ДХХ Тожикистон ва Қирғизистондан келтирилган гиёҳвандлик воситаларини мусодара қилди
Давлат хавфсизлик хизмати томонидан Тожикистон ва Қирғизистондан келтирилган гиёҳвандлик воситалари мусодара қилинди. Бу ҳақда ДХХ хабарида айтилган.
Давлат хавфсизлик хизматининг Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари доирасида, Тошлоқ туманида яшовчи шахснинг яшаш хонадони кўздан кечирилди.
Натижада, ушбу манзилда келгусида сотиш мақсадида сақлаб келинаётган 27 кг 573 гр “гашиш” ва 3 кг 967 гр “опий” гиёҳвандлик воситалари борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.
Аниқланишича, ушбу наркотик моддалар Тожикистон Республикасидан контрабанда йўли билан олиб келинган.
Бу йўналишда Давлат хавфсизлик хизматининг Андижон вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ҳам вилоят божхона бошқармаси билан ҳамкорликда тезкор тадбирлар ўтказилди.
Хусусан, Андижон вилоятининг Қўрғонтепа туманида яшовчи фуқаро Қирғизистон Республикасининг Ўш вилоятида истиқомат қилувчи шахс билан ўзаро тил бириктириб, 1 кг 806 гр “Мефедрон” синтетик гиёҳвандлик воситасини харидорга 80 минг АҚШ долларига сотаётган вақтларида қўлга олинди.
Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, Қўрғонтепа туманида яшовчи фуқаронинг уйидан ҳам 2 кг 698 гр “Мефедрон” моддаси тегишли тартибда расмийлаштириб олинди.
Ушбу синтетик наркотик моддалар Қирғизистон Республикасидан олиб келинган.
Бошқа ҳолатда эса Андижон туманида яшовчи шахс бошқарувидаги “Дамас” русумли автомашина тўхтатилди.
Автомашина холислар иштирокида кўздан кечирилганда, унинг салон қисмида кучли таъсир қилувчи моддалар туркумига кирувчи 2800 дона “Регапен” ва 957 дона флаконда “Тропикамид” дори воситалари борлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинди.
Ушбу кучли таъсир қилувчи дори воситалари ҳам сотиш мақсадида айланма йўллар орқали Қирғизистон Републикасидан олиб келинган.
Ҳозирда ушбу ҳолатлар юзасидан мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Мавзуга оид
12:26 / 15.11.2024
Роғун ГЭСдаги авария оқибатида 3 киши ҳалок бўлди
17:30 / 14.11.2024
Қирғизистон Иссиқкўлни сақлаб қолиш учун қўшниларга камроқ сув бериши мумкин
22:01 / 12.11.2024
Қирғизистонда ҳокимиятни эгаллашга тайёргарлик кўрган етти киши қўлга олинди
16:44 / 11.11.2024