Ўзбекистон | 15:24 / 15.12.2023
9798
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда яйловларнинг ярми инқирозга учрагани маълум қилинди

Республикадаги 21 млн гектар яйловларнинг 50 фоиздан ортиғи турли даражада инқирозга учраган. Олимларга кўра, яйловларда ўсувчи 1700 тур ўсимликнинг 200 тури ҳозирда умуман йўқолиб кетган. Бунга иқлим ўзгаришлари, тупроқ эрозияси ҳамда инсон омили сабаб бўлмоқда.  

Республикадаги асосий яйловларнинг табиий равишда ем-хашак ҳосил қилиш салоҳияти пасайиб, яроқсиз ҳолатга келиб қолган. Бу ҳақда Сенатнинг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси мажлисида маълум қилинди.

Таъкидланишича, 4,2 млн гектар яйловда геоботаник тадқиқотлар ўтказилиб, деградацияга учраган майдонларнинг хариталари тайёрланган ҳамда 420 минг гектар деградацияга учраган яйловларни қайта тиклаш ва яхшилаш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда.

Республиканинг 21 млн гектар майдонини эгаллаган яйловларнинг 50 фоиздан ортиғи турли даражада инқирозга учраган, асосий яйловларнинг табиий равишда ем-хашак ҳосил қилиш салоҳияти пасайиб, яроқсиз ҳолатга келиб қолган. Бу кўрсаткич 2019 йилда 16,4 млн гектарни (умумий яйловларнинг 78 фоизи) ташкил қилганди.

Яйловларда чорва молларини алмашлаб боқиш тизими жорий этилмагани ва чорва моллари сони кескин ортгани боис яйлов ерлари катта босим остида қолган. Бунинг оқибатида озуқабоп ем-хашак ўсимлик турлари сийраклашиб, йўқолиб кетиш даражасига етган.

Қўмита мажлисида ушбу масалаларга ойдинлик киритиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш бир овоздан маъқулланган.

Олдинроқ қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор Усмон Норқулов яйловларда ўсувчи 1700 тур ўсимликнинг 200 тури ҳозирда умуман йўқолиб кетгани ҳақида гапирганди. Олимнинг таъкидлашича, кейинги 50 йил ичида яйловларда инқироз кучайган. Бунга иқлим ўзгаришлари, тупроқ эрозияси ва инсон омили сабаб бўлмоқда.

Мавзуга оид