TI Россия ва Британия ўртасидаги савдо орқали йирик пул ювиш ҳолатлари ҳақида маълумот берди
Transparency International Россия бўлими маълумотларига кўра, Россияда пул ювишнинг ҳар ўнинчи ҳолати Буюк Британияга экспорт орқали амалга оширилади.
Transparency International халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотининг чет элда ишлаётган Россия бўлими маълумотларига кўра, сўнгги 10 йил ичида Россиядан Буюк Британияга экспорт қилиш орқали катта миқёсда маблағларни ноқонуний олиб чиқиб кетиш кузатилмоқда. 18 декабр, душанба куни «Трансперенси Интернешнл - Россия» томонидан эълон қилинган ҳисоботда айтилишича, 2013-2022 йиллар оралиғида Россияда жами пул ювишнинг қарийб 10 фоизи Британия фирмалари билан савдо орқали содир бўлган.
Ўрганиш давомида ҳуқуқ ҳимоячилари Россия судларининг ноқонуний валюта операциялари, жумладан, қалбаки ҳужжатлар ёрдамида амалга оширилган ишлар ҳақидаги моддалар бўйича қарорларини таҳлил қилди. Бундай операциялар ёрдамида 10 йил давомида Буюк Британияда рўйхатдан ўтган компаниялар орқали Россиядан камида 20 миллиард рубл (150 миллион фунт стерлинг) олиб чиқилган, бу ноқонуний олиб кетилган пуллар умумий ҳажмининг тахминан 10 фоизига тўғри келади.
Савдо орқали пул ювишнинг кўплаб схемалари
Мутахассисларнинг таъкидлашича, пул маблағларини савдо орқали ноқонуний олиб чиқиш усули (TBML, Trade-based money laundering) пул ювишнинг фаол қўлланадиган тури ҳисобланади. Ҳисоботда жиноий даромадларни легаллаштиришнинг бир қанча усуллари, хусусан, бир маҳсулотни бошқа маҳсулот ниқоби остида етказиб бериш, божхона декларациясида сохта қийматларни кўрсатиш, сохта етказиб бериш ва хизматлар кўрсатиш ҳолатлари қайд этилган. Ҳаммаси бўлиб, тадқиқот Россиядан Буюк Британия орқали пул олиб чиқиш бўйича илгари номаълум бўлган 20 га яқин ҳолатни аниқлади.
Ҳуқуқ ҳимоячилари томонидан тўпланган маълумотлар шуни кўрсатадики, бундай битимлар инглиз умумий ҳуқуқ тизимида рўйхатдан ўтган ва воситачи сифатида фаолият юритувчи компаниялар орқали амалга оширилади. Ушбу фирмаларнинг асосчилари Сейшел, Маршалл, Британия Виржиния ороллари ёки Белизда рўйхатдан ўтган сохта компаниялардир. Бу якуний бенефициарлар тўғрисидаги маълумотларни яшириш имконини беради, дея таъкидланади ҳисоботда.
Украина уруши бошланганидан сўнг фирмалар санкцияларни четлаб ўтиш учун фойдаланиляпти
Бундан ташқари, ташкилот Россиянинг Украинага қарши уруши ва Россия Федерациясига нисбатан мисли кўрилмаган санкциялар жорий этилганидан сўнг, Британия воситачи фирмалари ва офшорлардаги сохта компаниялари Россияга тақиқланган икки томонлама мақсадли товарларни етказиб бериш учун фойдаланилиши мумкинлигини таъкидлади.
Transparency International Россия бўлими октябр ойида юридик шахс тугатилиши ва Россия Федерациясидан ташқарида ишлашни қайта бошлашини эълон қилди. Ташкилот Россияда 1999 йилдан бери ишлаб келаётганди. Ташкилотнинг Россиядан ташқарида жойлашган жамоаси «TI’нинг муҳожирликдаги Россия бўлими» сифатида расмий аккредитация олган.
Мавзуга оид
22:10 / 16.11.2024
Абхазияда тўполон: маҳаллий аҳоли Россия билан келишувдан норози
20:17 / 16.11.2024
Санкциялар Россиянинг йирик газ лойиҳасини чўктириб юбормоқда — ОАВ
18:18 / 16.11.2024
Россияда мигрантларни назорат этадиган «Мигрант ID» жорий қилиниши мумкин
13:46 / 16.11.2024