Ўзбекистон | 11:56 / 14.12.2023
24757
3 дақиқада ўқилади

Алишер Қодиров: “Автомобил арзон, лекин унга хизмат кўрсатиш қиммат бўлиши керак”

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Алишер Қодиров Ўзбекистонда тирбандликларнинг олдини олиш учун хусусий транспорт воситалари мақомини ҳал қилиш кераклиги ҳақида гапирди. У Хитой ва Сингапурни мисол келтириб, Ўзбекистонда ҳам транспортга хизмат кўрсатишни қиммат қилиш орқали тирбандликни ҳал этишни таклиф қилган.

Фото: Kun.uz

13 декабр куни Ҳукумат соатида аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш, жамоат транспорти йўналишлари тармоғини кенгайтириш юзасидан амалга оширилаётган ишлар тўғрисидаги масала муҳокама қилинган.

Муҳокама жараёнида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Алишер Қодиров тирбандликларнинг олдини олиш учун хусусий транспорт воситалари мақомини ҳал қилиш кераклиги ҳақида тўхталиб ўтган.

“Бугун жамоат транспортини ривожлантириш ва уни шакллантириш муаммоларини ҳал қилиш устида жуда кўп бош қотиряпмиз ва катта ишлар қилиняпти. Лекин биз хусусий транспорт масаласидаги мақомни ҳал қилолмасак, жамоат транспорти масаласида қанча ҳаракат қилишимиздан қатъи назар, кўзлаган мақсадимизга етолмаймиз. 

Ўзбекистонда хусусий транспорт сони сўнгги ўн йил ичида 5 баравар кўпайганини ҳисобга олсак, бу катта бир таҳдидга айланишни бошлади. Биз ҳали Жаҳон савдо ташкилотининг протоколига уйғунлашишни бошлаганимиз йўқ. Эртага ЖСТ платформасига киргандан кейин машиналарни сотиб олиш яна ҳам имкониятли бўлади. Ва бугунги тирбандлик масаласи жамоатчилик ҳаракатининг катта муаммосига айланади. Ҳозироқ ўзи муаммога айланди.

Хусусий транспорт мақомини хорижий ривожланган давлатлар қандай ҳал қилди? Масалан, Хитой тажрибасини олиб қарайдиган бўлсак, у ерда автомашинани сотиб олиш қийин эмас. Чунки нархини улар ўзи белгилаб ололмайди, ЖСТнинг талаблари бор. Лекин автомобилга хизмат кўрсатиш ва ундан фойдаланиш билан боғлиқ бўлган хизматлар жуда ҳам қиммат ҳисобланади. “Парковка”си бўлсин, солиқлар жорий қилиш ёки пулли йўллар орқали... Автомобилни сотиб олиш осон, лекин ундан фойдаланиш қиммат хизматга айланган.

Сингапурда ҳам худди шундай. Ушбу давлат ҳам тирбандлик масаласини хусусий транспортдан фойдаланишни қиммат қилиш ҳисобига ҳал қилган.

Ўзбекистонни ҳам яқин 5-6 йилда шундай жуда катта муаммо кутаётганини ҳисобга олиб, Транспорт вазиримизга айнан шу масалаларга ҳозирдан алоҳида эътибор беришни ва хусусий транспорт мақоми масаласи бўйича жиддий таклифлар тайёрлашни таклиф қилган бўлардим”, дея таъкидлаган Алишер Қодиров.

Унинг қўшимча қилишича, хусусий транспорт ҳамма учун ва хоҳлаган пайтида эриша оладиган масала бўлиши керак эмас. Бунга эса жамоат транспортининг қулайлиги орқали эришиш мумкин. Агар жамоат транспорти қулай қилинса, одамларга хусусий транспортдан фойдаланиш жозибадор бўлмай қолади.  

 

Мавзуга оид