Жаҳон | 10:04 / 13.12.2023
5478
2 дақиқада ўқилади

Хитой ва Туркия фирмалари Россияга ёрдам учун АҚШ санкцияларига дучор бўлди

АҚШ Молия вазирлиги томонидан тақдим этилган қора рўйхатга Россия, Хитой, Туркия, БАА ва бошқа мамлакатларнинг компаниялари ва жисмоний шахслари киритилган.

Фото: Colourbox

Россияга қарши санкцияларни четлаб ўтишга қарши кураш доирасида Қўшма Штатлар турли мамлакатлардан 250 дан ортиқ компания ва жисмоний шахсларни қора рўйхатга киритди, дейилади АҚШ Молия вазирлиги 12 декабр, сешанба куни тарқатган баёнотида. Гап Россия ҳарбий машинасини молиялаштирган ва қўллаб-қувватлаётган барча шахсларни жавобгарликка тортиш ҳақида боряпти, деди АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен. Рўйхатга Хитой, Туркия, Бирлашган Араб Амирликлари ва Тожикистон компаниялари киритилган. Улар Россияга АҚШ санкцияларини четлаб ўтишда ёрдам берганликда айбланмоқда.

«Уруш машинаси фақат маҳаллий ишлаб чиқариш ҳисобига яшай олмайди. Бизнинг санкцияларимиз бугунги кунда Россияга ҳарбий-саноат мажмуасини қуриш ва қўллаб-қувватлаш учун зарур бўлган ресурслар билан таъминлашга тайёр бўлган учинчи томон етказиб берувчилари устидан назоратни кучайтиришда давом этмоқда», - деди АҚШ молия вазири Жанет Йеллен.

АҚШ Экспобанк ва «Мегафон» собиқ бош директорига қарши санкциялар киритди

Россиялик юридик шахслар ва фуқаролардан «Мегафон»нинг собиқ бош директори Иван Таврин ва у билан боғлиқ компаниялар Америка санкциялари остида қолди. Бундан ташқари, тадбиркор Владислав Свиблов ҳамда унинг олтин қазиб олувчи Highland Gold ҳолдинги ва Fortiana Holdings Limited компаниясига ҳам санкция қўйилган. Улардан ташқари, АҚШ ҳукумати «Киевская площадь» девелоперлик гуруҳи ва Экспобанкка чекловлар қўйди.

Шунингдек, Россия ҳарбий-саноат комплекси корхоналари, масалан, «Завод имени Дегтярева», «Купол» Ижевск электромеханика заводи, Перм порох заводи ва Новосибирск патрон заводи ҳам санкцияларга дучор бўлди.

Канада расмийлари, шунингдек, 12 декабр куни Россияга қарши санкциялар рўйхати кенгайтирилганини, жумладан, унга яна 30 нафар шахс қўшилганини эълон қилди.

Мавзуга оид