Ўзбекистон | 18:19 / 13.12.2023
12619
2 дақиқада ўқилади

Наманганда 98 та жаримани тўламай юрган Tracker ҳайдовчиси ушланди

Ҳайдовчининг тўланмаган маъмурий жарималар бўйича қарздорлиги 36 миллион сўмдан ошган. МИБ ўтказган тадбирларда Tracker вақтинчалик жарима майдончасига жойлаштирилди. 

Мажбурий ижро бюроси Наманган вилояти бошқармаси томонидан йўл ҳаракати қоидаларини бузиш билан боғлиқ жарималарини тўламаётган ҳайдовчиларга нисбатан тегишли чоралар кўрилмоқда.

МИБ матбуот хизматининг Kun.uzʼга маълум қилишича, куни кеча ўтказилган тадбирда 98 та жаримаси бор Chevrolet Tracker автомобили вақтинчалик жарима майдончасига жойлаштирилган.

Маълум бўлишича, мазкур автотранспорт ҳайдовчиси жарималарни 60 кун ичида тўламаган, шундан сўнг, ҳужжатлар Мажбурий ижро бюроси Наманган шаҳар бўлими иш юритувига келиб тушган.

“Давлат ижрочиси томонидан ҳайдовчига қарздорликни бартараф этиш юзасидан огоҳлантирилган, яъни уяли рақамларига SMS юборилган. Бир неча маротаба гаплашилган ҳам. Лекин ҳайдовчи қарздорликни тўлаш ўрнига машинасини ҳайдаб юрган. “Бузоқнинг югургани сомонхонагача” деганларидек, куни кеча Тошкент шаҳрида тўхтатилиб, махсус планшет орқали кўрилганда жарима тўланмагани маълум бўлди”, — дейилади МИБ тақдим қилган маълумотда.

Умумий қарздорлиги 36,3 миллион сўмни ташкил қилган Chevrolet Tracker вақтинчалик жарима майдончасига жойлаштирилди.

Аввалроқ, йил давомида йўл қоидаларини бузиб, жаримани ўз вақтида тўламаган шахсларга тегишли 14,6 мингдан ортиқ автомобиллар жарима майдонларига жойлаштирилгани хабар берилган эди. Булар қаторида, Тошкентда 128 та маъмурий жаримани тўламай юрган Malibu ҳайдовчиси қўлга тушган.

Мавзуга оид