Бюджет тақчиллиги лимити 5,5 фоизгача оширилмоқда
2023 йил якунига 15 кун қолганда, давлат бюджети тўғрисидаги қонун ўзгартирилмоқда. Депутатлар консолидацияланган бюджет тақчиллиги лимитини ЯИМга нисбатан 3 фоиздан 5,5 фоизгача, йиллик ташқи қарз лимитини 4,5 млрд доллардан 5,5 млрд долларгача кўпайтиришни маъқуллади.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида “2023 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисидаги қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.
Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Аҳадбек Ҳайдаровнинг тушунтиришича, “иқтисодиётни эркинлаштиришга қаратилган таркибий ислоҳотлар, тармоқлар, кичик бизнес ва ҳудудларни ривожлантириш дастурларининг амалга оширилаётгани” ва бошқа бир қатор омиллар жорий йилда давлат бюджетининг харажатлари кутилганидан юқори бўлишига сабаб бўлган.
“Ҳукумат топшириқларининг ижросини таъминлаш мақсадида республика бюджетидан биринчи даражали тақсимловчиларга ажратиладиган маблағларнинг чекланган миқдорлари 24 трлн 525 млрд сўм қўшимча харажатлар ҳисобига оширилмоқда”, деди у.
Аҳадбек Ҳайдаровнинг қўшимча қилишича, жорий йилда икки марта иш ҳақи, пенсия ва нафақаларнинг 7 фоиздан оширилиши, шунингдек, бюджет ташкилотлари учун коммунал тўловлар нархининг қимматлашиши билан боғлиқ харажатларга қўшимча 3 трлн 740 млрд сўм ажратилиши белгиланган.
“Ижтимоий соҳани ривожлантириш учун қўшимча 7,5 трлн сўм маблағ йўналтирилади. Хусусан, таълим соҳасига 3,2 трлн сўм маблағ ажратилган. Бунда умумтаълим мактабларида ўқувчилар сонининг ошиши ҳамда юқори малакали ўқитувчиларни рағбатлантириш механизмлари ишга туширилиши ҳисобига иш ҳақи тўлаш харажатлари учун 1 трлн 528 млрд сўм, умумий ўрта таълим муассасаларини янги авлод дарсликлари билан таъминлаш учун қўшимча 456 млрд сўм, шу билан бирга мактабгача таълим муассасалари сонининг йил бошидагига нисбатан 3 мингтага ортиши ҳисобига бюджетдан 510 млрд сўм ажратилмоқда. Боғчалар таъминоти учун ота-оналарга камайтирувчи коэффициентлар қўлланиши ҳисобига болаларни озиқ-овқат билан таъминлаш учун қўшимча 130 млрд сўм ажратилмоқда”, деди Аҳадбек Ҳайдаров.
Вазир ўринбосарининг маълум қилишича, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш мақсадида соғлиқни сақлаш соҳасига ҳам қўшимча 1,7 трлн сўм йўналтирилади. Бундан 1,6 трлн сўм штат бирликларининг ортиши ҳисобига иш ҳақи харажатлари учун, физиотерапия ва пулмонология хизматини ривожлантириш давлат дастури бўйича қўшимча 69 млрд сўм ажратилмоқда. Бундан ташқари ижтимоий нафақа тўловлари учун қўшимча равишда 1 трлн 808 млрд сўм маблағ берилади.
Шунингдек, давлат ижтимоий соҳа объектларини иситиш, ДХШ асосида кўмир ёқилғисига ўтказиш билан боғлиқ харажатларга 500 млрд сўм йўналтирилади.
Иқтисодиётни ривожлантиришга эса қўшимча 5,2 трлн сўм ажратилган. Шундан, “Uzgastrade” АЖнинг табиий газни сотиб олиш ва сотиш нархларидаги тафовут харажатларини қоплаш учун 3 трлн 542 млрд сўм, жамоат транспортини яхшилаш учун 412 млрд сўм, Тошкент метрополитенининг чекланган тарифлардаги йўловчи ташишдан кўрадиган зарарларини қоплаш учун 335 млрд сўм, тадбиркорлик субъектларининг экспорт фаолиятини қўллаб-қувватлашда уларнинг ташиш харажатларининг бир қисмини қоплаб бериш учун 92 млрд сўм , тўқимачилик ва трикотаж компанияларида молиявий ҳисоботларни халқаро стандартлар асосида юритишни таъминлаш ва йирик савдо омборларини ижарага олиш харажатлари учун 20 млрд сўм ажратилмоқда.
Энергетика вазирлиги ҳузуридаги тармоқлараро энергияни тежаш жамғармасига муқобил энергия ускуналари ўрнатган аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига компенсация тўловлари учун 50 млрд сўм, ҳудудларда, айниқса, маҳаллаларда ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш харажатлари учун 4,6 трлн сўм йўналтирилмоқда. Жумладан, долзарб ижтимоий тадбирларни амалга ошириш учун 4,3 трлн сўм, Сурхондарё вилояти аҳолисининг ичимлик сув таъминотини яхшилаш учун 263 млрд сўм ажратилмоқда”, деди Ҳайдаров.
Шу билан бирга, Тошкент давлат стоматология институти негизида Республика кўп тармоқли тиббиёт маркази ташкил этиш учун қўшимча равишда 150 млрд сўм, Тошкент шаҳрида электр таъминоти барқарорлигини таъминлаш мақсадида мавжуд подстанцияларни модернизация қилиш учун 200 млрд сўм берилиши кўзда тутилган.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси давлат мақсадли жамғармаларининг даромадлари 5 трлн 893 млрд сўмга, харажатлари 5 трлн 916 сўмга ўзгармоқда. Давлат активларини бошқариш, трансформация ва хусусийлаштириш жамғармасининг кутилаётган даромад прогнозлари 2 трлн 526 млрд сўмга ортмоқда. Кутилаётган даромадларнинг ошиши ҳисобига жамғарманинг харажатлари 2 трлн 526 млрд сўмга оширилмоқда.
“Киритилаётган қўшимча харажатлар ҳисобига қонуннинг 11-моддаси билан тасдиқланган кодсолидацияланган бюджет тақчиллигининг чекланган миқдори 3 фоиздан 5,5 фоизгача оширилмоқда. Юзага келган қўшимча харажатларни қоплаш мақсадида ташқи қарз жалб қилиш бўйича чекланган миқдор 4,5 млрд доллардан 5,5 млрд долларга оширилмоқда”, дея ўз нутқини тугатди Аҳадбек Ҳайдаров.
Қонунчилик палатаси спикери Нурдинжон Исмоилов тегишли қўмита раисидан "нега қонунни киритиш кечикди?" деб бир неча марта сўради, аммо аниқ ва лўнда жавоб берилмади.
Йил якунланишига оз қолгани рўкач қилиниб, қонун лойиҳаси биринчи ва иккинчи ўқишда депутатлар томонидан қабул қилинди.
Маълумот учун, ҳукумат жорий йилги давлат бюджетининг даромадлари ва харажатлари ўртасидаги ижобий фарқ 4,2 трлн сўмга (профицит) тенг бўлишини прогноз қилганди. Хусусан, 2023 йилда даромадлар 232,1 трлн сўмни, харажатлар 227,8 трлн сўмни ташкил этиши керак эди.
2023 йилги давлат бюджети тўғрисидаги қонун билан жорий йилда консолидациялашган бюджет тақчиллигининг чекланган миқдори ЯИМга нисбатан 3 фоиз миқдорида белгиланган эди. Қонунга кўра, йил давомида давлат бюджетини қўллаб-қувватлаш, шу жумладан дефицитни молиялаштириш учун олинадиган қарзлар миқдори 2 млрд доллардан ошмаслиги керак эди.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йилги давлат бюджети тўғрисидаги қонунда ҳам дефицит бўйича 3 фоизлик лимит кўрсатилган, лекин давлат харажатлари даромадлардан кескин ортиб кетиши ортидан, бюджет қонунига ўзгартириш киритилиб, лимит 4 фоизга кўтарилганди.
Ўтган йили бюджет тақчиллигининг белгиланган лимитдан ошиши ижтимоий соҳа, иқтисодиёт ва аҳолини қўллаб-қувватлаш ҳамда ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасига инвестиция харажатларининг ошиши билан изоҳланганди. Тақчилликнинг 47 фоизи халқаро молия институтларидан олинган қарз эвазига қопланган.
Мавзуга оид
19:18 / 05.11.2024
Ўзбекистоннинг 2025 йил учун давлат бюджети лойиҳаси эълон қилинди. Асосий маълумотлар
17:50 / 30.10.2024
2025 йил учун давлат бюджети: қайси ташкилотга қанча пул ажратилади?
18:15 / 17.10.2024
2025 йилда бюджетдан таълим ва соғлиқни сақлаш учун харажатлар 20 фоизга кўпайтирилади
18:57 / 03.10.2024