

Тошкент–Самарқанд пуллик автомобил йўли лойиҳасининг дастлабки техник-иқтисодий асоси ишлаб чиқилди. Бу ҳақда Самарқанд вилояти автомобил йўллари бошқармаси хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, халқаро стандартларга жавоб берадиган 305 км узунликдаги 6 тасмали автомобил йўли “Автомагистрал” талаблари асосида қурилади.

Ҳамма туташма ва иншоотлар устидан янги кўприк ва йўл ўтказгичлар қуриш ҳамда интеллектуал транспорт тизимини ўрнатиш кўзда тутилган. Пулли йўлнинг қурилиши ҳозирда мавжуд ягона йўлга тушаётган юкламанинг тақсимланишига олиб келади.

Йўл қопламасининг юк кўтариш қобилияти халқаро стандартлар бўйича 13 тонна бўлади. Автомобил йўлининг хизмат қилиш муддати эса 25 йил деб белгиланган.

Лойиҳанинг дастлабки техник-иқтисодий асосини Европа тикланиш ва тараққиёт банки ажратган 350 минг евро грант маблағи ҳисобидан Австриянинг “ILF Consulting Engineers Austria GmbH” компанияси ишлаб чиққан. ЕТТБ техник-иқтисодий асосларни ишлаб чиқиш учун жами 1,5 млн доллар ажратган.

Лойиҳани амалга ошириш учун тендер асосида Туркиянинг Proyapı Mühendislik ve Müşavirlik A.Ş компанияси танлаб олинган.

  • Ўзбекистонда давлат-хусусий шериклик асосида пулли йўллар қуриш ҳақида илк бор 2018 йилда гапирилган эди. Ўшанда Германиянинг GP Günter Papenburg компанияси бошқаруви раиси Гюнтер Папенбург Тошкентга келиб, Автомобил йўллари қўмитаси раҳбари Абдураҳмон Абдувалиев билан учрашганди.
  • 2022 йил октябрда Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги директори Зокир Бозоров Тошкент–Самарқанд ва Тошкент–Андижон пулли автомобил йўллари 2026 йилгача қуриб битказилишини маълум қилган.
  • Президент Шавкат Мирзиёев 2023 йил июнда самарқандлик сайловчилар билан учрашувида Тошкент–Андижон пулли йўлини қуриш ишлари йил охиригача бошланишини айтганди.

Мавзуга оид