Финландия Россия билан чегара пунктларини яна ёпяпти
Россия билан чегарадаги Ваалимаа ва Ниирала ўтиш жойлари бир неча соат олдин очилган эди. Финландия ҳукумати муҳожирлар оқими тиклангани сабабли уларни яна ёпишга қарор қилди.
Финландия ҳукумати Россия билан чегарадаги Ваалимаа ва Ниирала ўтиш жойларини яна ёпмоқда, деб маълум қилди мамлакат ички ишлар вазири Мари Рантанен 14 декабр, пайшанба куни. «Шарқий чегара эртага (15 декабр) соат 20:00да ёпилади ва ёпилиш январ ойининг ўрталарига қадар давом этади», деди Рантанен ва муҳожирларнинг янги оқими шароитида «вазиятни кузатиб бориш керак»лигини қўшимча қилди.
Чегара пунктлари қайта очилиши биланоқ бошпана изловчилар яна кела бошлаган. Мари Рантанен фикрича, шарқий чегарадаги вазият миллий хавфсизликка таҳдид солмоқда. «Ноқонуний иммиграция ҳодисаси чет эл кучлари таъсирида юзага келгани ва жиноят билан ҳам боғлиқлиги аниқ. Финландия Финландия билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилмоқда», деб таъкидлади вазир ва вазият мамлакатга ноқонуний равишда киришга ҳаракат қилаётганлар оқими тўхтаса яхшиланишини қўшимча қилди.
Финландия молия вазири Риикка Пурранинг таъкидлашича, иккита чегара пости очилгандан сўнг, «одамларни бошпана сўраб мурожаат қилишга ундаш» деярли дарҳол бошланган, буни аниқ ким «рағбатлантираётгани» номаълум.
Бошпана изловчилар оқими
Ваалимаа ва Ниирала чегара пунктлари (биринчиси Ленинград вилоятида, иккинчиси Карелияда) 14 декабр куни эрталаб қайта очилди. Тушгача Финландия чегара хизмати маълумотларига кўра, бошпана сўраган 24 киши аллақачон Ниирала назорат пунктига етиб борган. Умуман олганда, Yle'нинг сўнгги маълумотларига кўра, кун давомида камида 62 бошпана изловчи иккала чегара пунктига келган. Уларнинг бир қисми - Сомали ва Сурия фуқаролари.
Финландия ноябр ойи ўрталарида Россия билан чегарадаги назорат-ўтказиш пунктларини ёпишни бошлади. Мамлакат расмийлари бу қарорни Россия томонидан назорат-ўтказиш пунктига келган ва бошпана сўраган муҳожирлар оқими (асосан Яқин Шарқ давлатларидан) билан асослади. 30 ноябр куни Россия билан чегарадаги барча тўққизта назорат-ўтказиш пункти ёпилди. Кейинчалик Финландия ҳукумати 14 декабрдан бошлаб иккита назорат пункти - Ваалимаа ва Ниирала очилишини эълон қилди.
Мавзуга оид
22:10 / 16.11.2024
Абхазияда тўполон: маҳаллий аҳоли Россия билан келишувдан норози
20:17 / 16.11.2024
Санкциялар Россиянинг йирик газ лойиҳасини чўктириб юбормоқда — ОАВ
18:18 / 16.11.2024
Россияда мигрантларни назорат этадиган «Мигрант ID» жорий қилиниши мумкин
13:46 / 16.11.2024