Жаҳон | 17:51 / 20.12.2023
21242
7 дақиқада ўқилади

Сафарбарлик, Залужний билан муносабатлар ва уруш истиқболлари – Зеленский матбуот анжуманида нималар деди?

У Россия фронтда бирорта ғалабага эришмагани, шунингдек АҚШда Трамп президентлик сайловларида ғалаба қозонса Украинага қийин бўлишини таъкидлади.

Украина президенти Володимир Зеленский йил якунлари бўйича матбуот анжуманида қатнашди. 200 дан ортиқ маҳаллий ва халқаро журналистлар аккредитация олиб қатнашган анжуманда Зеленский кўплаб саволларга жавоб берди. Хусусан, мамлакатда сафарбарлик қамрови тобора кенгайиб бориши мумкинлигини истисно қилмади.

Зеленскийнинг айтишича, ҳарбийлар ундан яна 450-500 минг кишини сафарбар қилишни сўраган. Аммо президент фақат янги одамларни жалб қилишни эмас, икки йилдан буён жанг қилаётганларга уйига жавоб бериш ҳақида ҳам ўйлаш кераклигини таъкидлаган. Аёлларни сафарбарликка жалб қилиш тўғрисида қонунни имзоламоқчи эмаслиги, аммо 25 ёшдан бошлаб йигитларни маълум шартлар асосида армияга қабул қилишга рози эканини айтган.

Зеленскийга кўра, Россия фронтда бирорта ғалабага эришмаган. У Украина урушни ютқазиши ҳақида гапларни ҳам рад этди. Табиийки, Зеленскийдан бош қўмондон Залужний ҳақида кўп марта сўрашди. Охирги вақтларда улар ўртасидаги муносабатлар ёмонлашгани кўриниб қолди. Аммо президент ҳарбий раҳбарият ҳақида саволларга тўғридан тўғри жавоб бермади, Залужнийни ўз жамоаси аъзоси деб атади ва унинг истеъфоси ҳақида тўхталиб ҳам ўтирмади. Шунчаки Залужнийдан фронтда Украинага фойда келтирадиган муваффақият кутишини билдирди.

Зеленский АҚШ Украинага қўшимча ёрдам беришига ишончи комил эканини айтган. Унинг ишонч билдиришича, америкаликлар тез орада Киевга ёрдам бўйича бир қарорга келади. 

Шунингдек, АҚШдаги президентлик сайловлари натижаси бўйича хавотирли фикр билдирган. «Агар Трамп АҚШ президенти бўлса, унинг сиёсати аниқ бошқача бўлади. Агар у Украинага нисбатан совуқроқ сиёсат юргизса, бу Украинадаги урушга жуда катта таъсир ўтказади», деган у.

«Россия бирорта ғалабага эриша олмади»

Evgeniy Maloletka / AP / Scanpix / LETA

Зеленский матбуот анужманини фронтда ватани учун жон бериб қурашаётган Украина Қуролли кучлари ҳарбийларига миннатдорчилик билан бошлади. Россия фронтда бирорта ғалабага эриша олмаганини айтган Зеленский BBC мухбирининг «Украина урушни ютқаза бошладими?» деган саволига кескин оҳангда «Йўқ» деб жавоб берди. У 2022 йилда ҳам мамлакат жуда қийин вазиятга тушиб қолгани, аммо блокадани енгиб ўтган ҳарбийлар катта ерларни қайтиб олганини эслатди.

«Ҳа, ғалабанинг баҳоси жуда катта, бизда муаммолар борлигини тан оламан. Масалан, танкка қарши артиллерия снарядлари етишмаяпти. Уруш, ғалаба, турғунлик – булар кўп нарсаларга боғлиқ, аммо энг кўп бизга, ўзимизга боғлиқ. Бардошли бўлсак, бу урушни тезроқ якунлаймиз», деди президент.

Зеленский уруш ҳақида тахминларни айтаётганлар аслида у қачон тугашини билмаслиги, бу ҳақда умуман ҳеч ким билмаслигини айтди. Шунингдек, руслар Украинани жуда тез енгишни мақсад қилгани, аммо бунга эриша олмаганини эслатди.

Сафарбарлик ҳақида

Зеленскийга кўра, ҳарбийлар ундан 450-500 минг одамни сафарбар қилишни сўраган. Аммо президент улардан нафақат янги ҳарбийларни жалб қилиш, балки икки йилдан буён урушаётганларни демобилизация қилиш кўзда тутилган режа сўраганини айтди. «Биз энг қатъиятли одамларимизни йўқота олмаймиз», деди Украина етакчиси.

Унинг сўзларига кўра, бунчалик кўп одамни сафарбар қилиш давлат ғазнасига 13 миллиард долларга тушади. Зеленский аёлларни сафарбарликка жалб қилиш бўйича қонунни имзоламаслигини айтди. Аммо Украинада чақирув ёшини 27 ёшдан 25 ёшгача туширишга маълум шартлар асосида розилигини таъкидлади.

«НАТОга қисман қўшилиш бу – сафсата»

Украиналик журналист Зеленскийдан мамлакат НАТОга қисман аъзо бўлиши мумкинми, деб сўради. Яъни, бутун мамлакат эмас, ҳозирда Россия эгаллаб олмаган қисмлар. Зеленский НАТОга кириш энг яхши вариант экани, аммо алянсга Украинани ҳеч ким таклиф қилмаётганини эслатди.

«Бизни ҳеч ким НАТОга таклиф қилаётгани йўқ. Қисман қўшилиш ҳақида гаплар эса сафсата, тўғриси. Иттифоқчиларимиздан ҳеч қачон бундай таклиф олмаганмиз», деди у. Зеленскийга кўра, Ғарбдаги иттифоқчилар билан хавфсизлик кафолати бўйича музокаралар жуда секин кетмоқда.

Залужнийни истеъфога чиқарадими?

Охирги вақтларда кўплаб нашрлар президенти Зеленский ва Украина Қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужний ўртасида келишмовчилик борлиги ҳақида ёзиб келади. Ғарб нашрларига кўра, Зеленский гўёки Залужний машҳур бўлиб кетаётганига ғайирлик қилмоқда. Бош қўмондон The Economist нашрига интервю бериб, фронтдаги ҳолат боши берк кўчага кириб қолганини айтгани эса Зеленскийнинг жаҳлини чиқарган.

Матбуот анжумани давомида Зеленскийдан мамлакат қарши ҳужумдаги муваффақиятсизликдан кейин стратегияни ўзгартирадими, деб сўрашди. Шунингдек, ҳарбий раҳбариятда ўзгариш бўлиши мумкинми, деган мазуманда савол ҳам берилди.

«Конституцияга кўра стратегияни ўзгартирмаслик керак, бу бизнинг ҳудудимиз», деди Зеленский. Унинг айтишича, тактикани 2023 йилги ҳаракатлар таҳлил қилингач ўзгартириш мумкин. Саволнинг ҳарбий раҳбарият истеъфоси ҳақидаги жойига эса президент жавоб қайтармади.

«Бу мавзуни титкилашдан нима маъно бор? Мен Залужний билан ишчи муносабатдаман, у бош штабдаги бошқа қўмондонлар каби жанг майдонидаги вазият учун жавоб бериши керак», деди Украина президенти.

Анжуман давомида қандай Зеленскийни кўрдик?

Святослав Хоменко, BBC'нинг Киевдаги мухбири

Бу сиз-у биз билган Зеленский эди, янгича кимдир эмас. Унга ҳамон мамлакатнинг халқаро алоқалари ҳақида гапириш ёқади, ички масалалар ҳақида эмас. Ички масалалар билан шуғулланишга вақти жуда камлик қилаётгани, уларни ҳукумат, ҳарбийлар ва яна бошқалар ҳал қилишини айтди. Унинг иши етакчи бўлиш, Украинани халқаро майдонда намойиш қилиш ва урушиш.

Аммо у полшалик журналистнинг қўшни давлат билан муносабатлари ҳақида берган саволига куйиниб жавоб берди, узоқ ва деталларгача тўхталиб гапирди. АҚШдаги президентлик сайловида Трамп ғалаба қозонса, у Украина учун ёмон бўлади деб ўйлашини ҳам яшириб ўтирмади.

Умуман олганда, бу ҳамма биладиган Зеленский эди. У ҳатто ҳазиллашишга ҳам ҳаракат қилди. Аммо тоза инсоний томондан қаралса, у жуда чарчагани кўриниб турарди.

Мавзуга оид